ЕОИИ жуда бўлмаганда 10 йил яшай оладими?

0
2379
Фото: https://t.me/platformauzb

Кеча Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг якуний қарори қабул қилинди. Депутатлар мамлакатимизнинг Иттифоқда “кузатувчи давлат” мақомида иштирок этишини мақсадга мувофиқ, деб топди. 132 депутатдан 86 нафари ёқлаб, 32 нафари қарши, 14 нафари эса бетараф овоз берди…

Биласиз, Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан интеграциялашуви масаласи бундан олдин ҳам кенг муҳокама этилаётганди. Шубҳасиз, мазкур тенденция бундан кейин ҳам сақланиб қолади. Уларда ўртага қўйиладиган саволлар эса деярли бир хил: “Бундан нима фойда?”, “Зарар кўриладими?”, “Яхши томонлари қандай, ёмон томонлари-чи?”.. Айнан шу призмада нафақат экспертлар, кенг жамоатчилик, сиёсатчилар, балки оддий одамлар ҳам ўз фикрини билдираётгани эътиборга лойиқ. Ким қайси тарафни қўллаб-қувватлайди, бу — унинг ҳуқуқи. Бизнинг вазифа эса ана шу хилма-хил қарашлар ҳақида сизларни бохабар қилиб бориш.

Шулардан бири “Буюк шахмат тахтаси” бестселлери муаллифи, АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Збигнев Бжезинскийдир. У анча олдин берган интервьюларидан бирида ЕОИИнинг умри ҳатто 10 йилга ҳам етмаслигига мутлақо ишончи комил эканлигини билдирганди.

“Евроосиё иқтисодий иттифоқи 10-20 йил яшашига шубҳам бор. Айниқса, мазкур ташкилот мавжуд бўлган пайтда унинг етакчилари таркиби ўз дунёқарашини ўзгартирар экан, бунинг эҳтимоли ошади. Россия Европанинг ғарбий қисми билан муносабатларини нормаллаштириш бўйича юксалишга эришадиган бўлса ва Россия якунда Евроосиё эмас, Европа мамлакати, деб тан олинса, ЕОИИ умуман кераксиз тузилмага айланади. Евроосиё иқтисодий иттифоқи — бу реаллик билан умуман алоқаси бўлмаган ностальгия, яъни қўмсовдир ва “янги Россия империясини қуришга қаратилган ҳар қандай саъй-ҳаракатлар қаршилик билан кутиб олинади”.

На қозоқлар, на украинлар, на беларуслар қайта туғиладиган империя таркибида яна қарамга айланишни исташмайди. Шу боис ҳам собиқ совет республикалари ва, биринчи навбатда, миллий элиталар ягона етакчи ҳукмронлиги остидаги янги тузилмага қаршилик кўрсатишади. Мазкур қаршилик Россияга бундан кейин ҳам замонавий, муваффақиятли, демократик ва келгусида ҳатто Европа давлатига айланишига халақит беради. Ваҳолонки, Россия — Европанинг бир қисмидир”, – дея қайд этиб ўтади Бжезинский.

Аслида ҳам ЕОИИнинг истиқболлари борган сари ноаниқ бўлиб бораётгани ҳақида биринчи марта гапирилаётгани йўқ. Ва Евроосиё интеграцияси атрофида юзага келган умумий салбий фонни пайқаш мумкин эмас. Таҳлилчилар келтирган рақамларга кўра, ЕОИИ нафақат Иттифоқ ичидаги савдога туртки бериш борасидаги умидларни оқламади, балки унинг яратилиши бошиданоқ иқтисодий алоқаларнинг олдинги манзаралари бузилишига ҳам олиб келди.

Биргина Қозоғистонни олиб кўрайлик. Ушбу давлат 2016 йилда ЕОИИ мамлакатларига 3,9 млрд. долларлик товарлар ва маҳсулотлар экспорт қилди. Бу 2015 йилдагига нисбатан 23,5 фоиз камдир. Қозоғистонга импорт ҳажми ҳам 13,7 фоизгача қисқариб, 9,7 млрд. долларга тушиб қолди. Унинг ЕОИИ давлатлари билан товар айланмаси ҳам камайиб кетди. Умуман олганда, ЕОИИнинг импорти ҳамон экспорт ҳажмидан зиёд. Бу ҳам кўп нарсани англатади. “Finprom” ахборот-таҳлил маркази экспертларининг қайд этишича, бугунги кунда Қозоғистонда Евроосиё иқтисодий иттифоқига нисбатан қизиқиш йўқолиб боряпти.

Маълумки, ушбу Иттифоқ бошида фақат иқтисодий мақсадларни кўзлаб тузилган эди. Аммо бу борадаги йўналишини кўпроқ сиёсий томонга бураётган расмий Москвага тузилманинг тўлиқ амалий иқтисодий фаолияти умуман тўғри келмаётгандек таассурот қолдиради. Бу эса ЕОИИ Россиянинг геополитик лойиҳаси, деган қарашларни янада жонлантириб юбормоқда. Айнан мазкур интеграцияга бир давлат томонидан сиёсий дастакларнинг олиб киришга қаратилган мотивациялар эса унинг бошқа аъзоларининг суверен хоҳиш-истаклари ва иродасига мутлақо мос келмайди.

“Европа қадрияти” тушунчаси улкан Европа қитъасида ўзаро кооперация учун асос бўлиб хизмат қилади. Бу совет ўтмишининг ҳамон сақланиб қолаётган шубҳали ниятларини амалга ошириш ва мозаикаларни яхлит ҳолатга келтириш билан боғлиқ қолдиқ қарашлар билан боғланаётган ЕОИИга мутлақо қарама-қарши нуқтаи-назардир.

Нега дейсизми?

Европа Иттифоқи барча зиддиятлар, ЕИдан Буюк Британиянинг чиқиши ва сўл популистларнинг доимий босимига қарамасдан ҳамон муваффақиятли фаолият юритаётган интеграция лойиҳаси бўлиб қоляпти. ЕОИИнинг нафақат бугуни, балки келажаги ҳам янада туманлашиб бормоқда. Ўйлашимизча, бу ерда умумий қадриятлар ва нуқтаи-назарлар охирги эмас, балки асосий ролни ўйнамоқда. Бинобарин, юқорида айтиб ўтганимиздек, нима бўлишидан қатъи назар “Европа қадрияти” тушунчаси нафақат яшамоқда, балки бепоён Европа қитъасида ўзаро ҳамкорлик пойдевори бўлиб қолаверади.

Россиянинг ўзида ҳам янги авлод мамлакати архаик йўлни эмас, балки замонавий ва тараққиёт йўлини танлаши тарафдори эканлигини намоён этяпти. Буни улар ижтимоий тармоқларда билдираётган фикрлари, вақти-вақти билан бўлиб турган норозилик акциялари ҳам тасдиқлаб турибди.

Шунинг учун ҳам Бжезинскийнинг ЕОИИ, биринчи навбатда, изоляциядан чиқиб, Европанинг илғор давлатлари билан интеграцияга киришишни бошлагандан сўнг, Россиянинг ўзига керак бўлмай қолиши ҳақида гапирганда мутлақо ҳақ эди. Бугунги кунда бундай ўзгариш фантастикадек туюлиши мумкин. Аммо юқорида айтиб ўтганимиздек, Россияда шаклланиб келаётган ёш авлод дунёқараши ушбу келажакни яқинлаштирадигандек туюлади.

Зеро, қадриятлар бирлиги масаласи ҳеч қачон кун тартибидан тушмайди. Фақат Евроосиё маконида ўзаро савдо айланмаси рақамлари, иқтисодий ҳамкорлик ўсишидан-да муҳимроқ бўлган ва иштирокчиларини бир мақсад йўлида жипслаштира оладиган қарашлар йиғиндисини яратиш керак. Бу худди самимий халқлар дўстлиги, умумий Ғалаба деган тушунчаларга ўхшаб кетади.

Бироқ яна шуни тан олиш керакки, бугун инсоният Марсга учишни орзу қилаётган, теслалар, безослар, гейтслар, дуровларнинг ахборот технологияларига асосланган дунёсида юқоридаги қадриятларнинг қадри қандай бўлар экан? Балки ҳозирги пандемия ҳамжиҳатлик, саховат, яхшилик деган фазилатлар ҳамон сақланиб қолганини кўрсатгандир? Лекин қачонгача? Бу ҳам масала.

Ҳозирги дунёда мансабдорларнинг табарруклиги, барқарорлиги ва фақат уларгина яхши яшаш ҳуқуқига эга деган машҳур аксиомалар ҳам ЕОИИ жамиятлари томонидан борган сари кўпроқ шубҳа остига олиняпти. Коррупцияга қарши курашиш бўйча кескин чоралар кўрилиши кераклиги ҳақидаги фуқаролар талаблари кўпайиб бораётгани шундан далолат беради.

Улардаги ёшлар ЕИ билан интеграция муваффақиятини мустақил судлар, чегаралар очиқлиги (карантинда олдин ва кейинги давр назарда тутиляпти), илғор бозорлар ва нафақат юқори мансабдор шахслар, балки оддий одамлар учун мақбул ҳаёт мавжудлигида кўришади ҳамда бу борадаги манзаралар ўз мамлакатларидан қанчалик фарқ қилишини яхши англашади.

Шу маънода, Евроосиё майдонида сўз эркинлиги, қонун, фуқаролик институтлари устуворлиги, суд тизими мустақиллиги, коррупцияга қарши курашиш шаффолиги, том маънода, қарор топсагина худди Европадагидек келажак яратилиши мумкин.

“ЕОИИнинг асосий мақсади эса минтақада Россиянинг таъсирини расман мустаҳкамлаб олишдир, — деб ёзади “Economist” журналида публицист Алекс Най. — Ушбу блокдан чиқишга бўлган ҳар қандай уриниш тўғридан-тўғри Россия манфаатларига чақириқ, деб қабул қилинади ва Кремль бунга дипломатик, иқтисодий ва ҳатто ҳарбий босим билан жавоб бериши мумкин.

Унинг аъзолари бўлган Беларусь ва Арманистон учун ташқи савдосини оширишда ЕИ билан алоқаларни кенгайтириши реал имконият ҳисобланади. Қирғизистон ва Қозоғистон иқтисодиёти келажаги эса Россиядан кўра кўпроқ Хитойга боғлиқ. Қолаверса, мазкур давлатлар дунё бозорлари билан алоқаларни ривожлантириш устувор мақсади деб билади. Шунинг учун келажакда ЕОИИ аъзолиги билан боғлиқ чекловлар уларга янада кўпроқ халақит бера бошлайди.

ЕОИИда ҳам Буюк Британия ЕИдан чиқиб кетиши билан боғлиқ ҳолат кузатилиши мумкинми? Унинг аъзолари бунинг геосиёсий оқибатларини ўйлаган ҳолда якка ҳолда бу ишни қилмайди, балки биргалашиб Иттифоқ қоидаларини писанд этмай ёки рад қилиб, блокдан чиқиб кетиш сценарийси ҳақиқатга яқинроқ. Аммо бу юридик соҳа ҳамда норматив базада жиддий ноаниқликларни келтириб чиқаради ва бу бизнесни аниқ йўлда ривожлантиришни янада қийинлаштиради.

Бу борада яқин истиқболдаги энг катта муаммо эса мигрантлар билан боғлиқ. Россиянинг демографик келажагидан келиб чиқиладиган бўлса, у агар меҳнатга лаёқатли аҳоли сони қисқаришини бартараф этишни истаса, яқин ўн йиллар давомида меҳнат муҳожирлари сонини ошириши керак. Уларнинг асосий қисми эса ЕОИИнинг бошқа мамлакатларидан келади. Аммо Марказий Осиё ва Кавказдан мигрантларнинг катта оқими жамиятда кескинликни ошириши мумкин. Бу ҳолда ЕОИИга катта таҳдид Россиянинг ўзида пайдо бўлади».

 

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг