Тўқсонбости экинларини экиш ва парваришлаш бўйича тавсиялар

0
3903

Юртимизнинг бетакрор қулай табиий-иқлим шароитидан омилкорлик билан фойдалана олган сабзавоткорлар ҳар йили бир неча маротаба юқори ҳосил етиштиришга муваффақ бўлишмоқда.

Республикамиз аҳолисини эртаги сабзавот маҳсулотларига бўлган талабини тўлиқ қондириш мақсадида, ҳосилдан бўшаган майдонга совуққа чидамли сабзавот экинларидан – сабзи, пиёз, ош лавлаги, кўкат сабзавотлардан эса кашнич, петрушка, сельдерей, салат кабиларни тўқсонбости муддатида экиб, етиштириш муҳим аҳамиятга эга.

Ушбу усулни амалда қўлланиши эрта баҳорда арзон ва сифатли сабзавот етиштириш имконини беради.

Ҳосилдан бўшаган майдонлардан келгуси йилда ҳосил етиштириш ушбу майдонларни сифатли ҳайдаб, эгат олиб қўйишга боғлиқ. Акс ҳолда эрта баҳорда ер етилиши қийин бўлса, экиш муддати чўзилиб кетади.

Ер ҳайдашни имкони бўлса, унда ўсимлик қолдиқларини оддий сеткалик ёки зигзаг бороналар ёрдамида майдон ташқарисига чиқариб ташлаш, кейин майдонларнинг нотекис қисмини П-4 ёки ПА-3 русумли мосламалар билан текислаш лозим.

Текисланган майдонларга экин тури учун тавсия этилган фосфор ҳамда калий ўғитлари меъёрининг 70 фоизи ва ҳар гектар майдонга 20–25 тоннадан маҳаллий ўғитни сепиб чиқиш, сўнгра ПН-3–35 русумли плуг билан 28–30 см чуқурликда ҳайдаш, шўрланган ёки бегона ўт кўп бўлган майдонларни эса ПЯ-4-35 русумли плуг билан 35–38 см чуқурликда икки қатламли ҳайдаш тавсия этилади.

Шудгорланиб экишга пухта тайёрланган майдонга совуққа чидамли сабзавотлардан сабзи, пиёз, ош лавлаги, кашнич, петрушка, салат каби ўсимликларни тўқсонбости усулида экиш кўкламда кўплаб эртаги сабзавот маҳсулотлари етиштириш имкониятини яратади. Зеро, мазкур усулда экилган сабзавот экинларини уруғи эрта кўкламда ердан жуда барвақт униб чиқади ва тез ўсиб-ривожланади.

Экилган уруғлар эгатлари устига чириган маҳаллий ўғитлар ёки қипиқ билан мульчалаш ёки плёнка ёпиш зарур. Шунда сабзи, пиёз, ош лавлаги ҳамда кўкат сабзавот уруғлари тез униб чиқади ва жадал ўсиб-ривожланади. Ушбу экинларни эрта баҳорда экишга қараганда ҳосили 28–35 кунгача барвақт етилиб, 15–20 фоиз кўпроқ ҳосил олиш имкони туғилади.

Республикамизнинг марказий қисмида жойлашган вилоятлардаги сабзавотчилик хўжаликларида юқорида таъкидланган сабзавот уруғини тўқсонбости усулида экиш тадбирини ноябрь ойини иккинчи ўн кунлигидан декабрь ойини биринчи ўн кунлиги охирларигача, жанубиий вилоятларда эса 20 декабргача ўтказиш тавсия этилади.
Тўқсонбости экиш муддатларида тоза навли, биринчи синф уруғларидан фойдаланиш лозим. Юқори ҳосил олиш учун сабзининг Шантане, Нантская, Зийнатли, Фаровон, пиёзнинг Испанский–313, Истиқбол ва Зафар навларини; ош лавлагининг Бордо–237, Диёр, Ягона; укропнинг Узбекский–243, Орзу; петрушканинг Сахарная ва Нилуфар каби совуққа чидамли навлари уруғини экиш мақсадга мувофиқдир.

Сабзавот уруғларини тўқсонбости усулида йирик майдонларга экишда СОН-2,8А русумли мослама билан лента шаклида, қўш қаторлаб (50+20 см) ёки ушбу мосламада сочма усулда экиш мумкин. Кичик майдонларга эса уруғларни қўлда сепиб олиниб, кетидан ҳаскашлаб чиқиш керак. Ушбу экиш муддатида сабзавот уруғларини экиш меъёри баҳорги муддатда экишга қараганда бир оз кўпроқ бўлиб, ҳар 1 га майдон ҳисобига сабзи уруғи 8 кг; пиёз уруғи 16 кг; ош лавлаги 20 кг; кашнич, петрушка уруғлари 10 кг. гача сарфланади.

Уруғларни экиш мосламалар ёрдамида амалга оширилганда уларнинг экиш чуқурлиги 2–3 см. дан ошмаслиги лозим. Экиш билан бирга суғориш эгатлари тортиб чиқилса нур устига нур бўлади.

Жанубий ҳудудларда оқбош карамдан жуда эрта ва юқори ҳосил олиш учун уруғлар кўчатхонага ноябрнинг биринчи ўн кунлигида сепилиб, тайёр бўлган кўчатлар 25–30 декабрда плёнка билан қопланган дугалар остига экилади. Гулкарам уруғини эса ноябрнинг иккинчи ярмида кўчатхонага сепиб, кўчатини декабрнинг иккинчи ўн кунлигида плёнкали дугалар остига экиш тавсия қилинади.

Бунда гулкарамнинг F1 Гудман, Кашмер, оқбош карамнинг F1 Фарао, Бурбон, Балбро, Резистор каби дурагайлари уруғини экиш мақсадга мувофиқ.

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг