Чойгумда қайнамайдиган сув

0
1505
Рассом Индира Турсиметова томонидан материал асосида махсус чизилди.

Ёхуд мактаблардаги дарс жадвали ҳақида

Агар чойгумга сув тўлдириб, ўн дақиқа давомида газ плитаси устида ушлаб турилса, ундаги сув қайнаб чиқиши мумкин. Аммо, худди шундай тўртта сув тўлдирилган чойгумни, битта газ плитасидаги оловга тутиб, ҳар дақиқа ўрнини алмаштириб турилса чойгумдаги сувни қайнатиб бўладими?.

Албатта, йўқ!

Чунки, сув қайнаб чиқиши учун, чойгум оловда узлуксиз туриши керак. Ҳали исишга улгурмаган чойгумдаги сувни оловдан ажратиб олсангиз, албатта ҳарорти тушиб кетади ва яна аввалги холатига келиб қолаверади. Натижада, ҳеч қачон сувни қайнатиб олишга мувоффақ бўлинмайди. Бундай самарасиз ҳаракатлардан вақт ва қувватнинг беҳудага исроф қилингани қолади холос.

 

Рассом: Индира Турсуметова

Келтириб ўтилган ушбу мисолни, ҳозирги умумтаълим мактабларидаги мавжуд фан предметлари кесимида тузиладиган дарс жадваллари билан қиёслашга ҳаракат қилиб кўринг. Улардаги мантиқий ўхшашлик яққол кўзга ташланади.

В школах Узбекистана отменяются бумажные дневники
Фото: www.xabar.uz

Умумтаълим мактабларидаги дарс жадвалларида ҳам акс этган, бир ҳафта давомида ўтиладиган дарсларнинг хилма-хиллигига диққат билан аҳамият бериб қаранг. Масалан, душанба куни эрталабдан дарсга келган боланинг биринчи соати жисмоний тарбия, иккинчиси математика, учинчиси она тили, тўртинчиси география, бешинчиси чет тили, олтинчи соати кимё бўлса. Жисмоний тарбиядан, жисмонан  чарчаб чиққан бола иккинчи соат математика дарсига киради. Математикадан ақлан чарчаб чиқиб, учинчи соат она тили дарсига киради. Она тилидан тил қоидаси билан боғлиқ машқлар устида ишлаб бўлгач, тўртинчи соат география фанига киради. География ўқитувчисининг маърузаларини тинглаб, бешинчи соат чет тили фанига киради. Ажнабий сўзлар билан танишиб, унинг устига яна аввалги ўтилганларини такрорлаб бўлгач, олтинчи соатда кимё фани дарсига киради. Шу жараённи бошидан кечирган ўқувчи бир кунлик олган билимларини мурғақ онгида таҳлил қилиб ола оладими?

Рассом: Индира Турсиметова

Олти соатли дарслар оралиғидаги 5 дақиқалик қисқа танаффус ва орада 15 дақиқалик катта танаффусни ҳисобга олмаса, ўқувчининг мияси 6 та фандан ўтилган дарсларни эслаб қолиши талаб этилади. Қолаверса, ҳар бир дарсдан сўнг ўқитувчилар томонидан уларга уйга вазифалар ҳам берилади. Агар уйга берилган вазифалар бажарилмаса билимларни ўзлаштириш паст баҳоланади.

Бу фақатгина бир кунлик дарс машғулотлари халос. Агар бутун ҳафта давомида ўқувчи яна шундай тартибда камида 10-15 хил фанлардан дарс машғулотларида қатнашиб бориши ва ҳар бир фан бўйича уйга вазифаларни бажариши шарт эканини ўйлаб кўрсак қанадай бўлади?.

Машғулотлар орасида ўқувчининг билим, малака ва кўникмаларни қанчалик ўзлаштирганини аниқлаш ва баҳолаш учун ўқитувчилар айримларидан ўтган дарслари ҳақида сўраб ҳам туради.

Ихтисослаштирилган ёки маълум соҳага йўналтирилган махсус мактабларни инобатга олмаганда, бугун миллатимиз фарзандлари бошланғич ва ўрта таълимни собиқ Иттифоқ давридан мерос бўлиб қолган  эскича услубдаги дарс жадваллари асосида иш юритадиган умумтаълим мактабларидан олишга мажбур.

Ўзбекистондаги умумтаълим мактаблари ва умуман таълим тизимидаги муаммолар ҳақида гапираётган ва ёзаётганларнинг мулоҳазалари, илмий-тадқиқот олиб бораётган олимларнинг илмий ишларини, ислоҳотларни амалга ошираётганларнинг ҳисоботларини ҳам кузатишингиз мумкин. Уларда тизимдаги мавжуд турли хил долзарб муаммолар кўтарилади. Жумладан, улар орасида таълим технологиялари билан боғлиқ муаммоларнинг муҳокамасига ҳам гоҳида кўзингиз тушиб қолади. Бироқ, дарс жадвалларини тузиб чиқишда мутахассислар қайси мезонларга ёки илмий-тадқиқот ва тажрибаларга асосланганлиги ҳақида маълумотларни топишнинг иложи бўлмагач, бу масалани кўтариш лозим топилди.

Балки, дарс жадвали билан боғлиқ масала таълим соҳаси вакиллари орасида муҳокама қилингандир, ҳар ҳолда оммага эълон қилинган бирор бир материал ҳали матбуотда ёки, ижтимоий тармоқларда учрамади.

Албатта, бу ҳақида батафсил маълумот олиш учун, халқ таълими вазирлигининг тегишли ташкилотларига мурожаат қилинса бўлади. Ўз навбатида, улар томонидан бериладиган жавобни ҳам тахмин қилиш қийин эмас. Катта эҳтимол билан, мутасаддилардан фанларнинг бундай тартибда тақсимланган дарс жадвали ҳар томонлама илмий асосланганлиги ва тажрибалардан ўтиб, тасдиқланган меъёрларга мувофиқ амалга оширилиши ҳақидаги жавобини оласиз. Хуллас, бекорга вақтингиз кетгани қолади. Ҳафсалангиз пир бўлиб, сизни қийнаётган оддий мантиқий саволга жавоб излашда давом этасиз.

Балки мутасаддиларга бермоқчи бўлган мантиқий саволлар мазмуни бошқаларга ҳам қизиқ бўлар ёки жамоатчилик орасида эътирозлар бўлар, ҳатто илмий жиҳатдан асосланган қандайдир материаллар билан танишишга эришармиз, ҳар ҳолда дастлаб оддий истеъмолчи фуқарода юзага келган қуйидаги саволларга бериладиган жавоблар кўпчиликни бефарқ қолдирмаслиги мумкин:

Тасаввур қилинг, фикрини жамлашни эндигина ўрганаётган битта болага ўртача 4-5 соат ичида бир нечта соҳага оид фанлардан берилган маълумотларни эсида сақлаб қолиш оғирлик қилмайдими? Ахир фикрини жамлай оладиган кап катта одам учун ҳам бундай тарзда маълумотларни эслаб қолиш мураккаблик қиладику!

– Болаларнинг эслаб қолиш зеҳнияти ўткир бўлади, деган тушунчага асосланиб, бир-биридан тубдан фарқ қилувчи йўналишларда билимларни бирданига юклаб қўйиш, миянинг асаб толаларига салбий таъсир кўрсатмайдими?

– Агар шундай дарс жадвали асосида билим бериш самарали бўлса, нима учун худди шундай жадвал асосида ихтисослашган мактабларда қўлланилмайди? Бу ерда болаларни хуқуқи поймол бўлмаяптими? Яъни, умумтаълим мактабларига нисбатан ёндашув бошқача-ю, ихтисослашган мактабларга ёндашув бошқача бўлиб, ўзаро билим бериш сифати бўйича ажратиш бўлмаяптими?

– Соҳа мутахассислари ёки вакиллари бундай тартибдаги дарс жадвалларини самарали, дея ҳисоблашадиган бўлишса, унда нима учун шу дарс жадвали асосида ўтилган фан предметларини кейинчалик ота-оналар алоҳида репититор ёллаб, қайта ўқитишмоқда? Айниқса, олий таълим муассасаларига киришларидан камида бир йил аввал репититорга қатнаши аънанага айланиб қолгани факт эмасми?

– Худди ихтисослаштирилган махсус мактаблардаги каби бир-бирига яқин бўлган фанларни бир хафта давомида ўтиш нима учун мумкин эмас?

Саволларга берилган жавобларга қараб, қўшимча саволлар юзага келиши мумкин. Ҳатто бу масала жиддий ва кенг баҳс-мунозараларни келтириб чиқариши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Чунки, бу саволлар халқнинг маърифати ёки жамиятнинг келажак тақдири билан бевосита боғлиқ масалани ўртага чиқаради. Демак, конструктив баҳс-муносазаралар кенгроқ доираларда, жамоатчилик иштирокида бўлиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Бизни эса, қайнатишни иложиси бўлмаган чойгумдаги сув каби, бугунги фарзандларимиз фан предметларини ўзлаштириши мураккаб бўлган ва самараси шубҳа уйғотаёган дарс жадвали хавотирга солмоқда.

Айнан шу хавотирли саволларга мутасаддилар билан бир қаторда, таълим тизими вакиллари, мутахассислари  томонидан жавоблар берилар ва фикр-мулоҳазалар билдирилар, дея умид қилиб қоламиз.

Илҳомиддин Алимов

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг