Евроосиёнинг нолибераллашуви. Бу қандай содир бўлди?

0
2246
Фото: CAA NETWORK

Россия (ва Евросиё ) ҳамда Ғарб ўртасидаги мафкуравий қарама-қаршилик ёки Евроосиёнинг нолиберал тартиботга қайтиши шартли равишда 2014 йил 28 мартда, яъни шошилинч равишда ўтказилган референдумдан кейинги Қрим интервенцияси жараёнида бошланди.  Аммо Россия ва Ғарб ўртасидаги чуқур келишмовчилик Қрим ва Донбасга бўлган ҳудудий даъволар доирасидан анча олдинроқ бошланган.

Гарчи Ғарб Украина инқирозида Россия томонидан Украинанинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини очиқдан-очиқ бузилишини кўрган бўлса-да, Москва Ғарбни рад этиш ва «Осиёга мурожаат қилиш»нинг эскирган ва халқаро тартибни бузишга қаратилган саъй-ҳаракатларининг театрлаштирилган вариантини эълон қилиш йўлидан борди. Коммунистик режимларнинг қулаши ва «тарихнинг охири» эълон қилинганидан ўттиз йил ўтгач (Фукуяманинг «Тарих интиҳоси» назариясига ишора – тарж. изоҳи), Россия ва Ғарб ўртасидаги геосиёсий можаролар янада кескинроқ тус ола бошлади. Хўш, қандай?

Тарихга мурожаат қиламиз: янги мустақил Россия ва Ғарб ўртасида Совуқ урушдан кейинги хавфсизлик тартибини расмийлаштирадиган аниқ келишувлар мавжуд бўлмаган. Шундай вазиятда, яъни ўтган асрнинг 90-йиллари бошида Ғарб бошчилигида либерал тартибот Евроосиё ҳудудига 3 асосий канал орқали тарқала бошлади:

(1) трансатлантик ва минтақавий ташкилотлар, шу жумладан НАТО, Европа Иттифоқи, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ) ва Европа Кенгаши; (2) Ғарб ҳукуматлари ва хусусий ҳомийлар томонидан қўллаб-қувватланадиган Ғарбий ННТ лар; ва (3) Ғарбнинг либерал демократия нормалари; бу барча пост-коммунистик режимлар томонидан эътироф қилинмаса ҳам, ҳар ҳолда минтақавий тартибнинг асосий принципи сифатида қабул қилинган.

Ушбу жараён учта турли пост-коммунистик зоналарда нотекис равишда амалга оширилди. Шарқий, Марказий Европа ва Болтиқбўйи давлатлари тўғридан-тўғри Европа Иттифоқи ва НАТОга кириш орқали бирлаштирилди;

Баҳсли ҳудудларга эга Грузия, Озарбайжон ва Арманистон, шунингдек, Ғарбий постсовет давлатлари (Белорусия, Украина ва Молдова), ҳал қилинмаган ички можароларга эга эдилар ҳамда НАТО ва ЕИга осонгина қўшила олмадилар, лекин Ғарб ҳукуматлари ва субъектлар ушбу минтақалар билан тобора фаол ҳамкорлик ва интеграцияни очиқ ҳимоя қилишди;

3-вектор бу Марказий Осиё эди. 9/11 воқеаларидан кейин АҚШ ва унинг НАТОдаги иттифоқчилари мазкур давлатлар билан ҳарбий ва сиёсий ва иқтисодий алоқаларнинг кенгроқ шаклларига киришдилар.

Кейинроқ, Россия очиқдан очиқ Ғарб иштироки ва ташкилий тузилмаларини инкор эта бошлади ва Евроосиёда ўз таъсири остидаги ташкилотларнинг фаолият юритишини истаб қолди.

Буларга иқтисодий соҳада (2014 йилда асос солинган) Россия етакчилигидаги ЕОИИ ва хавфсизлик соҳасидаги КХШТ (2002 йилда ташкил этилган) киради. Ушбу ташкилотлар СССРни қайта қуришга интилмаяпти, аммо ўзларининг институционал тузилишида Ғарбга (Европа Иттифоқи ва НАТО мисолида) тақлид қилмоқдалар.

КХШТ, Евросиёдаги асосий минтақавий хавфсизлик блоки сифатида, НАТОга аъзо мамлакатларга Россияда офицерлар учун ўқитиш ва Россия ҳарбий техникасини ички нархларда сотиб олиш имкониятини тақдим этади ва бу билан у НАТО ни эслатади.

Америка Қўшма Штатлари ва НАТО ҳар доим ташкилот билан ҳамкорлик қилишдан бош тортишган, бу эса Москва учун Ғарб ҳақидаги шубҳаларини қўллаб-қувватловчи далилга айланди.

Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистондан ташкил топган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (2001 йилда ташкил этилган, 2017 йилда Ҳиндистон ва Покистон аъзо бўлган) минтақавий ривожланишни илгари суришга интилаётган яна бир ғарбий бўлмаган минтақавий ташкилотдир. Бу ташкилот фонида Марказий Осиё давлатлари энди ЕХҲТ либерал қадриятларидан узоқлашиб, Россия ва Хитойга яқинлашдилар.

Умуман олганда, Совуқ уруш давридан фарқли ўлароқ, Россия Ғарб либерал тартибига умумбашарий мафкуравий альтернативани таклиф қилмаяпти, аммо у Ғарб тузумини қўллаб-қувватлаган факторлар, институтлар ва нормаларга фаол равишда қарши чиқмоқда.

Бошқа тарафдан қарасак, либерал ғояларнинг Евроосиё ҳудудида тарқалиши ҳам муайян қонуният асосида бормаганлиги унинг мустаҳкам ўрнаша олмаганига сабаб бўлди.

Маълумки, Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин либерализм институтлари ва нормалари шарқ томон кенгайиб борган эди, аммо бу тўлқинлар бугун яна Ғарбий қирғоқларга қайтмоқда. Улар шарқда ўрнашиб қола олмади.

Таҳлилчилар КХШТ ва ЕОИИ нинг келажаги мавҳум эканини айтишади, бироқ нима бўлганда ҳам бугун Евроосиё тобора нолибераллашув томон қадам ташламоқда ва бунинг қандай якунланиши ҳозирча номаълум.

 

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг