Reuters агентлигининг 11 июнь куни берган хабарига кўра, БМТ Бош котиби Антонио Гутерреш Хавфсизлик Кенгашига берган хабарида ўтган йили Саудия Арабистонининг нефт базалари ва халқаро аеропортига ҳужумда ишлатилган снарядлар Эронда ишлаб чиқарилганини айтди.
Шунингдек, Гутерреш 2019 йилнинг ноябрь ва февраль ойларида АҚШ томонидан қўлга олинган қуролларнинг баъзи қисмлари ва материаллари ҳам Эронда ясалганлигини маълум қилган. Бош котиб бу қисмлар 2015 йилда Эрон ва дунёнинг етакчи мамлакатлари ўртасида тузилган ядро шартномасига номувофиқ тарзда жўнатилган бўлиши мумкингини ҳам айтиб ўтган.
АҚШ 15 та мамлакат аъзо бўлган БМТ Хавфсизлик Кенгашини Эронга қўйилган ҳарбий савдо таъқиқини узайтиришга ундамоқда. Ушбу таъқиқ шу йилнинг октабрь ойида якунланади. Кенгашнинг вето (бирон бир қарорни рад этиш ҳуқуқи) кучига эга икки мамлакати Россия ва Хитой бу таъқиқнинг узайтирилишига қарши эканликларини билдиришган.
Гутеррешнинг айтишича, БМТ ўтган йили май ойида Саудиянинг Афиф нефт базасига, июнь ва августда Абҳа халқаро аеропортига, сентябрда Aramco нефт базасига қилинган ҳужумларда ишлатилган қуролларнинг қолдиқларини текшириб кўрган.
“Котибиятнинг хулосаларига кўра, тўртта ҳужумда ишлатилган ядро қуроллари ва уларнинг баъзи қисмлари Эронда ишлаб чиқарилган”, дейди у.
Хавфсизлик Кенгаши Гутеррешнинг бу рапортини шу ойнинг охирида муҳокама қилади.