Истанбулдаги “Авлиё София” биноси яна масжидга айлантирилгач Туркиядаги “Герчек Ҳаят” журналида исломий халифалик ўрнатиш кераклиги ҳақида мақола чиқди.
“Энди “Авлиё София” ва Туркия мустақил бўлди. Халифалик тузиш учун бирлашинг. Агар ҳозир бўлмаса, қачон? Агар сиз бу ишни қилмасангиз, унда ким буни амалга оширади” дейилади 27 июль куни босилган ушбу мақолада.
Баъзилар бу даватлар Туркия президенти Эрдўғанга қаратилганини ва унга Туркия чегараларидан ташқарида ҳам исломий ҳукмларни ўрнатиш таклиф қилинаётганини таъкидлашди.
“Герчек Ҳаят” журналининг ушбу сонида арабчада ёзилган иймон калимаси ҳам нашр этилган.
Шу ойнинг бошида Ражаб Таййип Эрдўған Истанбулдаги олтинчи асрда қурилган “Авлиё София”ни музейдан масжидга айлантирилишини эълон қилди. 26 июль куни бу ер масжид сифатида расман очилди ва Эрдўғаннинг шахсан ўзи жума намозида қатнашди.
Эрдўған “халифа” сифатида
Ушбу мақолани ўзининг твиттер саҳифасига жойлаган Туркиялик журналист Абдурраҳмон Дилипакнинг сўзларига кўра, мамлакат президенти Ражаб Таййип Эрдўған ўтган йили “Халифа” мақомига эришган.
“Энди халифаликни ўрнатиш қарорини қабул қилиш Эрдўғаннинг ўзига қолди” деган эди Дилипак март ойида берган интервьюсида.
Турк ҳукуматига боғланган журнал
Туркия парламентининг собиқ аъзоси Айкан Эрдемирнинг сўзларига кўра, ҳар ҳафта нашрдан чиқадиган исломий журнал “Герчек Ҳаят”нинг турк ҳукумати билан алоқалари бор. Ушбу журналнинг таъсисчилари Туркиядаги Эрдўған қўллаб-қувватлайдиган ва кунлик нашрдан чиқадиган етакчи газетага ҳам эгалик қилишади. Бу газета йиллар давомида турк ҳукумати ва ҳукумат ташкилотларидан катта миқдорда молиявий ёрдам олиб келмоқда.
“Герчек-Ҳаят” журнали Туркиядаги диний озчиликни ташкил этувчилар, жумладан христианлар ва яҳудийлар ҳақида қарши фикрларни билдириб келади. Ундаги антихристиан ва антисемитик даъватлар ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланади.
Агар Эрдўғаннинг ҳукумати “Герчек Ҳаят”нинг диний озчиликни ташкил этувчиларни нишонга олиши борасида ҳақиқатда қайғурганда, у бу журналга моддий таъминот беришни тўхтатган бўларди” дейди Эрдемир.