Яманга очарчилик хавф солмоқда

0
1672
Фото: REUTERS/Eissa Alragehi

Яманлик Ҳасан Мерзам Муҳаммад 10 ёшда ва унинг вазни 9 килограмм. У ўзига ўхшаган юз минглаб яманлик болалар каби очлик сабаб жуда озиб кетди. Ҳатто, у энди юра олмаяпти.

“Болам касал, лекин уни қаерга олиб боришни билмайман. Унинг иситмаси бор ва менда уни даволаш учун ҳеч вақо йўқ. Ҳатто, бизда сув ҳам йўқ. Баъзи пайтлари биз бир неча кунлаб ювинмай юришимизга тўғри келади” дейди Ҳасаннинг онаси Заина Муҳаммад.

Унинг Ҳасандан бошқа яна олтита боласи бор. Бу оила мамлакатдаги урушлар сабаб беш марта яшаш жойларини ўзгартиришига тўғри келди ва ҳозирда Ҳажжаҳ номли чекка ҳудудда кун кечирмоқда. Уларнинг бу ҳудудда ҳеч қандай фойда манбайи мавжуд эмас.

“Ҳарбий самолётлар устимизда учиб юради. Ҳусийларнинг қуроллари ёнимизда жойлашган. Биз ҳеч қаерга бора олмаймиз” дейди Заина.

“Ҳасаннинг соғлигида ҳеч қандай муаммо йўқ. Унинг ягона муамоси очлик. Ҳасан барча болалардек мактабга муҳтож. Ҳозирда униг ҳолати қафасдаги ҳайвонга ўхшайди. Очлик ундаги депрессияни оширмоқда” дейди ҳамшира Макиеҳ ал-Аслами.

БМТнинг 22 июль берган хабарига кўра, Яманда очарчилик хавфи янада кучаймоқда. Бу мамлакат озиқ-овқат етишмаслигининг “ваҳимали” босқичига қайтмоқда.

Ўзи шундоқ ҳам беш йилдан бери давом этиб келаётган урушдан силласи қуриган Яман халқи бу йил яна ҳам жиддий қийинчиликларга дуч келди. Булар қаторига коронавирус туфайли чекловлар, четдан келадиган пул ўтказмаларининг қисқариши, чигиртка балоси ва хориж давлатларининг ёрдамининг катта миқдорда чекланиши кабилардир. Шунингдек, ўзаро уруш олиб бораётган томонлар ўртасидаги тўқнашувлар сўнгги ҳафталарда кучайгани боис оддий халқ вакиллари ҳалок бўлмоқда ва жароҳатланмоқда.

Яманда очарчилик ҳеч қачон расмий тарзда эълон қилинмаган. БМТнинг 2018 йилнинг охирида Яманда очлик борасидаги огоҳлантиришларидан кейин бу мамлакатга ёрдам кўрсатиш ҳаракатлари кучайди. Шундан кейин Жаҳон Озиқ-овқат Дастури Яман аҳолисининг 13 миллионтасига озиқ-овқат етказиб берганди.

“Ҳозирда амалга оширилган барча яхшиланишлар хавф остида турибди” дейди Жаҳон Озиқ-овқат Дастурининг матбуот котиби Элизабет Бирс.

Ҳозирда Яманнинг иқтисоди ва соғлиқни сақлаш тизимидаги инқироз юзага келганига қарамай, озиқ-овқат етказиб бериш бўйича дунёнинг энг катта ташкилоти бўлган Жаҳон Озиқ-овқат Дастури ҳам маблағ етишмаслиги туфайли бу мамлакатга қилиниши керак бўлган ёрдам ҳажмини камайтиришга мажбур бўлмоқда. Жумладан, Ямандаги 2.5 миллион болани боқиш режаси август ойининг охирида тўхтатилиши мумкин. Жаҳон Озиқ-овқат Дастури аллақачин апрель ойида Яманнинг шимолий қисмига берилаётган озиқ-овқат ёрдамини 50 фоизга камайтирган.

“Яман аҳолиси очарчилик ёқасига келиб қолди. Лекин, бу ҳали очарчилик дегани эмас. Ҳали жуда ҳам кеч бўлгани йўқ” дейди Бирс бошқа давлатларга ёрдам сўраб мурожаат қилар экан.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг