Турли хил маданиятлардаги ёлғон феномени

0
6289
Фото: rusrand.ru

Турли маданиятлар томонидан ёлғон феномени (ҳодисаси) муҳокама қилиб келинади. Бунинг боисини, турли миллатлар вакилларида ёлғон ишлатиб туриш ҳолати мавжуд бўлганлиги билан изоҳлаш мумкин.

Айрим тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, ёлғон – ҳатто алоҳида бир халқларнинг миллий хусусиятларидан бири ҳисобланар экан.

Масалан, машҳур француз  психологи ва социологи Жорж Дюпранинг таъкидлашича, айрим халқлар ва мамлакатлар учун ёлғоннинг намойиши- бу табиий холдир.

Ж.Дюпра, битта халқ вакилларининг хусусияти воқеани бўрттириб хаёлий фактлар қўшиш, бошқа бир миллат вакилларида – алдоқчилик хусусияти, яна бир халқда – иккиюзламачилик,  яна бошқа миллатга ҳос хусусият – сохталик, кейинги миллат вакиллари, унинг фикрича, ваъдага вафо килмайдиган хусусиятга эга, бутун бир минтақадагиларни эса, ишончга лойиқ эмас, деб ҳисоблайди.

Агар ноҳақ хатти-ҳаракатларнинг ижтимоий-психологик ва маданий шартлари ҳақида ҳолисона гапириладиган бўлинса, кўплаб мамлакатларда алдаш, ҳийла-найранг ва муғобирлик халқ оғзаки ижодида улуғланаётганлигини, қаҳрамоннинг ижобий сифати деб қаралиб, рағбатлантирилишини кўриш мумкин.

Масалан, айрим халқ мақоллари ва маталларини эслаб кўринг:

“Ақлли ёлғон, ахмоқона ҳақиқатдан афзал” (рус халқ мақоли)

“Хайрли мақсадга йўналтирилган ёлғон, душманликни уйғотадиган ҳақиқатдан кўра  яхшироқ” (тожик халқ мақоли)

Шундай  қилиб, инсонлар болаликданоқ ахлоқий тамойилларни ўзлаштирадилар: ёлғонлар турли хил бўлади ва бу- кундалик феномен (ходиса).

Баъзилар учун ёлғончилик – бу ҳимоя механизми, айримлар қилган ёлғони фош бўлишидан ёки жазоланишдан қўрқади, учинчи тоифа одамлар учун ёлғон –  бу туғма хаёлпарастлик ёки беозор ҳазил.

Ёлғон билан боғлиқ муаммолар фалсафа, психология, тилшунослик, маданиятшунослик, тилшунослик маданияти тадқиқотлари, ижтимоий тилшунослик ва бошқа фанлар нуқтаи назаридан кўриб чиқилади.

Немис философи И. Кантнинг ёлғонга бўлган муносабати диққатга сазовор бўлиб, жумладан, у шундай дейди: “Хақиқатнинг бузилиши (қонун жиҳатидан  бўлмаса ҳам) ёлғон деб номланиши шарт”.  Шунингдек,  “…ёлғон ҳар доим кимгадир, кейин эса, бутун инсониятга зарар етказиши мумкин”, деб таъкидлайди Кант.

Ёлғон феномени кўплаб хорижий тадқиқотчилар томонидан ўрганиб келинмокда. Рус файласуфи В.С.Соловьев ёлғонга қуйидаги таърифни беради: «Ёлғон – хато ва хатолардан фарқли ўлароқ, ҳақиқатни англаш ва шунинг учун маънавий жиҳатдан айбланадиган зиддиятни англатади».

Оддий онгда ёлғон, одатда, ёлғон учун синоним сифатида ёки ёлғонни келтирадиган жараён сифатида аниқланадиган салбий, ижтимоий жиҳатдан маъқул келмайдиган ҳаракат – алдаш билан боғлиқ бўлади.

“Ёлғон” ва “бўлмаган гап» тушунчалари ишонилмайдиган маълумотларнинг башоратлари сифатида қўлланилади.

Бироқ, рус тилидаги луғатларда ёлғон, нафақат “бўлмаган гап”, “ёлғон”, “ҳақиқатни бузиш” сифатида, балки “уйдирма”, “ўйлаб топилган нарса”, “фантастика” ва ҳатто “ҳазил”, “ўйин” сифатида талқин қилинади.

Ёлғон, ўзига хос шароитларда мулоқот ва ижтимоий-маданий ҳодиса сифатида намоён бўлади. Рус олимлари «ёлғон» тушунчасидан уйдирмани ажратиб боришар экан, рус жамиятида ёлғонга нисбатан бўш қаралишини таъкидлашади. Бунга илк бор, миясига ялт этиб: «Россияда мутлақо софдил одамлар ҳам ёлғон гапириши мумкин-у» деган хаёл келган Ф.М. Достоевский эътиборини қаратган экан.

В.В. Знаковнинг таъкидлашича, “ёлғон Россияни ўзини – ўзи англаши учун хос бўлган ижтимоий-маданий ҳодиса экан. Ёлғонлар – нафақат ҳақиқатни атайин нотўғри талқин қилиш воситаси, балки алоқани ўрнатиш ва одамларни бирлаштирадиган усулдир”.

Муаллиф фикрини давом эттириб, “Ёлғончилик – тингловчисини ҳақоратлаш ва унинг ҳисобидан шахсий манфаатларни кўзламайди. Маданиятга ёлғонлар шунчалик чуқур кириб кетдики, ҳатто одатий холатга айланиб, масалан рус адабиётида кенг равишда тақдим этилади (Гоголь, Чехов, Шукшин ва бошқаларнинг асарларидаги ёлғончи қахрамонлар). Рус маданиятидаги ёлғончилик – бу ҳақиқатни безаш, кундалик кулранглик (оғир хаёт дардларидан) қочиш истагидир. Москва ёки Санкт-Петербург шаҳарлари бўйлаб саёҳат қилиб юрган ҳар қандай хорижлик бегона кишини  ажаблантирадиган холат – бу Россиядаги одамларнинг юзида ғам-ташвиш ва қайғу ҳисси ифодаланганлиги, инсонлар қаршисидаги одамларнинг юзларига эмас, ғамгин чеҳра билан асфальтга қараб одимлашларидир. Бизнинг фикримизча, алдамчилик қанчалик жозибадор кўринишида бўлишидан қатъи назар, бу ақл-идрок нуқтаи назаридан ёлғондир, чунки унинг мақсади – ҳақиқатни бузиш ва бунинг натижаси, ҳамроҳи билан мулоқоти давомида ишончли маълумот беришни рад этишдир.”

Инглиз тилида  сўзлашувчилар маданиятида, русларникидан фарқли ўлароқ, ёлғонни инсон ҳуқуқларининг бузилиши сифатида, алданаётганга нисбатан кўриб чиқилади. Инсон ҳуқуқларини бузилишига йўл қўйилмайди ва бу қоида ғарбнинг ижтимоий ахлоқидан чуқур илдиз отган бўлиб, бунда ёлғон – инсонга нисбатан зўравонликнинг бир тури сифатида кўрилади.

Америкалик психолог П. Экман ёлғон ёки муғобирликни «бир киши, бошқа бир кишини атайин, ўз мақсадлари хақида олдиндан хабардор қилмасдан ва  жабр кўрадиган тарафдан ҳақиқатни ошкор қилмаслик ҳақида сўраган ҳолда йўлдан уриш (чалғитиш) учун амалга ошириладиган харакатдир”-дея изоҳлаб ўтади.

Яна бир америкалик олим С.Б.Уолтерснинг таъкидлашича, ёлғон- бу  когнитив, ментал (мия, онгда содир бўладиган) жараёндир.

Йўлдан уриш (чалғитиш) ёки суҳбатдошга нотўғри маълумот бериш-  онгли жараёндир.

Муғобирлик орқали, инсон маълум бир мақсадга эришади – яъни, шахсий манфаатдорлик касб этади, турли нохуш оқибатлардан ўзини олиб қочади ёки ўзини ёхуд бошқасини, ўзининг тасаввуридаги кутилмаган ҳолатлардан ҳимоя қилади. Бошқача сўзлар билан тушунтирилганда, муғобирлик ишлатиш қарорини ёлғончининг ўзи чиқаради. Ва бу қарор онгли ва олдиндан ўйланган бўлади.

П. Экман, Оксфорднинг инглизча луғатига асосланиб, «ёлғон» сўзидан замонавий фойдаланишни, одатда маълум маънавий айбловлар соясида ва мулойимлик билан бўладиган суҳбатларда, ундан қочишга харакат қилиниб, бундай синонимларни, нейтрал товушда эштилидиган «алдов» ва «бўлмаган гап» деган сўзлар билан алмаштиришга ҳаракат қилади деб ҳисоблайди. Эҳтимол, П. Экман шунинг учун ҳам «ёлғон» ва «алдов» тушунчаларини ажратмас ҳамда бу ҳолат маҳаллий рус олимлари (Сигнс, Гладкикҳ, Попчук)га ҳам хос.

Сохта баёнот деб, асл ҳолатни, атайин бузилган шаклда узатилиши тушунилади.

О.М.Попчук, рус тилидаги диалог нутқида ёлғон-соҳта баёнотларни ўрганиб чиқиб, буни «мулоқат бўйича ҳамроҳини йўлдан уриш мақсадида, хақиқий холатни атайин бузиб баён қилиш»-дея аниқлаб, мазкур таърифни берди.

Ёлғон (соҳта) ифодани аниқлашда А.Р. Луриа таъкидлаганидек, ёлғон – ёлғон гапирувчининг дунёқарашини ўзгартириб, у бошқа тамойил асосида қурилади. Бундай бошқача дунёқараш «ўз шаклларига, ўз қоидаларига, ўз усулларига эга бўлиб”, ифодаларни фақат тил ва психологик таҳлиллар жараёни давомида аниқлаш мумкин.

Оғзаки ва оғзаки бўлмаган контекстларнинг кенг қамровли таҳлиллари шуни кўрсатадики, ёлғон сўзларни ифодалашда, ҳудди руслар каби инглиз миллати вакиллари ҳам хатти-ҳаракатлари орқали ўзларини намоён қилишади.

Ёлғон сўзлаётган инсоннинг фикрлаши ўзгаради, у фикрларини қайта тиклаши учун, номувофиқлик ва мантиқсизликни намоён қилиб, суҳбат тактикасини ўзгартиришига тўғри келиб қолади. Бироқ, бу номувофиқлик ҳам ўз мантиғига эгадир, чунки ифодасининг мақсади – адресатини йўлдан уришдир.

Миллий характер коммуникатив вазиятларда намоён бўлади. Агар руслар учун  ҳис-туйғуларнинг очиқ ифодаси табиий бўлса, босиқ инсонлар бўлган инглизлар учун, бу табиий холат эмас ҳисобланади. Инглизлар ҳис-туйғуларни очиқ ифодалашга, фақатгина шунга мажбур бўлиб қолган холатларда мурожаат қилишади.

Рус маданиятида ёлғон кўпинча алдов сифатида кўрилиб, оддий қабул қилинади ва маънавий жиҳатдан айбланмайди. Ёлғончилик кечиримли холат эканлигига сабаби, Россияда бу ижтимоий, иқтисодий ва оддий инсоний омилларга кўра боғлиқлигидир.

Руслар ёлғон гапириб ва бир-бирининг ёлғонларини кечиришларига сабаб, улар бир-бирлари билан боғланиш, суҳбатлашиш, мақтаниш ва бошқаларни мақсад қиладилар.

Инглиз миллий онгининг ўзига хос хусусияти шундаки, улар ёлғонни зарарли деб ҳисоблаб ва инсонлар унга фақат фавқулодда холатларга тушиб қолганларида мурожаат қилишади. Дезинформация, йўлдан уришга харакат, мунофқилик инглиз тилида сўзлашадиган маданият вакиллари томонидан қораланиб, фақат савияси паст одамлар ёлғон гапиради деб ҳисоблашади.

Ёлғон феномени (ҳодисалари)ни ўрганиш, турли маданиятларда ёлғонга бўлган жамоавий ва индивидуал муносабатларни аниқлашнинг долзарб муаммоси бўлиб қолмоқда. Психология, маданиятшунослик, филология ва бошқа фанлар бўйича мутахассисларнинг ёлғонларни оғзаки ва оғзаки бўлмаган маълумотлар маркерларини ўрганишга комплекс ёндашиш, янги билимларни ўзлаштириш орқали халқлар ва давлатлар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликка эришиш учун зарурдир.

Юқоридаги материаллар рус тилидаги интернет сегментларидан олиниб, асосан ғарб ва рус олимлари, мутахассисларининг “ёлғон” хусусидаги фикрлари ўзбек тилига таржима қилинди. Айрим аниқ жумлалар бошқа миллат вакиллари хақида нотўғри фикр уйғотмаслик учун имкон қадар умумлаштириб  таржима қилинди.

Энди, бугунги давримизга қадар миллий маданиятимизнинг энг муҳим ўзаги бўлиб қолаётган- ислом дини нуқтаи назаридан “ёлғон” масаласига қандай муносабат билдирилганлиги билан, юқоридаги бошқа дин ва маданият вакиллари олимларининг фикрларини ўзаро таққослаш учун қуйидаги материални эътиборингизга ҳавола қиламиз.

 

Ислом маданиятда ёлғон масаласи

Ёлғон араб тилида «кизб» дейилади ва луғатда сидқ-ростнинг тескарисини англатади.
Ислом олимлари ёлғонни қуйидагича таърифлайдилар:

Журжоний: “Ёлғон хабар унинг воқеъликка тўғри келмаслигидир”.

Ибн Ҳажар: “Ёлғон бир нарса ҳақида қасддан бўлсин, ноқасддан бўлсин унга хилоф нарсани гапиришдир”, деган.

Ёлғон сўзда бўлиши билан бирга амалда ҳам бўлади. Унда ёлғончи бўлмаган нарсани бўлган қилиб кўрсатиш учун ҳийла қилади. Ёки унинг акси бўлиб, бўлган нарсани бўлмаган қилиб кўрсатишга ўтилади.

Қуръони Каримнинг «Юсуф» сурасида бунга далил келтирилади:

«Кечқурун йиғлаган ҳолларида оталарига келиб:  «Эй отамиз, биз Юсуфни нарсаларимиз олдига қолдириб, ўзимиз қувлашиб кетсак, уни бўри еб қўйибди. Агар ростгўй бўлсак ҳам, сен бизга ишонмассан», дедиларВа унинг ёлғон қонга бўялган кўйлагини келтирдилар» (16-18 оятлар).

Ўғиллар оталарини ишонтириш мақсадида ашёвий далил, деб Юсуфнинг кўйлагини ёлғондан қонга бўяб олиб келишди.

Бу ерда Юсуфнинг оғалари сўз билан ҳам, амал билан ҳам ёлғон тўқишганлигини англаш мумкин.

Ёлғоннинг сабаблари.

Ислом таълимотида кишининг ёлғон ишлатишига бир неча сабаблари келтирилади, жумладан:

  1. Фойда жалб қилиш мақсади.

Ёлғончи ўзига фойда етишини кўзлаб одамларни алдаб ўз манфаати учун ёлғон гапиради.

  1. Зарарни қайтариш мақсади.

Ёлғончи ўзига етиши мумкин бўлган зарарни қайтариш мақсадида ҳам ёлғон тўқийди. У ўзича шу тўғри йўл деб ўйлайди. Аммо икки ҳолатда ҳам ўзига бу дунё ва охират зарарини жалб қилаётганини ўйламайди.

  1. Сўзини чиройли ва гапни гўзал чиқармоқчи бўлиш мақсади.

Бунда ёлғончи тўғри сўз ва рост гап ила одамларга ёқиш, уларнинг эътиборини тортиш имкони йўқ бўлганидан уларга ёқадиган гап-сўз излаб ёлғон тўқийди.

  1. Ёлғон гапириш одатига айланиб қолгани учун нафси шу нарсани истайдиган бўлиб қолгани сабабли бу ишни қиладиганлар ҳам бор.
  1. Душмандан ўч олиш мақсади.

Бунда ёлғончи душманини шарманда қилиш ва ундан ўч олиб кўнгли тўлиши учун ёлғон тўқийди.

  1. Ўзини обрўсини орттириш мақсади.

Бунда ёлғончи ўзини аҳли фазл, олим, уддабурон қилиб кўрсатиб мақтаниш учун ёлғон тўқийди.

Ёлғоннинг турлари.

  1. Асли йўқ нарсани тўқиш.
  2. Бор нарсага маънони ўзгартиб юборадиган даражада қўшимча қўшиш.
  3. Бор нарсага маънони ўзгартиб юборадиган даражада нуқсон киритиш.
  4. Бор нарсага маънони ўзгартиб юборадиган даражада ибораларини ўзгартиш.

Ёлғоннинг ҳукми.

Имом Ибн Ҳажар ва Заҳабийлар узрсиз ёлғонни гуноҳи кабирадир, деганлар.

Аллоҳ таолога ва Расулуллоҳ алайҳиссаломга қасддан ёлғон тўқиш куфрдир.

Қуръони Каримда ёлғон ҳақида бир юз олтмиш еттита оят бор.

Аллоҳ таоло «Наҳл» сурасида:

«Ёлғонни фақат Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиганларгина тўқирлар. Ана ўшалар ўзлари ёлғончилардир», деган (105-оят).

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда ёлғончилик – мунофиқликнинг учдан бир қисми сифатида баён қилинган: «Мунофиқнинг аломати учтадир: гапирса, ёлғон гапиради, ваъда берса, хилоф қилади, аҳд қилса, алдайди».

Демак, ёлғончилик мунофиқликнинг биринчи ва етакчи сифатидир. Ёлғон гапирган одам мунофиқликнинг учдан бирини қилган бўлади. Албатта, ёлғончи ваъдасида турмайди, аҳдига вафо ҳам қилмайди. Оқибатда бундай одам тўлиқ мунофиқ бўлади. Мунофиқлик эса, кофирликдан ҳам ёмонроқдир. Мунофиқлар Қуръони Каримнинг таъбири билан айтганда, жаҳаннамнинг энг тўридан жой оладилар.

Одатда, одамлар ёлғонга унчалик эътибор бермайдилар. Ёлғон ёлғончининг ўзига маънавий зарар келтиради, холос, деб ўйлайдилар. Аслини олганда эса, ёлғон йўлида учраган барча нарсага олов пуркаб, куйдириб-ёндириб, янчиб ўтувчи аждаҳо каби ҳамма нарсага зарар етказади. Ҳатто ҳаётнинг барча соҳаларида бирин -сирин фалокатларга олиб келиши ҳам мумкин.

Шу сабабли Исломда бошқалар учун арзимас нарса ҳисобланган ёлғонга жиддий эътибор берилади. Унга қарши курашилади. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким бир гўдак болага, мана буни ол, деса-ю, ҳеч нарса бермаса, у одам ёлғончи бўлади», дейдилар.

Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда эса, Абдуллоҳ ибн Омир розияллоҳу анҳу қуйидагиларни келтирадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйимизда ўтирган эдилар. Онам менга: «Бу ёққа кел, сенга бир нарса бераман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам онамдан: «Унга нима бермоқчи эдинг», деб сўрадилар. «Хурмо бермоқчи эдим», деди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар бирор нарса бермайдиган бўлганингда, сенга бир ёлғон ёзилар эди», дедилар.

Ушбу икки ҳадиси шарифни бугунги ҳаётимизга солиштириб кўрсак, атрофимизда нималар бўлаётганини яна ҳам аниқроқ тушунамиз. Ёлғончилик туфайли бошимизга тушган мусибатлар қилмишимизга муқояса қилинганда, бу кўргуликларимиз ҳали оз эканлигини билиб оламиз.

Ёлғон фақат ёлғончининг ўзига эмас, ёки ёлғондан бевосита зарар топувчигагина эмас, балки бутун жамиятга, инсониятга зарар етказадиган катта маънавий жиноятдир. Шунинг учун ҳам Исломда бу разолатга нисбатан ўта муросасиз муносабатда бўлинган ва унга ҳеч йўл қўймасликка ҳаракат қилинган.

Имом Молик ривоят қилган ҳадиси шарифда Сафвон ибн Сулайм розияллоҳу анҳу айтадиларки:  «Эй Аллоҳнинг Расули! Мўмин қўрқоқ бўладими?» деб сўралди.  «Ҳа», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули! Мўмин бахил бўладими?» деб сўралди. «Ҳа», дедилар.«Эй Аллоҳнинг Расули! Мўмин ёлғончи бўладими?» деб сўралди.«Йўқ», дедилар».

Ушбу ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам гарчи бошқа ҳадисларда қўрқоқлик ва бахилликни салбий сифатлар ўлароқ танқид қилган, улардан четланишга амр қилган бўлсалар ҳам, бу ерда ёлғонга нисбатан бу икки салбий сифат арзимас бир ҳол эканини билдирмоқдалар. Шу билан бирга, ёлғон нақадар катта гуноҳ эканлигини, ёлғончи одам мўмин бўлолмаслигини таъкидламоқдалар.

Бу фикрни Имом Байҳақий Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадис ҳам қувватлайди. Бу ҳадисда: «Ёлғон иймондан четлатувчидир», дейилади. Иймон нима, иймонсизлик нима – фарқига борадиган киши учун иймонсизлик нақадар катта бадбахтлик эканлиги маълум.

Қўрқоқлик ва бахиллик хусусида сўз юритилганда, айтмоқ лозимки, бу иллатлар кимда мавжуд бўлса, энг аввало, ўша одамнинг ўзи зарар кўради. Одатда, Ислом дини ўз эгасидан бошқага зарари кам етадиган ана шу қўрқоклик ва бахиллик каби гуноҳларга нисбатан, жамиятга, халқ оммасига кўпроқ зарари етадиган гуноҳларга катта эътибор беради.

Исломда банданинг ҳаққига зарар етказадиган гуноҳлар қаттиқ қораланади. Ёлғиз Яратганнинг ҳаққи бўлса, ўша маълум бир гуноҳни Аллоҳнинг Ўзи кечириб юбориши мумкин. Бироқ, бандаларга, жамиятга зарар етказилса, ўша зарар кўрган банда ва жамият кечирмагунча, Аллоҳ ҳам кечирмайди. Ёлғон эса, кўпчиликка зарар етказадиган мана шундай гуноҳлар қаторига киради. Демак, бир кишининг ёлғончилиги туфайли неча миллионлаб бегуноҳ кишилар жафо чекар экан. Демак, ёлғончининг шахсига, жамиятда эгаллаб турган ўрнига қараб, жамиятга келтирадиган зарарининг даражаси, микдори, кўлами ҳам ўзгариб борар экан.

Ёлғоннинг яна бир жирканч кўриниши – алдамчиликдир. Яъни, ўзига ишонган одамни билиб туриб алдаш – унга ёлғон гапиришдир. Буни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам улкан гуноҳ деб атаганлар. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал бу ҳақда қуйидаги ҳадисни ривоят қиладилар: «Энг катта хиёнат – сенга ишонган биродарингга ёлғон гапиришингдир».

Ушбу ҳолатларни ҳисобга олиб, Исломда ёлғонга қарши қаттиқ курашилганлигини ҳамда ёлғончилар турли разил сифатлар билан сифатланиб кўрсатилган ва уларга тайинланган жазолар такрор-такрор айтилганлигини англаш мумкин.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда, жумладан, шундай дейилади: Бир одам келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Дўзах амали нимадир?» деб сўради. Расулуллоҳ: «Ёлғончиликдир. Агар банда ёлғон гапирса, фожирлик қилади, фожирлик қилса, кофир бўлади, кофир бўлса, дўзахга киради», деб жавоб бердилар.

Асбиҳоний Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ота-онага яхшилик қилиш умрни зиёда қилади. Ёлғон ризқни қисқартиради. Дуо қазони қайтаради», деганлар.

Ушбу ҳадисда ёлғоннинг бу дунёдаги зарарларидан бири – ризқни камайтириши зикр қилинмоқда. Демак, Аллоҳ таоло ёлғончи кишининг уйидан, корхона бошлиғининг корхонасидан, ёлғончи подшоҳнинг юртидан баракотни кўтаради, ризқларини қисқартириб қўяди. Ушбу ҳақиқатни бугунги кун тажрибасида ҳам кўриб кузатиш мумкин.

Демак, бу дунёю у дунёнинг бахтига эришмоқчи ва икки дунёнинг азоб-уқубатидан, шармандачилигидан қутулмоқчи бўлинса, ёлғондан қутулиш зарур эканлиги ҳамда бу ишда каттаю кичик, эркагу аёл, фуқарою амалдор, шоҳу гадо баробар ҳаракат қилмоғи лозим. Ана шундагина яхшиликдан умид қилсак бўлади, дея ислом таълимотида хотималанади.

Хулоса.

Тайёрланган материалдан яққол маълум бўлмоқдаки, “ёлғон”га барча маданиятларда салбий муносабат билдирилар экан. Бу иллатнинг инсон ва жамият турмуш- хаёти учун нақадар зарарли эканлигини англаган ҳолда, ҳар бир шахс ва жамият ушбу иллатдан халос бўлишга, ўзини ислоҳ қилишга жиддий эътибор қаратиши муҳим бўлиб, амалий чораларни кўриши лозим бўлади.

—————————————————————————————

Фойдаланилган манбалар:

 1.Фрай, О. Ложь: три способа выявления. — СПб. : Прайм-Еврознак, 2006.

 2. Знаков В. В. Индивидуальные оазличия понимания обмана в малом бизнесе // Психологический журнал. 1994. № 6. С. 51-60.

 3. Знаков В. В. Почему лгут русские и американцы: размышления российского психолога над книгой Пола Экмана // Вопросы психологии. 1995. № 2.С. 84-92.

4. Вебер М. Протестантская этика и дух капитализма // Вебер М. Избранные произведения. М.: Прогресс,1990. С. 61-344.

 5. Жуков Ю. М., Хренов Д. В. Методический анализ исследований неискренности. (Статья о проблемах исследования лжи в психологии.)

6. Как определить ложь собеседника? (Статья о методах определения лжи при непосредственном общении).

 7. Портал: http://old.islom.uz/content/view/1628/135/

Муаллиф: Интернет материалларидан фойдаланган ҳолда, Сарбадор томонидан тайёрланди

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг