Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 8-9 октябрь кунлари Францияга бўладиган давлат ташрифи арафасида Turon24 АА мухбири Франциянинг Париж шаҳрида Европа истиқбол ва хавфсизлик тадқиқотлари институти президенти Эммануэл Дюпюи билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди.
Суҳбатда Ўзбекистон ва Франциянинг ҳозирги муносабатлари, икки томонлама ҳамкорликлар, янги босқичга кўтарилаётган муносабатлар ҳақида сўз боради. Шунингдек, “ақл марказлари” ҳамкорлигида амалга оширилиши режаланаётган йирик лойиҳалар, аэронавтика, сунъий йўлдош, АЭС кабилар ҳам ушбу интервьюдан жой олган.
Тuron24: Европа истиқбол ва хавфсизлик тадқиқотлари институтининг Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонга бўлган эътибори Европа нуқтаи назаридан қанчалик муҳим?
Эммануэл Дюпюи: Бу институт анчадан бери фаолият юритиб келаётган, сизларнинг таъбирингиз билан айтганда, “ақл маркази” ҳисобланади. У хавфсизлик ва халқаро алоқаларга қаратилган тадқиқотларни ўтказиш учун 1988 йилда Парижда ташкил этилган. Европа истиқбол ва хавфсизлик тадқиқотлари институти Ўзбекистон билан бир қатор йўналишларда ҳамкорлик қилади. Ўн йилдан кўпроқ вақт аввал Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти билан англашув меморандумини имзолаганмиз. У ерда ҳозир собиқ ташқи ишлар вазири ва бўлажак ШҲТ бош котиби Владимир Норов раҳбарлик қилмоқда. Яна бир ҳамкорлик битимини Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти (ФЖШМҚМИ) билан имзолаганмиз. Марказий Осиё минтақаси Европа ҳамда Франция ташқи сиёсатида муҳим ўрин тутади ва тутиши керак деган муштарак ғояга эга, Элдор Орипов томонидан янги тузилган Халқаро муносабатлар ахборот таҳлилий маркази (ХМАТМ) билан ҳам яқинда ҳамкорлик ўрнатдик. Марказимиз “норасмий дипломатия” ёки “Track II дипломатияси”га эътибор қаратади ва сизнинг мамлакатингиз Осиёда катта аҳамиятга эга бўлгани учун биз фаолиятимизни ўша ерга йўналтирамиз.
Т24: Европа иттифоқининг Марказий Осиёга қаратилган ташқи сиёсати асосан энергетика ва хавфсизлик соҳалари атрофида шакллантирилган эди, тўғрими? Ҳозир ушбу стратегия қайта ишлаб чиқиляптими ёки қайта ишланиб бўлганми?
Э.Д.: 2007 йилда Европа иттифоқининг Марказий Осиёга қаратилган стратегияси қабул қилинганида у асосан йўлаклар ва транзит: энергетика, транспорт ва, албатта, нефт ва газ соҳаларига йўналтирилган эди. Дангалини айтганда, Европа иттифоқининг асосий манфаати нефт ва газнинг муқобил манбаларини топиш имконини берувчи ҳудудда фаолият олиб боришдан иборат эди. Биз, маълумки, Россиянинг “Газпром”ига боғланиб қолганмиз. Ушбу компания сотадиган газнинг 65 фоизи ЕИ улушига тўғри келади. Мана шулар ЕИнинг ташқи сиёсатини, хусусан, унинг узоқ бўлмаган қўшнилар билан олиб борадиган халқаро сиёсатининг йўналишларидан биридир.
Бу, албатта, 2007 йилда қабул қилинган сиёсат. Ўзингиз билганингиздек, 2005 йилда Фарғона водийси ва Андижондаги воқеалар сабабли ЕИ ва Ўзбекистон ўртасида зиддиятлироқ вазият юзага келди. Шунинг учун ҳозир Марказий Осиё ва Европа иттифоқи муносабатларининг эволюцияси бир қатор масалаларга ечим топилиб, яхшиланиши орқали барқарорлашаётгани муҳимдир.
Сизнинг мамлакатингиз Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) кириш истагини билдирмоқда ва шунинг учун ЖСТнинг бир қатор шартлари, масалан, меҳнат ҳуқуқига оид меъёрлар талабларига жавоб бериши зарур. Бунинг учун эса биз керакли тажрибани улаша оламиз. Ўйлайманки, бу қабул қилинган ва ЕИнинг ташқи сиёсат бўйича Олий вакили Федерико Моггерини томонидан қайта маъқулланган стратегиянинг ўзига хос эволюцияси бўлади. Шунинг учун ҳам 2016 йилнинг ноябрида ЕИнинг Ўрта Ер денгизи минтақаси, Қора денгиз, Кавказ ва Марказий Осиёга қаратилган қўшничилик сиёсати қайта кўриб чиқилган эди.
Т24: Фикрингизча, янги раҳбарият келгач, Ўзбекистон ташқи сиёсатида нималар ўзгарди?
Э.Д.: Бу масалада шуни айта оламанки, президент Каримовнинг ташқи сиёсати йиллар ўтиши билан ўзгариб келган. 1992 йилги ёки мустақилликка эришилган 1991 йил август ойидаги ташқи сиёсат 2016 йилда давлат раҳбари вафот этишига яқин охирги даврдаги сиёсат билан бир хил эмас эди. Москва ҳамда Вашингтонга нисбатан тенглик ва масофани сақлашга қаратилган сиёсатда ўзига хос эволюция кузатилди. Мустақилликнинг илк йилларида мамлакатнинг Европа иттифоқи билан сиёсий, дипломатик ва хавфсизликка оид бир қатор келишувлар шартларини бажаришга тайёрлиги яққол кўринарди: Термиздаги немис ҳарбий базаси ва юртингизда Америка аскарларининг бўлгани бунга мисолдир.
Кейин эса ўзгариш – Москва томонга оғиш кузатилди, хусусан, мамлакатнинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи ва бошқа тузилмаларга кўшилиш ва интеграциялашувни ёқловчи хатти-ҳаракатлари бунга мисолдир. Албатта, кейинчалик сизнинг мамлакатингиз Жамоавий хавфсизлик шартномаси ташкилоти аъзолигидан чиққан, аммо бу шундай интеграцион жараёнлар эволюцияда иккинчи давр эди.
Учинчи давр, яъни собиқ президент Каримов вафоти ва Шавкат Мирзиёевнинг ҳокимиятга келишигача, Марказий Осиёдаги барча тўртта кўшни мамлакатга нисбатан тенг манфаатли қўшничилик алоқалари; Россиянинг Евроосиё стратегияси, Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Марказий Осиёни боғлаш ва барқарорликни таъминлашга қаратилган Хитойнинг “Бир макон, бир йўл” ташаббусига жавобан эса ўзи жойлашган минтақанинг интеграциялашувига йўналган муносабатлар даври бўлди. Албатта, бунга жорий йилнинг 27 мартида ўтказилган Афғонистон конференциясида ҳам катта эътибор берилди. Унда сизнинг мамлакатингиз 1999 йилда илгари сурилган 6+2 — қўшни мамлакатлар + Россия ва Америка — ташаббусининг бутун моҳиятига қайтадан диққатини қаратди.
Президент Мирзиёев ташқи сиёсатдаги янги кун тартибини тузар экан, миллатлараро юзага келган муаммолар, 2010 йилги Ўш воқеалари, чегарани бошқариш ва, албатта, Афғонистондаги вазият, Тожикистон ва Қирғизистон билан мустақил муносабатлар ўрнатиш кераклигига эътибор қаратди.
Т24: Шавкат Мирзиёевнинг ташрифидан нималар кутилмоқда?
Э.Д.: Франция-Ўзбекистон муносабатларига келадиган бўлсак, ўзгариш шундан иборатки, президент Мирзиёев, гарчи Германия Францияга нисбатан Ўзбекистонда иқтисодий жиҳатдан кўпроқ ҳозир ва фаол бўлса ҳам, январда Германияга боришидан аввал Парижга келишга қарор қилди. Франциянинг иқтисодий иштироки унчалик юқори эмас: у бор-йўғи 125 миллион еврони ташкил қилди, шундан ҳам 80 миллион евро Франция экспортидир.
Биз 22 йил ичида биринчи марта бўлаётган расмий ташрифдан кўп нарсаларни кутяпмиз. Охирги марта президент Каримов 1996 йилда келган. Франция президентининг Ўзбекистонга ташрифи 1994 йилда ўша пайтдаги президент Франсуа Миттеран томонидан бўлган эди. Биз президент Мирзиёевнинг Францияга илк ташрифидаги мулоқотлар, Эммануэл Макрон ўзи ваъда қилганидек, унинг Ўзбекистонга, ҳам Қозоғистонга ташрифи билан мантиқан давом этишини кутмоқдамиз.
Ўйлайманки, биз ҳамкорликнинг янги даври бошланиши арафасидамиз. Бу нафақат иқтисодий, балки маданий алоқалар ва хавфсизлик бўйича ҳамкорликка ҳам тааллуқли.
Иқтисодий алоқалар ҳақида гапирсак, албатта, бу президент Мирзиёев 8-9 октябрь кунлари Парижга келганида маълум бўлади, 4 миллиард евро қийматга эга шартномалар имзоланиши керак. Буларнинг катта қисми энергетика соҳаси — Orano (собиқ Areva) компанияси билан ҳамкорлик қилиш ва сизнинг мамлакатингизда атом электростанцияси қурилиши эҳтимолига боғлиқ. Бу кутилаётган шартномалардан бири.
Бу муҳим, ахир Orano уранни қазиб чиқаришга ихтисослашган давлат компанияси бўлиб, яқинда ўтказилган изланиш ва ҳисоб-китобларга кўра, юртингиз заминида 230 минг тонна уран борлиги аниқланган.
Франция томонидан президент Мирзиёевга қилинадиган таклифлардан бири шу бўлади. Бу биринчидан.
Иккинчидан, аэронавтик ва аэрофазовий ҳамкорлик. Мамлакатингиз 25 йил аввал, мустақилликдан икки йил ўтиб, ташлаб қўйилган фазо соҳасидаги салоҳиятини қайта тиклашга қарор қилган. Сиз бу соҳада бошқа бир қатор мамлакатлар каби фаолият олиб бормоқчисиз. Буни Қозоғистонга солиштириш мумкин.
Бу биз учун жуда муҳим, чунки бир нечта француз компаниялари, хусусан Франция-Италия қўшма корхонаси «Thales Alenia Space» қўшнингиз Туркманистонга 2011 йилда сунъий йўлдош сотган эди. Ўзбекистон ҳам ўз телекоммуникация соҳаси учун сунъий йўлдош қуриш имкониятларини таклиф қилишимизни сўраб мурожаат қилган.
Т24: Уни учиришга ҳам ёрдам берасизларми?
Э.Д.: Одатда, биз сунъий йўлдош сотганимизда уни учиришни ҳам Arianespace орқали таклиф қилар эдик. Лекин, албатта, йўлдош Россия томонидан таклиф этиладиган шартлар бўйича Бойқўнғир орқали ҳам учирилиши мумкин. Лекин сунъий йўлдош билан уни фазога учирувчи жойни ҳам таклиф қилишимиз мумкин. Худди шундай таклифни биз 2011 йилда Ашхободга берган эдик.
Яна қишлоқ хўжалиги соҳасида бир қатор ҳамкорлик истиқболлари бор. Шундай истиқболли лойиҳалардан бири маҳаллий ва Марказий Осиё эҳтиёжлари учун юқори сифатли вино маҳсулотлари ишлаб чиқариш имконини берувчи 20 минг гектарлик плантациялардир.
Бу беш ёки олти йил аввал ишга туширилган лойиҳанинг бир йўналиши. Ушбу йўналишда икки мамлакат қишлоқ хўжалиги вазирлари ўртасида президентлар учрашуви арафасида тегишли келишув имзоланиши кутилмоқда.
Шунингдек, таълимдаги ҳамкорлик ҳақида ҳам сўз юритишимиз мумкин. Бу соҳада Франция ва Ўзбекистон қандай ҳамкорлик қилишини олий даражадаги учрашув чоғида биламиз. Мамлакатингизда 350 минг одам, шулардан 14 минг 500 таси иккинчи тил сифатида француз тилини ўрганаётганини назарда тутсак, Тошкентда Франция ва Ўзбекистон ҳамкорлигида университет очиш имконияти борлигини кўрамиз. Биз Тошкентда маданият маркази очишни режалаштираяпмиз. Пойтахтингизда «Alliance Francoise» фаолият олиб бораяпти, лекин ҳали маданият марказимиз йўқ.
Биз нафақат француз-ўзбек университети яратиш ғоясини илгари суряпмиз, балки бозорингизда муҳим эҳтиёж бўлган ва Францияни ушбу соҳада етук тажрибага эга деб ҳисоблашингиз сабабли либослар дизайни билим юртини ҳам йўлга қўймоқчимиз.
Бошқа томондан маданий ҳамкорлик масаласи бор, ахир президент Мирзиёев ўз ташрифини ЮНЕСКОга ташриф буюришдан бошлаб, Луврга келиш билан тугатади. Нима учун Лувр музейи? Чунки 2021 йилда айнан шу музейда Ипак йўли бўйлаб маданият ва анъаналар номли катта кўргазма бўлиб ўтади.
Шунинг учун Ўзбекистон раҳбарининг ташрифидан аввал Франция ва Ўзбекистон ўртасида маданий ҳамкорликка ихтисослашган қўмита анжумани бўлиб ўтди. Ушбу муҳим маррага эришиш учун тайёргарлик кўриш мақсадида Франциянинг бир нечта музейлари делегациялари, хусусан, Лувр музейининг Ислом маданияти бўлими вакиллари бир неча ҳафтага Тошкентга бориб, 2021 йилда бошланадиган катта тадбирда намойиш этиш учун экспонатлар танлашди.
Ниҳоят, учинчидан, сиёсий, яъни дипломатика ва хавфсизлик борасидаги ҳамкорлик масаласидир. Франция ҳамда европалик ҳамкорларимиз номидан шуни айтишим мумкинки, биз мамлакатингизнинг Афғонистондаги барқарорликни таъминлаш бўйича ролига катта умид қиляпмиз. Айтганимдек, 6+2 лойиҳаси ҳақида эслаб ўтиш жоиз.
Бугун Ўзбекистон Толибон ва АҚШ ўртасидаги музокараларни қўллаб-қувватлаётган даврда мулоқот ва ҳамкорлик масалалари салоҳиятини кенгайтириш учун янги ёндашувни кузатиш мумкин. Шунинг учун Толибон делегацияси шу йил августининг сўнгида Тошкентга келди. Шунинг учун ҳам биз Қатар ташаббусини илгари сурмоқдамиз, чунки Америка ва Толибон делегациялари аллақачон Доҳада самарали музокаралар олиб борган. Қозоғистон Сурия учун бажарган вазифани Ўзбекистон Афғонистон учун бажариши мумкин. Ҳозир, агар шундай деб айтиш мумкин бўлса, Россия, Туркия ва Эроннинг Суриядаги барқарорлик ва мулоқотни таъминлашга қаратилган Остона жараёнига таққосласа бўладиган Тошкент жараёни ҳақида гап кетмоқда.
Менимча, Тошкент Афғонистонда Толибонни сиёсий жараёнлар, хусусан, 2019 йилдаги сайловга жалб қилаётган президент Ашраф Ғани ҳукуматига ёрдам тариқасида 6+2 форматидек кўринишдаги ташаббусни билдиришдан кўп манфаатдор бўлади.
Т24: Президент Мирзиёев Макрон билан учрашувдан нималарни кутяпти?
Э.Д.: Ўйлашимча, президент Мирзиёев Эммануэл Макрон билан ҳозир учрашиши ўзига хос афзалликдир. 27 сентябрь куни Ўзбекистон иқлим ўзгаришига қаратилган Париж битимини ратификация қилди. Президент Макрон кўп такрорлаганидек, хусусан, бир неча кун олдин Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясида айтгани каби, у Париж битимига янада кўпроқ мамлакатларни сафарбар қилиши учун ёрдамга муҳтож, ахир АҚШ ушбу битимдан чиқиб кетди.
Менимча, президентингиз учун ҳозир бу жараёнларга қўшилмоқчи эканини билдиришнинг айни вақти. Бу муҳим, сабаби сизларда иқлим ўзгариши жуда қалтис ва долзарб. Масалан, Орол денгизи қуримоқда ва қўшни мамлакатлар, хусусан, Тожикистоннинг Роғун ГЭСи билан боғлиқ турли позициялар туфайли гидро-дипломатия хавф остида қолмоқда.
Иккинчи масала эса анча рамзийдир. Мамлакатингиз дунёда минтақавий интеграция, демократия йўлидан кетиш бўйича намуна бўлишни хоҳлайди ва бунга эҳтиёжи бор. У демократик салоҳиятини намойиш қилмоқда. Фикримча, 1992 йил декабрда қабул қилинган конституциянгизни қабул қилишда жуда кўп бор Франция тажрибасига мурожаат этилган, кўплаб моддалар унга қаратилган. Менимча, бу муҳим.
Сизлар конституция орқали фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш, унга кўпроқ куч бериш учун, сиёсий партияларни яратиш, ҳақиқий демократик давлат қуриш ва алал-оқибат жамиятнинг ўзига бўлган ишончини қайта қуриш йўлидан бордингиз. Менимча, ижтимоий ҳолатни яхшилаш бўйича ўзаро муштарак бир ғояни кўрсатиш мумкин бўлса, у бир-бирига жуда ўхшаш конституцияларимиз бўлар эди. Чунки сизнинг 1992 йилги конституциянгиз айнан бугун биз 60 йиллигини нишонлаётган 1958 йилги француз конституциясидан кўп илҳом олган.