АҚШ Ироқдаги ҳарбий миссиясини йил охиригача тўхтатади

0
1026
Фото:reuters.com

АҚШ президенти Жо Байден ва Ироқ Бош вазири Мустафо ал-Казимий АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий миссиясини тўхтатиб туриш тўғрисида битим имзолади. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.

Келишувга кўра, АҚШ расмий равишда Ироқдаги ҳарбий миссиясини шу йил охиригача якунлайди. Бу Америка қўшинлари мамлакатга жойлаштирилганидан 18 йил ўтгач, содир бўлаётган воқеадир.

Таъкидлаш керак, стратегик мулоқот доирасида Оқ уйда Жо Байден ва Мустафо ал-Казимий ўртасида биринчи марта юзма-юз учрашув бўлиб ўтди.

– Ироқдаги миссиямиз давом этади. Биз қўшма машқларни давом эттирамиз, террористик гуруҳларга қарши курашишда ёрдам берамиз ва зарур шарт-шароитларни яратамиз. Аммо, ҳарбий вазифамиз 2021 йил охиригача якунига етади, – деди Байден.

Айни пайтда Ироқда ИШИДга қарши курашаётган икки ярим минг АҚШ аскари бор. Шартнома имзолангандан сўнг, АҚШнинг роли уни ҳимоя қилиш учун Ироқ армиясини тайёрлаш ва қўллаб-қувватлашдан иборат бўлади.

Ироқда қоладиган қўшинлар сони эълон қилинмади. Ироқ ва АҚШнинг қўшма баёнотида соғлиқни сақлаш, энергетика ва бошқа масалалар бўйича келишувлар ҳам маълум қилинган.

Айтганча, АҚШ CОVАХ дастури асосида Ироққа беш юз минг Pfizer / BioNTech вакциналарини етказиб беришни режалаштирмоқда. Шунингдек, АҚШ октябрь ойида БМТнинг Ироқдаги сайловларни кузатиш миссиясини молиялаштириш учун 5,2 миллион доллар маблағ ажратади.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг