Блогер мулоҳазаси туркумидан.» …айб фақат билмаганлардами?»

0
2097

Энди сайтимиз орақали ижтимоий тармоқларда фаол бўлган блогерларнинг саҳифаларидан, омма учун манзур бўлган блог-постларни эълон қилиб боришга харакат қиламиз. Ушбу туркумда эълон қилинадиган материаллар “Блогер мулоҳазаси туркумидан” деб номланади. 
Блогер томонидан кўтарилган мавзунинг долзарблиги ва масаланинг эътиборга молик эканлиги, уни эълон қилишда асосий мезон бўлиб хизмат қилади.

Ушбу туркумдаги илк блог- пост, Шукуржон Исломовга тегишли. 

Фейсбукка аъзо бўлиб, кўзга кўринган саводхон қатламнинг мулоҳазалари билан илк марта танишаётганимда ҳайрон қолардим: нега булар тилни тоза сақлаш, буюк боболаримиз, пойтахтда пропискадан ўтиш қийинчилиги, спортдаги мағлубиятлар, санъатдаги машмашалар, пайпоққа масҳ тортса бўладими-йўқми, пойтахтнинг орасталиги, туристларни жалб қилиш, ҳайвонларга озор бермаслик, дарахтлар кесилиши муаммолари бўйича тортишаверади?

Бу муаммолар ҳам муҳимлигига шубҳа йўқ, аммо бунга ўхшаш муаммолар кўплаб ривожланган давлатларда ҳам учрашини ҳисобга олсак, жаа, ёниб кетаётган, даҳшатли муаммолар ҳам эмас. 

Мен ҳозир қишлоқ аҳолисига қараб, юрагим орқамга тортиб кетади: ҳақиқатан, электр суткада ўртача 10 соат берилади, ҳатто 3 соат бериладиган олис қишлоқлар бор. 

Сувни ташиб келишади, иссиқ сувни айтмай қўя қолай. Газ бир кун бор, бир кун йўқ, айрим ҳудудлар мутлақо узилган. Овқат учун суюлтирилган газ 45 кунда бир берилади, агар шу ҳам берилса…. 

Қишда исиниш учун ўтин ва тезак ёқади, бахти чопгани тоза кўмир ёқади. Кўзни ачиштирувчи тутун ва эрталабга яқин совиб қолган уйда ғуж бўлиб бир оила қишлайди. Яшаш учун энг-энг бирламчи шарт-шароит бу ҳолатда. Қишнинг аччиқ изғиринида шом пайти ўчоққа қозон илиб тагига тезак ёқаётган аёлни, унинг устида хитой чироғини кўтариб турган болакайни бир тасаввур қилинг. 
Бу ҳозирги ҳолатимиз, ишонаверинг, қишлоқликлар бунга асло ажабланмай қўйган. Шу жойдан яхшироқ жойга кетишга имкони йўқ, пули йўқ, саводи йўқ, ўқимаган. Эплаган шаҳарга ёки хорижга “сураяпти”, хусусан, пойтахтда ўқишни битирганлар қолишга ҳаракат қилиши бекорга эмас. 

Сиз барча муаммолар ўзаро боғлиқ, қишлоқликларниям ўша зиёлилар саодатга элтади ёки элтиш ғояларини билади, дейишингиз мумкин. Аммо ишонаверинг: бу муаммоларнинг олдида, дарахтлар кесилиши ҳам, прописка ҳам, соқол қўйиш ҳам, авлодлар буюк боболаримизни танимаслиги ҳам арзимаган ҳол бўлиб қолади. 

Мана нима учун қишлоқнинг оддий одамлари ҳалиям собиқ советни орзумандлик билан эслайди. Владимир Лениннинг юз йил олдинги ғояларини бу одамлар онгига сингдириш жудаям осон. Бу одамлар “буюк боболаримиз” қабилидаги масалалар ҳақида бош қотирмайди, зотан бош қотиришга вақти йўқ, кун кечириш, турмуш машаққати билан банд!.. Ва улар миллионлаб. 

Маслоу эҳтиёжлар пирамидасидан хабардормисиз? Унга кўра инсон энг аввало бирламчи эҳтиёжлари (қорин тўйдириш, исиниш в.б.) таъминлансагина кейин қандайдир тоифага/қавмга мансублик, ўз-ўзини ҳурмат қилиш каби эҳтиёжларга йўл очилади. Бирламчи эҳтиёжларни таъминламасдан туриб, баландпарвоз эҳтиёжлардан сўз очиш вайронани алюкобонд билан безаш кабидир. 

Бу постимда ўзини бирор бир сиёсий/ижтимоий қарашга мансуб деб ҳисобловчи дўстларимга, уларнинг яшаш жойи ва шароитига нисбатан таъна ёки гина йўқ. Бироқ мамлакатнинг қарийб ярми яшаётган бу шароитдан кўз юмолмаймиз ҳам, агар кўз юмсак оқибати хунук бўлади. Бот-бот эслатиб туриш шарт деб ҳисоблайман. Токи қайсидир марказий хиёбонда кўзни қамаштирувчи шоҳона иншоот қурилиши ҳақида гап бораётганда қоронғида лой ўчоққа тезак тутатаётган қўллари кир аёл ҳам кўз олдимизда турсин.

ХХ асрда бой бериб қўйган миллий давлатчилигимиз ҳақида биласиз. Аниқроғи, бир тўп зиёлилар билади (ва куйиниб эслайди) Миллий элитамиз коммунистларга ютқазишганди. Бир таниқли адибимиз бу ҳолни шарҳлаш асносида “ўрис камбағалга ер беришни ваъда қилган. Шундан кейин ўлар-тириларига қарамасдан ўзиникиларниям янчиб ташлайди-да” деганди. Ер – бу кун кўриш, тирикчилик воситаси эди, ўтган аср бошида… 

Дарвоқе, тарихдан, миллий давлатчилигимиздан гап очдим. Мен собиқ мухторият, босмачилар/истиқлолчилар бешиги бўлган вилоятда яшайман. Уларни юзтадан, балки мингтадан битта одам билади. Ҳатто, ўқиган кишиларимиз ҳам улуғ аждодларимиз тузган бу умри қисқа давлат ҳақида тузук-қуруқ бир нарса айтолмайди. Қани, ҳамма билганда эди.
Аммо, айб фақат билмаганлардами?

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг