АҚШ разведка агентликлари Россиянинг душманлик ҳаракатлари бўйича терговни якунлашга яқин турибди, натижада янги санкциялар қўлланилади. Бу ҳақида якшанба куни CННга берган интервьюсида АҚШ Давлат департаменти раҳбари Энтони Блинкен айтиб ўтди.
“Биз ҳамма жойда Россия тажовузкорлигининг турли хил мисолларини кўрамиз. СоларВиндс орқали қилинган киберҳужумни, сайловларга аралашиш, Алексей Навальнийни ўлдириш учун кимёвий қуролдан фойдаланишни кўриб чиқишни якунлаймиз. Аллақачон бу ҳақда гапирган эдик ва бу борада чоралар кўрдик”, – деди Блинкен.
Унинг таъкидлашича, Вашингтон янги санкцияларнинг вақтини эълон қилмайди. «Президентимиз аниқ айтганидек, биз керакли пайтда керакли чораларни кўрамиз. Аммо Россия ва бошқа қийинчилик туғдирадиган мамлакатлар ҳақида гап кетганда, биз буни мувофиқлаштирилган ҳолда амалга ошира олсак самарали бўлади», – деди Блинкен.
АҚШ, Давлат департаменти раҳбарининг сўзларига кўра, Европанинг Россияга қарамлигини оширадиган «ёмон битим» деб ҳисобланган «Шимолий оқим 2» газ қувури лойиҳасига нисбатан санкциялар босимини оширишда давом этади.
Блинкеннинг таъкидлашича, АҚШ ва Германиянинг «ушбу қувур линияси бўйича келишмовчиликлари» икки иттифоқчи ўртасидаги мустаҳкам муносабатларни ўзгартирмайди.
АҚШ Россия билан музокара олиб бориш имкониятини кўрадиган бир нечта соҳалардан бири бу ядро қуроли масаласидир. Феврал ойида Москва ва Вашингтон яқинидаги ядро каллаклари сонини чеклайдиган Стратегик қуролларни қисқартириш тўғрисидаги битим беш йилга узайтирилди.
«Стратегик барқарорлик деб аталадиган соҳада биз биргаликда ишлаш йўлларини топишимиз мумкин бўлган бошқа соҳалар мавжуд, чунки бу бизнинг умумий манфаатларимизга жавоб беради. Аммо улар ҳақиқатан ҳам Россия олдида турган муаммоларни аниқ тушунишдан бошланади ”, – деди Блинкен.