“Вино-водка” эмас, газета дўкони кўпайса…

0
2198

Бугун обуна ҳақида гап очилса, унинг этагига “мажбурий” деган қўшимча ҳам осилмоқда. Бундан на кулишни, на куйишни биласан, киши. 
Овқат ейиш, дам олиш, сайру саёҳат уюштириш, имкони бўлмаса-да, ҳашаматли тўй қилиш “мажбурий” эмас, аммо нафс ўлсин, уларсиз яшашни тасаввур этолмайдиганлар бор. Аммо таълим-тарбия ҳақида оғизни тўлдириб гапирамиз-у, фарзандимиз обуна учун пул сўраса, жеркиймиз. Чойхоналарда ҳаммани ўзига қаратиб ўтирадиганлар уйига йилда бир марта бўлсин китоб олиб келмайди. Уззу-кун ҳамсоянинг ғийбатини қилишдан чарчамайдиганларнинг эса боласига эртак ўқиб беришга “вақти йўқ”. Бундайлардан: “Болангиз газета-журнал ўқийдими”, деб сўрасангиз, ўқиб гўр бўлармиди, деган жавобни оласиз. Гўрми ёки зўрми бўлишини билмадиму аммо ҳаммамиз ҳам гўрга боришимиз аниқ. Аммо жисмоний ўлимдан кўра маънавий ўлиш ёмон. Негаки, мутолаадан узоқлашиш муқаррар ҳалокат. Шуми, бизнинг маънавиятимиз?

…Болаликда уйимизга почтачи қўшнимиз етказиб берадиган газета журналларни бемалол номма-ном эслайман. “Шарқ юлдузи”, “Гулистон”, “Фан ва турмуш”, “Ёшлик”, “Ёш куч”, “Муштум”, “Гулхан”, “Ғунча” каби журналлар, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Қишлоқ ҳақиқати”, “Совет Ўзбекистони”, “Сирли олам”, “Ёш ленинчи”, “Ленин йўли” (вилоят), “Октябрь алангаси” (туман) газеталарни олиб келишганида, ота-онамдан тортиб ака-укаларга тортишиб-талашиб ўқирдик, кейин дала юмушларида уларда кўтарилган мавзулар, асарлар юзасидан фикрлашардик, баҳслашардик. Шу тариқа ҳаммамиз китобга кўнгил қўйганмиз. Гарчи яқинларим менга ўхшаб матбуот соҳасига “берилиб” кетмаган бўлишса-да, ҳозир ҳам газетани, китобни канда қилмай ўқишади. Ота-онамиз эса колхоздаги йиллик даромадимиздан обуна учун ушлаб қолинадиган пулдан заррача оғринмасди, аксинча бундан ғурурланарди. Фақат биз эмас, бутун қишлоқ, қўни-қўшниларимиз марказий нашрларга ёзилишни канда қилмаган. Ҳолбуки, одамларнинг у пайтлардаги турмуши билан бугунгисининг фарқи жуда катта. Бугунгиларга нон навбати, ёғ навбати ҳақида гапирсангиз кулади. Аммо газета-журнал ўқиш, унга обуна бўлиш ҳақида гапирсангиз, пешонаси тиришади.

Газета ўқимаган китоб ўқийдими?
2017 йил. 3 август. Давлатимиз раҳбари ижодкор-зиёлиларнинг бир гуруҳи билан учрашганда, мазкур йўналишдаги муаммоларни тилга олиб, дилдаги гапларни айтди. Ўша учрашувдан кўп ўтмай, кино, санъат, театр, оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш бўйича ҳужжатлар қабул қилинди. “Матбуот ва ахборот соҳасида бошқарувни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармон, “Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ҳамда “Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорлар шулар жумласидандир. Бу ҳужжатларнинг ҳар бирида соҳамиз ривожи учун ўта муҳим вазифалар белгиланган. Бироқ вазифалар ижроси ўз ҳолига ташлаб қўйилгандек туюлади.

Президентимиз томонидан 2017 йил 13 сентябрда имзоланган “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарор зиёлиларни беҳад қувонтиргани бежиз эмас. Ахир, унда инсон онгини шакллантирувчи энг муҳим омил — мутолаага даъват бор.Мазкур ҳужжатда “…китоб маҳсулотлари бўйича давлат буюртмасининг асосий йўналишларини шакллантириш, адабий-бадиий, ўқув-услубий, илмий-назарий, илмий-оммабоп ва кўргазмали адабиётларни чоп этиш ва тарқатиш тизимини такомиллаштириш, ихтисослаштирилган китоб дўконлари фаолиятини ривожлантириш” дея кўрсатилган вазифалар босма нашрларга нисбатан ҳам амалиётда қўлланса, кўплаб муаммолар ўз ечимини топади. Зеро, китоб ўқиш газета ўқишдан бошланади.Бинобарин, бугун китоб маҳсулотларини нашр қилиш ва тарқатиш тизими самарадорлигини ошириш, китобхонлик маданиятини юксалтириш каби долзарб вазифаларни бажариш мақсадида мамлакатимизда 118 нашриёт, 1 минг 760 матбаа корхонаси, минглаб ижодий ва техник ходимлар фаолият олиб бормоқда. Уларнинг саъй-ҳаракати билан ҳар йили 7 тилда 60 миллион нусхадан ортиқ китоб чоп этилаётир.
60 миллионнинг ўн фоизини матбуот нашрлари ташкил этганда эди, биз ҳозир бу мавзуда мақола ёзиб ўтирмаган бўлардик.

Янги университет очилди. Талабалар нимадан хавотирда?
“Журналистика касб эмас, характер”. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг ушбу гапини журналист бўлишни орзу қилган талаба борки, яхши билади. Бу “характер”ни янада шакллантиришда эса таҳририятнинг ўрни катта. Қолаверса, мухбирлик учун назарий эмас, амалий машғулотларнинг фойдаси кўпроқ. Шу маънода, таҳририятимизга ҳар куни 5-6 нафар йигит-қизлар келади. Аслан ҳам малакали журналист бўламан деган одам ишни аввал газетадан бошласа, ютқазмайди. Газета саводхонликка, сабрга ўргатади. Қувончимиз шундаки, замонавий кадрларга бўлган эҳтиёж инобатга олиниб, Юртбошимиз ташаббуси билан Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети фаолияти йўлга қўйилди. Хавотиримиз шундаки, ушбу даргоҳда таҳсил олаётган ёшларимиз таҳририятлардаги аҳволни кўриб, иштиёқлари пасаймоқда. Асосан вилоятлардан келиб, ўз юртининг бош кентидан рўйхатдан ўтолмагани етмагандай, яна халқ дардини ёзаман, дея енг шимарган ходимларнинг уй-жой қилиш у ёқда турсин, қора қозонини зўрға тебратаётганидан воқиф бўлиб, эртага бизнинг ҳам ҳолимиз шуми, дея ташвишланмоқда.

Мана шундай ташвишларга чек қўйиш учун ҳам тизимни ўзгартиришга зарурат бор. Шундагина ёшларда иштиёқ ортади, уларда касбга нисбатан ҳавас уйғонади. Турлича қарашлар, фикрлар ҳисобига эса нашрлар орасида соғлом рақобат пайдо бўлади. Модомики, иқтисодий ночорлик бош муҳаррирларни ижодни, долзарб мавзуларни ўйлашдан чалғитаётган экан, газетани ўқишли қилиш ҳақида гапиришнинг ўзи кулгили.

Бефарқликка бефарқ бўлмайлик
– Турли тармоқ газеталари, илгариги ноқобил сиёсат – фаолиятимизни ўзимиз ёритамиз, қандай хоҳласак, шундай ёритамиз, деган қайсар мақсадда таъсис этилган, фақат соҳа ходимларига мўлжалланган нашрларнинг истиқболи ҳақида уларнинг фойдалилик даражасини адолат тарозига қўйган ҳолда ўйлаб кўрилса, маъқул бўларди, — дейди “Ишонч” ва “Ишонч-Доверие” газеталари бош муҳаррири Ҳусан Эрматов. – Давлат идоралари, мутасадди ташкилотларнинг барча бўғинларида марказий газеталарга, бироқ фақатгина ҳукумат органи бўлган нашрларга эмас, бу бўйича балки махсус ишчи гуруҳ тузилар ёки қандайдир қарор қабул қилинар, турли йўналишдаги газеталарга обуна ташкил этилиши лозим, деб ўйлайман. Гап ходимларнинг ойлигидан, ўқитувчи-ю шифокорларнинг маошидан босиб қолиш эвазига уюштириладиган мажбурий обуна ҳақида эмас, балки ташкилотларнинг маблағлари ҳисобига амалга ошириладиган ихтиёрий обуна ҳақида кетмоқда.

Дарҳақиқат, айрим вазирлик ёки қўмиталар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлимлари томонидан сон-саноқсиз нашрлар чоп этилади.Айнан шулар одамларда газета-журналга нисбатан аллергия қўзғаяпти. Жойларда мутасаддилар билан гаплашганда, улар ҳам шуни таъкидлашади. Бир мисол, Халқ таълими вазирлиги тизимида “Маърифат“ — “Учитель Узбекистана” газеталари бор экан, вилоятдаги бошқармалар томонидан яна алоҳида газета чиқаришнинг нима ва кимга кераги бор? Табиийки, улар ўзларининг нашрини ўтказишга ҳаракат қилишади, босимни кучайтиради. Оқибатда эса мажбурий деган гап пайдо бўлади. Умуман, соҳа ҳукумат даражасида муҳокама қилиниб, аниқ тизим асосида ечим топилмаса бўлмайдиган ҳолатга келди.

Бозор устунми ёки маънавият?
Обуна ортидан югуриб-елиш даври ўтди, энди нашрни бозорга олиб чиқиш керак, дейишади. “Халқ сўзи”, “Ўзбекистон овози”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Ҳуррият”, “Ишонч”, “Жамият” каби газеталарнинг бозорда сотилишига кўзим етмайди. Чунки бозорнинг ўз талаблари бор. Икки-уч карра уриниб, бу “майдон”га панжасини уролмаган одам, кейинги сафар бозордаги “маънавият ҳомийлари”нинг амрини бажаришга тутинади. Яъни, умрида газета ўқимаганлар фалон-писмадон темаларда кўпроқ ёзилса, газеталарингни оламиз, дейишади. Шу тариқа асл моҳияти маънавиятга хизмат қилиш керак бўлган нашр “бозор тамойиллари”га бўйин эгади. Афсуски, пул топиш, моддий манфаат илинжида бозорни қиздиришга хизмат қилаётган нашрлар сони ортиб бормоқда. Натижа эса маълум: давлат сиёсатини, ислоҳотларни тарғиб этадиган, аҳоли мурожаатлари асосида танқидий-таҳлилий мақолалар тайёрланадиган “жиддий” газеталарни биров ўқимай қўйди.

Ижтимоий тармоқларда ҳам шу гап
“Мавзу ўта долзарб, — дея ўз фикрини билдиради юртдошларимиздан бири Шоира Умарова. — Кўтарилаётган масалалар фақат газеталарга тааллуқли эмас. Кенг қамровли ижтимоий муаммолар йиғиндиси десак ҳам бўлади. Юқори давлат органидаги фаолиятим даврида ўта масъул раҳбарнинг жавоб хатини ўқиб, ғазабимни яшира олмаганман. Матндаги 10 га яқин хатоларни қизил қалам (аниқроғи фламастер)да катта катта қилиб тўғрилаб, тагига катта “икки“ баҳо қўйиб, келган манзилга жўнатиб юборган эдим. Натижаси тушунарли бўлса керак. Албатта “ёқмаганимиз“ рост. Хат матнини имзо чекувчи эмас, балки ўша “мўътабар даргоҳларда қанақа қилибдир ишлаб юрган“ ходим тайёрлагани ёш болага ҳам тушунарли. Бироқ ҳамма гап ана шу тайёрловчи билан бирга имзо чекувчининг ҳам саводи ҳақида. Газеталар эса фақат журналистни эмас, ўқувчининг ҳам саводини ошириш функциясини бажаради. Шундоқ ҳам айрим ТВ кўрсатувлари ва радио эшиттиришларида шевадаги ёки “жаргон“ сўзлар ишлатилаётганига кўникиб кетилса, ҳадемай адабий ўзбек тилимиз ногирон ҳолга тушиб қолиши ҳеч гап эмас. Обунани ташкил қилиш масаласида янаям аниқроқ механизм яратилса. Яъни, ҳар йили Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилиниб, барча республика газеталарига талаб ва эҳтиёж ҳисобга олинган ҳолда, ҳар бир тизимга обуна учун махсус манбалар белгиланиши, агар бюджет ташкилоти бўлса, унинг 50 фоизи бюджет маблағи ҳисобидан бўлиши белгиланиб, бюджетда алоҳида модда билан ажратиб тасдиқланиши мақсадга мувофиқ бўлар эди”.

Таниқли журналист, “Зарафшон” газетаси Бош муҳаррири Фармон Тошевга кўра, буюк жадидлар Маҳмудхўжа Беҳбудий, Саидризо Ализода, Ҳожи Мўйин, Ҳамза, Шакурий аҳоли маърифатини фақат китоб ва газеталар оширади, дейишган. Битта газетасини ёпишса, иккинчисини очишган. Хонадонларга чойхоналар, ҳатто қассоб ва дўкондорлар орқали газета тарқатишган. Мамлакатнинг тараққиёт босқичи ва аҳоли маърифати савиясини ҳисобга олиб, бу ишда оқилона иш тутмоқ лозим.

– Менимча, газеталар ҳар бир хонадонга кечикмай кириб бориши учун механизм яратилса, ҳаммаси изга тушади, — дейди “Оила даврасида” газетаси бош муҳаррири Ҳусниддин Бердиев. – Ҳозир ҳам газета ўқийдиганлар жуда кўп, аммо улар газетанинг вақтида келишига ишонмайди ва шу учун обуна бўлмайди.

Яна бир ҳамкасбимиз Барно Султонова эса ўз фикрини билдириб, шундай дейди:

– Яхши, ўқимишли чиқадиган газеталар кўп. Масалан, “Оила ва жамият“, “Жамият“, “Ҳуррият“, “Ишонч“ газеталарида камида икки-учта таҳлилий, танқидий, мулоҳазали мақолалар бериб борилади. Бу газеталарда чоп этиладиган мақолалар чуқур таҳлил этилгани билан баъзида интернет сайтлардаги мақолалардан долзарблиги билан ўтса ўтадики, ҳеч ҳам кам эмас. Агар айни пайтда обуна мақолаларнинг сифатига боғлиқ дейдиган бўлсак, юқоридаги газеталарнинг обунаси ошиб кетиши керак эди. Муаммонинг бир учи ўқувчиларнинг “мажбурий обуна“ билан “тўйинтирилаётгани“, яъни ўзлари истамаган нашрларга обуна бўлдирилаётгани сабаб юқоридаги каби газеталарга моддий томондан имкон топилмаётгани деб ўйлайман. Газета-журналлар сонини камайтириш ва ўқувчига танлаш имконини бериш керак. Танлаш кучайгач ўз-ўзидан рақобат ҳам, газетанинг ўқимишли чиқишига интилиш ҳам кучаяди.

Матбуотга ишонч, ҳурмат ва муҳаббат керак!
… Бир онахонни биламан. Газета-журналларни шунчалик авайлаб-асрайдики, ҳавасингиз келади. Уйида 50 йил олдин чиққан нашрлар тахлами бор. Кимнингдир газета йиртганини кўрса, дили оғрийди. Бугун у фарзандларининг ҳар бири эл-юртга хизмат қилаётганини ғурурланиб гапиради. Бунга сабаб онахон дилбандларини болалигиданоқ газета ўқийдиган қилиб тарбиялаган, уларни шунга қизиқтирган. Мактаб дарслигидан хато топса, газетадан шу сўзни қидирган, топган ва матбуотга ишонч, ҳурмат ҳамда муҳаббат билан қараган.

Бугун соҳа ана шундай меҳрга муҳтож. Зора, тизим ислоҳ этилиши эвазига шаҳарларимизда, туман марказларида вино-водка дўконларидан кўра, кўпроқ газета дўконларига кўзга ташланса…


Мақсуд Жонихонов, 
«Жамият» газетаси бош муҳаррири

ЎзА 

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг