Фаластин: ”Қуддусда элчихонасини очадиган давлатлар билан алоқаларни узамиз”

0
1143
Фото: MUHAMMED HAMED / REUTERS

Фаластин ўзининг Исроилдаги элчихонасини Қуддусда очадиган ҳар қандай давлат билан алоқаларни узишини айтиб, бошқа мамлакатларни огоҳлантирди. Косова ва Сербия давлатлари Қуддусни Исроил пойтахти сифатида тан олиб, яқин келажакда ўзларининг элчихоналарини ушбу шаҳарда очмоқчи эканликларини эълон қилишганди.

«Фаластин ўз элчихонасини Қуддусга кўчирадиган ёки бу шаҳарда янги элчихона очадиган ҳар қандай давлат билан алоқаларини узади. Биз барча давлатларни халқаро қонунларга, шу жумладан, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 478 ва 2334-сонли қарорларига риоя қилишга чақирамиз. Халқаро қонунларни бузиш бирор давлатнинг кучлилигини эмас, балки кучсизлигини кўрсатади. Исроилнинг шарқий Қуддусни қўшиб олиши халқаро қонунларнинг очиқ ойдин бузилишидир. Ўзгалар ҳудудини бундай ноқонуний тарзда қўшиб олинишини тан олиш нафақат халқаро қонунларни қўпол равишда бузиш, балки БМТ устави ва тегишли қарорларига умуман ҳурматсизликдир. Халқаро қонунлар бошқа давлатларнинг ҳудудини зўрлик билан босиб олишни терроризмнинг энг юқори шакли деб белгилаб қўйган. Ёлғонларни ва шантаж қилишни бас қилинг. Ҳеч қайси давлат Исроилнинг Қуддусдаги аҳоли пунктларини қўшиб олишини нормаллаштира олмайди” деди 13 сентябрь якшанба куни Фаластин озодлик ҳаракатининг Ижроия қўмитаси бош котиби Саеб Эрекат.

Исроил 1967 йилги урушдан сўнг шарқий Қуддусни ўз ҳудудига қўшиб олган ва 1980 йилда бу ҳаракатларини расмийлаштирганди. Дунё ҳамжамияти ушбу аннексияни рад этди ва Қуддусни Исроил пойтахти сифатида тан олишдан бош тортди.

Лекин, АҚШ 2017 йилда Қуддусни Исроилнинг пойтахти деб тан олди ва ўз элчихонасини 2018 йилда бу ерга кўчирди. Шундан кейин АҚШнинг бу ҳаракатларига эргашган ягона мамлакат Гватемала бўлиб, у ҳам Қуддусда элчихонасини очди. Гондурас ўз элчихонасини Қуддусга кўчиришга ваъда берган, аммо ҳанузгача уни бажармаган.

АҚШ президенти Дональд Трамп бошқа мамлакатларни ҳам ўз элчихоналарини Қуддусга кўчиришга ундаб келмоқда. Сербия ва Косованинг Қуддусда элчихона очиш қарорини ҳам айнан Трамп эълон қилган. Яқинда БАА ва Баҳрайннинг Исроил билан алоқаларни тиклаш бўйича шартномалари ҳам Оқ Уйда имзоланди.

 

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг