Ўзбекистон: Спорт мактаблари директорлари ноқонуний бўшатиляптими?

0
1065
фото коллаж

Сарлавҳага чиқарилган саволга, амалиётчи юрист Саидали Мухторалиев жавоб беради.

Ўзбекистонда 200 дан ортиқ спорт мактаблари мавжуд. Улар ҳозирга қадар Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги таркибида бўлган.

Президентнинг 2021 йил 6 апрелдаги ПФ-6199-сонли Фармо ни 1-бандига асосан, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси негизида Туризм ва спорт вазирлиги сифатида қайта ташкил этилиши белгиланди. Шунингдек, Фармонда Туризм ва спорт вазирлиги Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан халқаро шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланиши аниқ кўрсатилган.

Кўп айтяпмиз, бу вазиятда ушбу ташкилотлар тугатилмаяпти, аксинча, бу икки идора бир-бирига қўшилиб, қайтадан ташкил қилинмоқда. Шундай экан, Меҳнат кодексининг 98-моддасига асосан ташкилотлар қайта ташкил қилинганида, ходимлар бўшатилмайди, уларнинг розилиги билан иш давом этаверади. Бу қоида спорт мактабларининг ходимларига ҳам, рахбарларига ҳам бирдек тегишли.

Лекин ҳозир яна мурожаатлар келяпти. Юқоридан спорт мактаблари директорларига улар билан тузилган меҳнат шартномасини Меҳнат кодекси 100-модда иккинчи қисм 6-бандига асосан бекор қилиниши тўғрисида огоҳлантириш хати берилмоқда экан.

МК 100-модданинг иккинчи қисми 6-банди корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан тузилган меҳнат шартномаси мулкдорнинг алмашиши сабабли бекор қилиш ҳақида. Яъни, юқори идоралар барча спорт мактабларининг мулкдори ўзгарган деб ўйлаб, ушбу мактабларнинг директорларини юқоридаги асос билан бўшатмоқчи, шекилли.

Ўртоқлар, яхшилаб тушуниб олайлик, биринчидан Спорт вазирлиги ва Туризм қўмитаси бир-бирига қўшилиб, ягона ташкилот ташкил этилмоқда, бу ерда ҳеч қанақасига мулкдор алмашинуви йўқ. Мулкдор алмашинувида иккита ташкилот ҳам ўз ўрнида қолади (бири-бирига қўшилмайди) ва улардан бирига қарашли бўлган қайсидир ташкилот бошқа бирига ўтказиб берилади, ана шу нарса мулкдор алмашинуви бўлади.

Иккинчидан, агар бир вазирлик таркибидаги ташкилот бошқа давлат қўмитасига ўтганида ҳам бу мулкдор алмашинуви ҳисобланмайди. Негаки, ўша вазирлик ҳам, ўша давлат қўмитаси ҳам Вазирлар Маҳкамаси таркибидаги давлат органларидир. Улар учун ҳам, улар таркибидаги муассасалар учун ҳам ягона мулкдор битта – бу ДАВЛАТ. Бир вазирлик таркибидаги ташкилот бошқа давлат қўмитасига ўтганида ҳам мулкдор сифатида ДАВЛАТ ўзгармасдан қолаверади. Шунинг учун бу вазиятга мулкдор алмашинуви сифатида қаралмайди.

❗️Бу борада, Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги 12-сонли қарори 40-бандида ҳам шунга ўхшаш қоида келтирилган, қаранг:

➖ корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини амалга оширувчи ходим билан меҳнат шартномаси МК 100-моддаси 2-қисмининг 6-бандига кўра бекор қилиниши билан боғлиқ низоларни ҳал қилишда ҳақиқатда корхона эгаси алмашган-алмашмаганини аниқлаши зарур. Жумладан, давлат корхонасининг бўйсуниш тизими ўзгаришини мулкдор алмашуви деб қараб бўлмайди.

Хуллас, масъуллар, спорт мактаблари директорларини ва бошқа ходимларини МК 100-модданинг иккинчи қисми 6-банди билан бўшатиб қўйманглар тағин. Маслаҳатим, берилган огоҳлантириш хатларингизни бекор қилиб, ходимларга ҳаммаси жойида эканлигини тушунтиринг. Шуниси, тўғрироқ бўлади.

Саидали Мухторалиев саволларга жавоб бериб бўлгач, шу масалада иккинчи марта мулоҳазаларини билдирар экан, қуйидагилар ҳақида таъкидлаб ўтди:

➖Вей, ҳақиқатдан ҳам спорт мактаблари директорларига ишдан бўшатиш ҳақида огоҳлантириш хати бериб чиқишибди.

Яна қайтараман, бу ерда спорт мактабларининг мулкдори ўзгаргани йўқ.

Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги 12-сонли қарори 40-бандига асосан давлат корхонасининг бўйсуниш тизими ўзгаришига мулкдор алмашуви деб қараб бўлмайди.

Шу каби суд амалиёти аввал боғча мудирлари мисолида ҳам бўлган эди. Биласиз, давлат боғчалари (МТМлар) Халқ таълими вазирлигидан янги вазирлик – Мактабгача таълим вазирлигига ўтказилган эди.

Шунда МТМ мудирларини МК 100-модда иккинчи қисм 6-банди билан ишдан бўшатиш бошланганди.

Бироқ кейинчалик бу мудирлар биз айтган юқоридаги қоидага асосланиб, судлар томонидан ўз ишига қайта тиклаб қўйилган. Чунки бу ерда ҳам мулкдор ўзгариши йўқ эдида.

Ана, Мактабгача таълим вазирлигидан сўраб кўринглар, тўғрими?

 

Юқоридаги мутахассис хулосалари юзасидан мутасадди вазирлик ва идоралар изоҳ беради дея умид қиламиз.

 

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг