Март ойида 51 кишининг умрига зомин бўлган Янги Зеландиядаги иккита масжидда мусулмонларга қарата оммавий ўт очган шахснинг адвокатлари суд жараёнини ҳужумлар содир бўлган жанубдаги Крайсчёрч шаҳридан кўчиришни сўрашмоқда, деди судя пайшанба куни. Бу ҳақида Reuters агентлиги хабар бермоқда.
Суд жараёни Янги Зеландиянинг энг катта шаҳри бўлган Оклендга кўчирилиши ҳақидаги илтимос бўйича суд муҳокамаси 3-октябр куни бўлиб ўтади ва австралиялик Брентон Таррант ўша пайтгача ҳибсда сақланади, деди Олий суд судяси Кемерон Мандер.
Ҳимоячилар нима учун жойни ўзгартиришни сўраганликлари ҳақидаги саволга ҳали жавоб беришганича йўқ.
Эслатиб ўтамиз, ярим автоматлар билан қуролланган бир нафар шахс 15 март куни Янги Зеландиянинг жанубий оролидаги Крайсчёрч шаҳридаги масжидда жума намозида қатнашаётган мусулмонларга ҳужум қилиб, мамлакат тинчлиги давридаги энг даҳшатли оммавий қирғин уюштириб 51 кишининг умрига зомин бўлган. Бунинг устига айбланувчи қирғинни Facebook ижтимоий тармоғи орқали жонли эфирга узатган эди.
29 ёшли Таррант унга қўйилган 92 та айбловнинг барчасини тан олмади.
Мандернинг сўзларига кўра, Таррант суд процессига келишни истамаган, чунки суд асосан қонуний далиллар билан боғлиқ эди.
Оқ танли супремасист деб гумон қилинган Таррант айни пайтда Крайсчёрчдан 90 дақиқалик парвоз узоқлигида жойлашган Окленд штатидаги қаттиқ тартибли қамоқхонада.
Суд муҳокамасида 40 га яқин жамоатчилик аъзолари, шу жумладан, ҳужумдан омон қолганлар иштирок этишди, гарчи уларнинг сони аввалги суд жараёнида қатнашганларга нисбатан камроқ бўлса ҳам.