Бу йилги Ҳаж ибодати қолдирилиши мумкин. Тарихда бундай ҳолатлар бўлганми?

0
2496
Фото: Bandar Aldandani / AFP

Ҳар йили миллионлаб мусулмонлар Ислом пайдо бўлган Саудия Арабистонига бориб хаж амалини адо этадилар. Бу йил коронавирус пандемияси туфайли бу ибодат тўхтатиб туриладими?

Бу савол дунё бўйлаб миллионлаб мусулмонлар сўраётган энг долзарб масала бўлмоқда. Саудия Арабистони амалдорлари мусулмонлардан июль ойининг охирида бошланиши керак бўлган Ҳажга боришни режа қилишдан олдин кутиб туришни сўрашган.

«Биз дунё бўйлаб мусулмон биродарларимиздан Ҳаж режасини тузишдан олдин вирус ҳақида кўпроқ маълумот олингунча кутиб туришларини сўрадик. Биз учун энг муҳими зиёратчиларнинг хавфсизлиги ва соғлигидир», деди Ҳаж ва Умра ишлари бўйича вазир доктор Муҳаммад Солиҳ бин Тоҳир Бантен.

Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазирлиги Макка ва Мадинада CОVID-19 инфекциясининг тарқалишини назорат қилиш учун барча эҳтиёт чораларини кўрди. Шу пайтгача иккита муқаддас шаҳарда жами 480 дан ортиқ касалланганлар қайд этилган.

Ўтган ойда Қироллик Умра зиёратини вақтинча тўхтатиб қўйди, барча халқаро йўловчи рейслар номаълум муддатга қолдирилди ва бир қанча шаҳарларга кириш ва чиқишни тўсиб қўйилди. Айни дамда Саудия Арабистонида 2,000 дан ортиқ киши CОVID-19 билан касалланган ва 25 киши вафот этган.

Ушбу ҳолатда Ҳажни тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилиниши деярли ҳақиқатга яқин. Тарихий фактларга назар солсак, Ҳаж ибодати асрлар давомида Ҳаж маъмуриятига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар туфайли бир неча маротаба тўхтаб қолган.

Қирол Абдулазиз Тадқиқотлар ва Архивлар Фонди (Дараҳ) томонидан эълон қилинган хабарга кўра, Ҳаж биринчи марта милодий 930 йилда, Карматияликлар Ҳажнинг саккизинчи куни зиёратчиларга ҳужум қилганида тўхтаб қолган. Улар Аббосийлар халифалигига қарши исён кўтарган Севенер Исмоилий шиа исломининг тармоғи бўлган.

Дараҳ хабарига кўра, ушбу қонли ҳужум туфайли яна 10 йил давомида хаж қилинмади.

Ҳажнинг навбатдаги тўхтаб қолиши милоднинг 968 йилида юз берди, дейилади хабарда Ибн Касирнинг «Ал-Бидая вал-Ниҳая» китобида. Унда айтилишича, Макка ичида касаллик тарқалиб, кўплаб зиёратчилар ҳаётига зомин бўлди.

Айни шу пайтда, зиёратчиларни Маккага олиб боришда ишлатилган туялар сув етишмаслиги туфайли ўлди.

«Дарҳақиқат Маккага етиб борган туяларнинг кўплари худди шу сабаб билан Ҳаждан кейин узоқ умр кўрмади», дейилади Дараҳ хабарида.

Ўша даврда Маккага Ҳаж қилиш учун келадиганларнинг кўпчилиги мисрликлар эди. Аммо, милодий 1000 йилда улар Арабистондаги нарх юқори бўлгани сабабли Ҳажга боришга қодир бўлмадилар.

Бундан тахминан 29 йил ўтгач, Ҳажга шарқдан ва Мисрдан зиёратчилар кела олишмади. 1030 йилда бир неча ироқлик зиёратчиларгина Маккага ҳажга бора олганлар холос.

Тўққиз йил ўтгач, Ироқ, Миср, Ўрта Осиё ва Шимолий Арабистонлик мусулмонлар хам ибодатни амалга оширолмадилар. Қирол Абдулазиз университетининг тарих бўлими бошлиғи доктор Эмад Таҳернинг айтишича, бунинг сабаби шу даврдаги сиёсий тартибсизликлар ва мазҳаблараро зиддиятлар бўлган.

1099 йилда ҳам бутун мусулмон оламида урушлар натижасида юзага келган қўрқув ва хавф-хатар туфайли ҳеч ким Ҳаж қилмаган.

13-асрда Ҳаж йўли яна тўсилди. Дараҳ ҳабарида айтилишича, 1256 ва 1260 йиллар орасида Ҳижоз минтақасидан ташқарида яшовчи бирон бир киши Ҳаж қила олмайди.

Франция раҳбари Наполеон Бонапартнинг Усмонли Турклар салтанатига тегишли бўлган Миср ва Сурия ҳудудларига 1798 йилдан 1801 йилгача бўлган ҳарбий юришлари Маккага олиб борадиган доимий йўлларни зиёратчилар учун хавфли бўлишига олиб келди.

Мисрлик академик ва ёзувчи Хани Насиранинг айтишича, агар дунё бўйлаб CОVID-19 ҳолатлари кўпайиб борса, Ҳажни тўхтатиш тўғрисидаги қарор кутилмаган ҳол бўлмаслиги керак.

«Агар ушбу қарор қабул қилинса, бу оқилона ва Исломий шариатга тўла мос келадиган йўл бўлади. Бунда одамлар ҳаётини ҳимоя қилиш ва сақлаб қолиш мақсад қилинган бўлади” деди у Arab Newsга.

“Муқаддас Қуръонда Оллоҳ таоло айтади: “Ўзингизни ўлдирманг! ”.

Шунингдек, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларини юқумли касалликлардан шундай огоҳлантирганлар:

«Абдулраҳмон ибн Авфдан қилинган ривоятда Пайғамбар Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам айтганларки:

«Агар бирон мамлакатда ўлат тарқаганини эшитсангиз, у ерга кирманг. Агар сиз турган жойда ўлат тарқалса, у ердан чиқманг. ”

Ушбу ҳадис вабодан сақланишнинг муҳимлигини кўрсатиб турибди. ” дейди Насира.

Насиранинг таъкидлашича, CОVID-19 нинг тарқалиши бутун дунё бўйлаб минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлди ва унинг зарари тез орада бартараф этиладиганга ўхшамайди.

«Ҳозирда олимлар вирус ҳақида кам маълумотга эгалар. Унга даво топиш тез орада амалга ошмайди, шунинг учун вазият Ҳажни тўхтатишни талаб қилади. Бу инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш учундир.» деди Насира.

Исломшунос тадқиқотчи Аҳмад Ал-Гамди ҳозирги вазият ҳақида гапирар экан шундай деди:

«Коронавирус касаллиги тарқалиши, сиёсий сабаблар ёки хавфсизлик каби ўта зарурий ҳолларда Ҳаж вақтинча тўхтатилиши мумкин ва бу Ислом таълимотларига зид бўлмайди. Барча нарсага қодир Аллоҳ бизга ўзимизни хавф остига қўймаслигимизни буюрган.»

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг