Афғонистондаги сув тошқинларида камида 46 киши ҳалок бўлди

0
1168
Фото: AFP

Афғонистоннинг Парвон провинциясида кучли ёмғирлар сабаб юзага келган сув тошқинлари оқибатида камида 46 киши ҳалок бўлди ва юзлаб уйлар вайронага айланди. Бу ҳақда 26 август куни ҳукумат расмийлари хабар беришди.

Парвон провинциясининг маркази ҳисобланувчи Чорикорда туни билан кучли ёмғир ёғган. Ҳозирда бу ҳудудда вайрон бўлган уйларда қолиб кетган одамларни қутқариш ишлари давом этмоқда. Ижтимоий тармоқларда тарқалган суратларда лойқа сув билан тўлган кўчаларда машиналар ва араваларнинг сузиб юрганини кўриш мумкин.

“Бизнинг маҳалламизда иккита оила ҳамон харобалар ичида туришибди. Бизга кўпроқ қутқрувчилар керак” дейди Чорикорда яшайдиганлардан бири Абдул Мажид Толо Ньюсга.

Оммавий соғлиқни сақлаш вазирлиги ўзининг берган баёнотида мазкур сув тошқинлари туфайли камида 46 киши вафот этгани ва 80 га яқин одам жароҳат олганини маълум қилган.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани Чорикорга фавқулодда ёрдам юборилишини буюрган.

Шунингдек, Афғонистоннинг Нангарҳар, Панжишер, Вардак, Логар, Пактика ва Каписа провинцияларида ҳам кучли ёмғир ёғгани хабар қилинди. Лекин, бу ҳудудларда бирор кимнинг қурбон бўлгани ҳақида маълумот берилмаган.

Афғонистонда ҳар йили кучли селлар ва даҳшатли сув тошқинлари оқибатида ўнлаб одамлар ҳалок бўлишади. Мазкур камбағал мамлакатда ёмғирлар даврида мустаҳкам қурилмаган кўплаб уйлар қулаш хавфи остида қолади. Шу ойнинг бошроғида Нангарҳар провинциясида юз берган сув тошқинларида ҳам 16 киши (улардан 15 нафари болалар) вафот этган ва ўнлаб уйлар вайрон бўлганди.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг