Эронда “коронавируснинг учинчи тўлқини” сабаб мактаб ва масжидлар ёпилади

0
1261
Фото: AFP

4 ноябрдан бошлаб Эроннинг 31 та провинциясидан 25 тасида масжидлар, мактаблар, университетлар, гўзаллик салонлари, кафелар, спорт заллари, музейлар, кинотеатрлар ва сузиш ҳавзалари ёпилади. Ушбу чеклов 10 кун давом этиши белгиланди.

Пойтахт Теҳронда эса гўзаллик салонлари, кинохоналар, чойхоналар, кутубхоналар ва фитнес клубларининг фаолиятига қўйилган чеклов яна бир ҳафтага узайтирилган. Шунингдек, полиция одам гавжум бўладиган бир қанча тадбиркорлик жойларини текширади ва карантин қоидаларини бузганларнинг фаолияти тўхтатилади. Теҳронда тўй ва мотам маросимлари, конференцияларни ўтказиш тақиқланган.

Эрон ҳукумати сўнгги пайтларда коронавирусга чалинганларнинг кўпайиб кетишига одамларнинг карантин чекловларига эътиборсизлик қилаётганларини сабаб қилиб кўрсатмоқда. Эронга илк бор февраль ойида коронавирус кириб келган ва ўшанда ҳам вирус тарқалишини камайтириш жуда қийин кечганди. Бугунги кунда Эрон Ўрта Шарқда коронавирус энг кўп тарқалган мамлакатга айланган.

Бу мамлакатда сентябрдан бери CОVID-19 ни юқтириб олганлар сони кескин кўтарилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котибаси Сима Садат Ларининг шанба куни берган маълумотига кўра, мамлакатда ўтган сутка давомида коронавирусга чалинганлар сони 7820 нафарга кўпайиб, умумий ҳисобда 661 772 нафарга етган. Шунингдек, вирус қурбонлари ҳам 386 нафарга кўпайган бўлиб, айни пайтда 34 864 нафарни ташкил қилмоқда.

Лекин, кўпчилик таҳлилчиларнинг айтишича, вирусга чалинганлар ва ундан вафот этганлар сони ушбу статистикадан анча кўп.

“Коронавирус борасидаги сонлар ҳукумат эълон қилган рақамлардан анча юқори. Бу фарқ, айниқса, пойтахт Теҳронда билинади” деб ёзди Этемад газетаси шанба куни.

Айни пайтда тиббиёт соҳасидаги мутахассислар бутун мамлакат бўйлаб локдаун эълон қилиш кераклигини таъкидлашмоқда. Аммо, президент Ҳасан Руҳоний бу талабларни рад этган. Чунки, ўзи шундоқ ҳам АҚШ санкциялари сабаб оғир аҳволга тушиб қолган Эрон иқтисоди ушбу ҳолатга дош беролмаслиги мумкин.

“Бутун мамлакат, ёки, вирус хавфи юқори бўлган шаҳарлар икки ё уч ҳафтага бутунлай карантинга ёпилиши керак” дейди Масиҳ Данишвари номли ўпка касалликлари шифохонасининг вирусология бўлими бошлиғи Алиризо Нажи.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг