Туркияда иш борми?

0
2668
Фото: emigras.ru

Дунёнинг турли минтақаларида бугун ўзбекистонликлар ризқ талабида меҳнат қилишмоқда. Раҳматуллоҳ Дониёр -таржимон, муҳаррир. Бугун кунда Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Сабоҳиддин Заим Университети магистри сифатида илм олиш билан бирга, меҳнат қилиб, у ерда тўққиз йилдан бери яшаб келади. Яқинда у ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида “Туркияда иш борми?” сарлавҳаси остида пост эълон қилди. Раҳматуллоҳ Дониёр унда Туркияга келиб ишлаш ва яшаш билан боғлиқ бир қатор муаммолар ва шартларни санаб ўтади. Чет элга чиқиб меҳнат қилиш истагида бўлган ҳамюртларимизга фойдали бўлар деган мақсадда, қуйидаги Раҳматуллоҳ Дониёрнинг ўша пост-мақоласини бироз таҳрирлаб, қайта эълон қилишни лозим топдик.

Сарлавҳани бундай номлаганимнинг боиси бор. Мендан кўпчилик, жумладан, қариндошлар, таниш-билишлар, фейсбукдаги айрим дўстлар ҳам иш масаласида сўраб, мурожаат қилиб туришади.

Туркияга оилавий кўчиб кетмоқчимиз, иш топса бўладими?” “Туркияда иш йўқ, оғир масала”, десам ҳам, “Аёлларга яхши ишлар бор экан, деб эшитдим, 600-700$ олишаркан”, “Бир танишим ҳар ой ойига шунча пул жўнатаркан, шу пулларга мошина олишибди, ҳовли олишибди, дом олишибди” ва ҳаказо гапларни айтишади.

Гоҳида ўйлаб қоламан, булар менга ишонишмайдими ёки уларга мен тушунтиролмадимми ёки уларга тушунтириш қийинми, хуллас, билмадим.

Энг қизиғи, улар орасида умуман ишсизликдан қийналиб қолганлар бўлса-ку майлику-я. Бироқ, аксариятининг Ўзбекистонда ўз уй-жойи, ҳатто тагида шахсий автомобили борлари ҳам йўқ эмас. Яна улар орасида тирикчилиги ўртача бўлсада, лекин шукр қиладиган даражада куни ўтиб турган “ҳавасмандлар” ҳам бор.

Хуллас, шундай саволлар билан мурожаат қилиб келаётган барча қариндош, ёр-дўстларимга, қолаверса, Туркияга келиб ишламоқчи бўлганларга, умуман бу ерга ташриф буюришни режалаштирган барча юрдошларимга ҳам балки фойдаси тегар деган мақсадда, умумий қилиб қуйидаги жавобларни рақамлаб тузиб чиқдим:

  1. Агар Ўзбекистонда ишлаб турган бўлсангиз, тирикчилик ўтиб турган бўлса, шукр қилганингиз ва сабр қилганингиз афзал.
  2. Уй-жой, автомобиль оламан деган ниятда Туркияга боришни режалаштираётган бўлсангиз, яхшиси, буни умуман ҳаёлингиздан чиқариб ташлаганингиз маъқул.
  3. Айни пайтда, Туркияда сиз ўйлагандек маош берадиган ишнинг ўзи йўқ. Туркияда ишсизлик даражаси ўртача 20%. Туркларнинг кўпчилиги Европа, АҚШга ишлаш учун чиқиб кетади. Мамлакатидан ташқарида 6 миллионга яқин туркияликлар борлиги айтилади.
  4. Сўнгги 2-3 йил давомида Туркия иқтисодиётида инфляция жуда катта бўлиб, АҚШ долларининг турк лирасига нисбатан курси ошиб кетган. Мисол учун айтадиган бўлсам, икки йил аввал доллар тахминан 6-7 лира эди. Ўтган йили бу 15-16 лирага чиқди ва ҳозир 19-20 лирага қараб кетмоқда.
  5. Озиқ-овқат, кундалик эҳтиёж моллари бултурги йилларга нисбатан деярли икки бараварга ошиб кетган. Бултур ҳам ўтган йилга нисбатан деярли шунча ошган эди. Кийим-кечаклар ва бошқа маҳсулотларда ҳам нархлар анчага ошиб кетган.
  6. Энди Туркияда яшаш учун муҳим бўлган масалага келсак.

Демак, Туркияда яшаш учун уй ижарасини нархлари авввалги йилларга нисбатан 2-3 бараборага ошиб кетди. Аввал 100-200 АҚШ доллари турадиган уйларнинг ижараси учун, бугун 400-500 АҚШ доллари миқдорида ижара ҳаққи сўрашмоқда. Бунинг устига яна ўртада эмлоқчи (даллол, маклер) хизмати учун харажат ҳам бор. Улар ҳам ҳозир ойлик киранинг икки бараварига ўтиб олишган (таҳминан 800-1000 АҚШ доллари атрофида). Илгари бир кира миқдорида олишарди (тахминан 100-200 АҚШ доллари).

Яна бир масала, уй эгаси депозитсиз ўз уйини ижарага бермайди. Содда қилиб тушунтирилганда, бу гаров пули бўлиб, икки кира миқдоридаги (тахминан 800-1000 АҚШ долларини) пулни ташкил этади. Тўғри, бу пулни агар уйдан чиқиб кетадиган бўлсангиз, қайтиб олишингиз мумкин. Бироқ, чиқиб кетгунингизча ўша пул уйини ижарага бераётганда туради. Агар ижарага бераётган киши ноинсоф, ғаламисроқ бўлса, бирон нарсани баҳона қилиб, ўша пулингизни қайтариб бермаслиги эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Бўлдими, дейсизми?  Йўқ, бу ҳаммаси эмас. Ҳали сиз табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви каби коммунал хизматларни ўз номингизга олишингиз керак бўлади. Ҳар бир турдаги коммунал хизматлардан фойдаланишдан олдин, аввалдан озроқ миқдорда бўлса ҳам депозит тўлашингизга тўғри келади.

Бу ҳали бўлди, дегани эмас. Жумладан, ҳозир кўп жойда олти ойлик ёки бир йиллик кирани олдиндан беришни талаб қилишмоқда. Демак, 400+800+800+4800=6800 АҚШ долларини қуртдай  санаб беришингизга тўғри келиши мумкин. Нари-бериси, идиш-товоқ, гилам-кўрпа учун жами 10000 АҚШ доллари кетиб қолади. (Бу ердаги уйлар асосан ялонғоч, ашёсиз бўлади).

Ҳа, албатта, уй эгаси агар бир йиллик ижара ҳаққини олдиндан тўлаб қўйишни сўрамаса, демак, сизга омад кулиб боққани шу бўлади, яъни 400+800+800=2000 АҚШ доллари бўлади.

Менимча ижара масаласида Ўзбекистонда бунақа ҳолат бўлмаса керак.

Юқоридаги  кўрсатиб ўтилган нархлар ўртача ҳисобда кўрсатилган, баъзан, бундан ҳам қимматроқ бўлиши мумкин.

  1. Ниҳоят энг муҳим ва асосий масалага ҳам етиб келдик — бу ҳужжатларни расмийлаштириш билан боғлиқ масала.

Ўзбекистонликлар 3 ойгача иқомасиз (рўйхатдан ўтмасдан) юриши мумкин. Уч ойдан кейин ҳужжат расмийлаштирмасангиз ва шундай пайтда агар сиз полис (хуқуқ идоралари ходимлари) томонидан тўхтатилиб ҳужжатларингиз текширилса, улар сизни Туркиядан депортация қилиб (чиқариб) юборади.

Маълумот учун шуни айтишим мумкинки, бу йилнинг бошидан илк марта мурожаат қилганларга рад жавоби чиқмоқда. Туркия Ҳукумати томонидан ябанжи (чет эллик)ларни камайтириш чораси кўрилмоқда. Чунки, баъзи маълумотларга қараганда, Туркияда 5 миллиондан ошиқ ябанжи бор. Фақат айрим давлатлардан келганларга, хусусан украинларга муаммосиз рухсат берилмоқда. Шунингдек, айрим россияликларга ҳам рухсат берилаётган холатларини кузатдим. Бироқ, ўзбекистонликларга рад жавоби берилаётгани аниқ.

Ўзбекистонликлар учун фақат қуйидаги ҳолатларда истисно бўлиши мумкин:

– Уй сотиб олсангиз рухсат берилади. Лекин, шу ерда алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, Туркиядаги ҳар бир шаҳар учун белгиланган миқдор бор. Масалан, Истанбул учун 75000$.

– Чалишма изни (Ишлаш учун рухсатнома, разрешения на работу) олган бўлсангиз рухсат берилади. Лекин уни олиш осон иш эмас.

– Университет ёки лицей талабаси бўлсангиз рухсат берилади. (Мадраса ёки бирон ўқув марказлари талабаси асос бўлмайди).

– Туркия ватандоши билан расмий никоҳдан ўтган бўлсангиз рухсат берилади.

  1. Яна бир нарса. Оҳирги вақтларда ябанчиларга нисбатан ҳукуматнинг ҳам, маҳаллий аҳолининг ҳам муносабати салбий тарафга ўзгарган. Кўча-куйда оддий маҳаллий аҳоли вакилларининг муомаласи қўрслашиб қолган.

Олдинроқ, икки уч йил аввал иқома олганларда ҳужжат бўйича деярли муаммо бўлмаслиги мумкин. Чунки, узатмаларда деярли рад йўқ. Аммо баъзи ўзбекларга рад чиқаётган экан.

Ҳужжат, уй ижараси ва бошқа масалада 3-4 йилдан бери яшаётганларда унчалик қийинчилик бўлмайди. Чунки улар арзон пайти ижарага уй олиб қўйишган. Бироқ, ҳатто уларникини ҳам бозорга қараб нархини оширишга ҳаракат қилишяпти. Лекин ҳозирча арзон. Агар инсофсиз уй эгасига тўғри келиб қолсангиз, тамом. Турли баҳоналар билан сизни арзон уйдан чиқаради.

Муаммо янги келганларда бўлиши мумкин. Қийинчиликка асосан улар дуч келишади. Албатта, бу каби муаммолар пулдор одамларга сезилмайди. Лекин, Туркияга келмоқчи бўлган ўртаҳол одамлар юқорида санаб ўтганларимни инобатга олишса зарар қилмайди.

Хуллас, кўпчилик Туркияга келмасдан туриб тасаввур қилганидек ёки телевизорда кўрганидек эмас. Туркияни кўрмаган, билмаган  ва албатта Туркияга умуман келмаган одамга буларни шунчаки тушунтириш қийин.

Муаммоларни қаторлаштириб кўрсатиб бериш орқали, Туркияга келишни истаётганлар кайфиятини тушриш ёки уларни фикрларидан умуман қайтариш ниятим ҳам йўқ. Шунчаки муҳожирликда қийин вазиятга тушиб қолмасликлари учун, ҳамма томонларини ҳисобга олиб ёки “етти ўлчаб, бир кесиш” керак бўлади дея бироз маслаҳат ва тавсиялар бермоқчиман халос.

Чунки, қанчадан қанча кишилар бу тарафларини инобатга олмасдан ёки билмасдан Туркияга ташриф буюради ва оқибатда ҳужжат расмийлаштира олмайди. Буларни орасидан баъзилари фирибгарларга йўлиқиб, пулга куйиб қолади. Каттагина харажатга тушиб, шўри қуриб, ортга қайтиб кетганлар ҳам оз эмас.

Албатта, Туркияга боришни агар қасд қилган бўлсангиз, икки оёғингиз бир этикка тиқилган бўлса, минг бора  маслаҳат берилган тақдирда ҳам унга амал қилмашингиз мумкин. Азбаройи атрофимда содир бўлиб турган ҳолатларни кўриб, гувоҳи бўлиб турганларимдан таъсирланиб, ўз юрдошларимга имкон қадар беминнат, беғараз ёрдам бўлар деган ниятда, шунчаки, кейинги икки йилда кузатилаётган қийинчилик ва муаммолардан огоҳ қилмоқчиман.

Маслаҳатим, Туркияда яшаётганлардан маълумот олаётганда фақат тўғри маълумотларни олишга ҳаракат қилинг. Иложи борича бир кишидан эмас, бир-биридан мустақил бўлган манбалардан, ишончли кишилардан сўраб билиб олинг. Ҳатто бир-икки марта мусофир сифатида тижорат ва саёҳат мақсадида келиб-кетганлардан эмас, бир-неча йиллардан бери яшаётган одамлардан сўранг. Фақат ижобий томонларини эмас, салбий томонларини ҳам сўранг.

Ўз навбатида, Туркияда яшаётганларга қарата мурожаат қилиб, улардан ҳам шуни сўраб қолмоқчиман. Агарда кимгадир бу борада маслаҳат бермоқчи бўлсангиз, Туркиядаги ҳолатни борича таърифлаб беришга, яъни, салбий томонларини ҳам яширмасликларини сўраган бўлардим.

Дарҳақиқат, агар Туркияга бирон тижорат ёки оилангиз билан бирга саёҳат қилиш учун келадиган бўлсангиз, албатта белни бақувват қилиб, келсангиз бўлаверади))

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг