Ҳақ қиёматга қолдими?ёки мажбурий обунага аралашган газета ва журналлар обуначиларга пулларини қайтарадими?

0
2748
Фото: facebook.com

Мени бир нарса ўйлантиради..
Мамлакатимиздаги газета ва журналларнинг тақдири. Айни дамдаги инқирози. Унинг сабаблари. Оқибатлари. Келажаги….

Бир йил олдин Республика газеталаридан бирида мақолам босилди. Мақола чиққанлигини эшитиб киосклардан сўрасам, биронтасида бу газета йўқ экан. Кейин муҳаррирнинг ўзидан бориб олдим. Мана орадан бир йил ўтди. Аммо бирон танишим, ҳатто ўз яқинларим ҳам бу мақолани ўқимабди. Савол туғилади: унда газеталар нимага керак?

Икка ҳафтача олдин тиббиёт ходимлари ҳақида фейсбукдаги саҳифамга мақола қўйгандим. ФБ, инстаграм, телеграм ва бошқа тармоқларда 74000 дан зиёд одам ўқибди. 453 марта бошқа саҳифалар ва гуруҳларга қайта улашилган. Мингдан зиёд комментарий. Докторлардан келган раҳматномалар ҳам юзга яқин. Улардан баъзилари бепул врач кўригига учун ишхонасига ҳам таклиф қилди.

Шу ўринда мен нега газета ва журналларимиздан файз кетган, деган саволга жавоб излаб кўрдим. Тўғрироғи, Ўзбекистоннинг газета журналларидан. Чунки, Россия ёки Қозоғистонда газеталар ҳамон яхши сотилади.

Шу кунлар Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мардикорнинг ҳаққи ҳақидаги бир ҳадис ёдимга тушиб қолди. Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мардикорнинг ҳаққини, унинг (пешона) териси қуримасидан олдин беринглар!” деган экан. Менимча газеталар ва журналлар учун мухбирлар ҳам мардикор ҳукмида бўлса керак.

Мухбирлар бизни мардикор деди, деб хафа бўлмасин-у, бу айни ҳақиқат. Чунки сизнинг ёзаётган асарингиз ёки мақолангизга газета-журналларда эҳтиёж бор ва улар сиздан маҳсулотни сотиб олиши керак. Бу ўринда сиз ёлланма меҳнатчи саналасиз. Газетанинг ўз мухбирлари эса “бутун муаммолари билан шу ташкилотнинг ходими ва ҳақдори” саналади.

Хуллас газеталар мен эсимни таниганимдан буён журналист, мухбир ёки бошқа ижод аҳлига ёлчитиб пул тўлаганини билмайман. Баъзилари “мақолангни чиқардим, обед олиб бер” дейишдан ҳам тоймайди.

Илмий журналлар эса безбетларча олдин пулини тўлатиб, кейин куттириб, асабингга ўйнаб мақолангни чиқаради. Ҳозир айрим журналларга мақола чиқариш 800 “кўки”гача кўтарилди. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг:

БУНДАЙ ТАШКИЛОТДА ФАЙЗ БЎЛАДИМИ? БАРАКА БЎЛАДИМИ?

Газета ва журналлар нақд йигирма беш йил ўз ўқувчиларига зулм қилиб келди. Уларнинг раҳбарлари ҳокимларга, вазирларга кириб тизимда ишлайдиганларни обуна қилдириш учун дунё амалиётида бўлмаган “ихтиёрий-мажбурий” деган коррупцион обуналаштириш махинацияларини юзага келтиришди.

Одамлар ўзи ёқтирмайдиган газеталарга мажбуран пул тўлади. Баъзи газеталар обунани 500 фоизга бажарди. Аммо мухбирга ҳаққини бермади. Бош муҳаррирлар пачкалаб “кўк”ини ҳокимларга, вазирларга берди. Мақола ёзганга бермади. Обуначини хурсанд қиладиган бирон мақола ҳам чиқармади. Муштарийнинг, ҳақдорнинг, мазлумнинг дардини ёритмади.

ШУНДАЙ ЖОЙДА БАРАКА БЎЛАДИМИ?

Хафа бўлишмасин-у ўша даврдаги газеталарнинг раҳбарлари ҳамма томонини ўнглаб олган. Данғиллама ҳовли ҳам, қўша-қўша квартиралар ҳам, қимматбаҳо машиналар ҳам уларга ўша пайтда битган. Мухбирлари эса йигирма беш йилдан буён ижарама-ижара сарсон.

Нашриётларда кўпинча талабалар ёки сал эхтиёжманд аёллар ҳам ишлашади. “Миндай” ўйлаб қарасанг закотга ҳақдор одамлар. Кўпининг уйи йўқ. “Ватан ҳақида шеър ёзовуриб, ватансиз қолган”лар тоифасидан. Нашриёт шуларнинг ҳам ҳаққини бермайди. Ёки пуч ёнғоққа ўхшаш мақтов ва қўл учида бериладиган мояна билан алдаб қўяди. Энди бир ўйлаб кўринг:

ШУНДАЙ ЖОЙДА БАРАКА БЎЛАДИМИ?

Менимча ўша пайтларда обунага мажбурланганлар бугун газеталарни судга бериши ва ҳақларини қиёматга қолдирмай қайтариб олиши керак. Ёки юридик шахс ўлароқ (раҳбари ўзгариб кетган бўлса ҳам) газеталарнинг ўзлари улардан зулм йўли билан олган ҳақларини қайтариш чорасини кўриши керак. (Тағин ўзи куйган экан, деманг. Мен шу йиллар ичида бир марта ҳам обуна бўлмаганман. Тўғрироғи раҳбарларим ботинолмаган, бўлса керак)

Кўп йил нашриётда ишлаган бир дўстимиз бу борада салгина бошқача фикр билдирди. Унинг айтишича, аслида ўша пайтлар пулнинг ҳаммаси нашриётларга етиб келмас экан. Почта ва бошқа матбуот тарқатувчи ташкилотлар, таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари, ҳокимлар, вазирликлар катта пулни ўмариб, қолган маълум қисмигина газетага етиб келар экан. Бу ҳам ҳақиқат.

Аммо нима бўлганда ҳам ҳамма ишлар газета ва журналлар номидан бажарилган. Бу номлар эса ҳамон турибди. Бировнинг ҳақини юлиб олиб, ундан ҳокимларга пора қилиб берган ким? Газета раҳбари эмасми? Катта обуна режасини тузиб вазирликка қиритган ким? Журналнинг раҳбари эмасми?

Нима бўлганда ҳам бировнинг иш ҳақига ўз нафси учун чанг солиш зулм саналади.

Шундай экан мазлумларнинг ҳақини қайтариш пайти келди. Газеталар обуначиларнинг ҳақларини қайтарса ўзларига яхши. Қайтармаса ўзига ёмон. Мазлумнинг ҳақи қиёматга заҳира бўлиб тураверади.

Қайтарса балки газеталарга ҳам барака кирар. Аллоҳ уларни ҳам ҳақ йўлига бошлар. Қайтармаса мазлумларнинг қарғишлари нашриётларнинг бу эшигидан кириб, у эшигидан чиқаверади. Ишлари эса ўнгланмайди.

Менимча қайтариши керак! Германия концлагерларда бепул ишлатган маҳбусларни қайтариш учун қарор чиқардику. Бу ишни Гитлер қилган, деб айбни ўзидан соқит қилмади. Редактор ўзгарса ҳам газета турибди. Қайтариши керак!

ЖУРНАЛИСТЛАР, МУХБИРЛАР ВА БОШҚА ҚАЛАМ АҲЛИГА:

Дунёда интеллектуал мулк жуда қиммат туради. Ҳар кимга ҳам Аллоҳ қалам тутавермайди. Қадрингизни билинг! Ҳаққини тўламаган жойга ижод маҳсулингизни берманг. Сандиқда (Д дискда) чириб кетсаям берманг.

Тортишинг, талашинг. Бозор иқтисодиёти деб, вайсаётган корчалонларга кўндаланг қилиб нарх қўйинг. Мухбирлар ҳамфикр бўлиб, мухбирлар бирдамлигини шакллантирувчи жамиятлар, клублар тузинг. Ўзингиз интеллектуал маҳсулот учун нарх ишлаб чиқинг. Бир-бирингизни ҳимоя қилинг, аммо бепул ишламанг!

Тунлари ухламай, юрак қўрини бериб ёзиб чиққан “дард”ингизни беқадр қилманг. Сиз ҳам яхши яшашга ҳақлисиз!
Мухтасар қилдим!

Анвар Бўронов

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг