Толибон: Қўшни давлатлар биздан ҳадиксирамасин, музокарага тайёрмиз

0
641
.Фото:amerikaovozi.com

Толибон Афғонистоннинг 80 фоиздан ошиқ ҳудудини ўз назоратига олгани, Марказий Осиё давлатларига таҳдид қилмаслигини иддао қилмоқда.

8 июль куни Толибон вакиллари Россиянинг Афғонистон бўйича махсус элчиси билан музокара ўтказиш учун Москвага борган, аммо сафарнинг асосий воқелиги толибларнинг Афғонистон келажаги, Марказий Осиё билан муносабатларга доир баёнотлари дейиш мумкин.

Москвадаги матбуот анжуманида Толибон делегацияси раҳбари Шаҳобиддин Диловар Афғонистон ҳудуди учинчи мамлакатлар, жумладан, қўшни давлатларга ҳам таҳдид бўлмаслиги, ИШИДнинг мамлакатда фаолият юритишига рухсат берилмаслигини таъкидлаган.

Ҳаракат Тожикистон билан чегарага, шунингдек, Афғонистон билан чегарадош бошқа ҳудудларга ҳам ҳужум қилиш ниятида эмас.

Толибон вакили афғон жамияти келажаги, жумладан, аёллар ҳуқуқи, таълими ҳақида гапирар экан, аёллар ислом ва миллий анъаналар доирасида таълимни давом эттиришини айтган. Толиблар ҳокимиятни тортиб олиш даъвосида эмаслиги, афғонлар миллати, келиб чиқишидан қатъи назар афғон жамиятини қуришда иштирок этиши иддао қилинади.

“Эркакми, аёлми, биз унинг таълим олишини кафолатлаймиз. Фақат бу ислом ва афғон анъаналари доирасида бўлиши керак. Ислом талабларидан келиб чиққан ҳолда эркак ҳам, аёл ҳам ишлаш ҳуқуқига эга. Толибон мамлакатдаги барча миллатларни ижтимоий тенглиги тарафдори”, – деган толиблар делегацияси раҳбари.

Толибон мамлакатда гиёҳванд моддалар етиштирилиши, унинг контрабандасига барҳам берилишини ваъда қилган.

Шунингдек, матбуот анжуманида таъкидланишича, сўнгги пайтда ҳаракат назоратига ўтган чегара пунктлари, божхона портлари ҳам ўз ишини одатдагидек давом эттиради, юкларнинг ҳаракатланиши, тадбиркорлар фаолияти кафолатланади.

Шаҳобиддин Диловар Афғонистон билан қўшни давлатларни ўзаро алоқаларни давом эттиришга чорлар экан, мамлакат ҳудудининг 85 фоизга яқини толиблар назоратига ўтгани, бу ҳудудларда барча ижтимоий обектлар, шифохоналар, мактаблар ўз фаолиятини давом эттираётганини билдирган.

“Биз Афғонистонга нисбатан қандайдир ҳадикда, хавотирда турган ҳар қандай томон билан учрашишга, музокара юритишга, бундай хавотирларни соқит қилишга тайёрмиз”, – деган Толибон вакили.

Афғон ҳукумати, жумладан, Президент Ашраф Ғани маъмурияти Толибоннинг Москвадаги баёнотлари, жумладан мамлакат ҳудудининг 80 фоизини назорат қилаётганига доир иддаоларга ҳозирча бирор муносабат билдирмаган.

Аммо Афғонистондан келаётган сўнгги хабарларга кўра, Толибон мамлакатдаги иккинчи йирик шаҳар Қандаҳорга ҳужум бошлаган. Ҳукумат кучлари ва толиблар ўртасида тўқнашувлар давом этаётгани айтилади.

Айни пайтдаги вазиятга кўра, толиблар Афғонистон билан чегарадош ҳудудларнинг аксариятини ўз назоратига олган. Тожикистон, Туркманистон билан чегара ҳудудлар тўлиқ толиблар тасарруфига ўтган бўлса, фақат Ўзбекистон билан туташ ҳудуд, Афғонистонга турли инсонпарварлик ёрдамлари етказилаётган шимолий коридор, жумладан Ҳайратон божхона порти устидан назорат афғон ҳукуматида қолмоқда.

Ўзбекистон томони бир муддат аввал Афғонистон билан чегарани ёпиб, бу Афғонистондаги коронавирус билан боғлиқ вазият билан изоҳланган эди. Сўнгги хабарларга кўра, ўзбек-афғон чегарасида вазият тинч, чегара пункти чекланган тарзда ишламоқда, юк, транспорт қатнови давом этмоқда.

АҚШ етакчилигидаги халқаро қўшинлар Афғонистонни тарк этар экан, иқтидордаги ҳукумат қўшинлари ва Толибон ўртасида жанглар авж олди.

Мамлакатдаги ўнлаб туманлар бирин-кетин толиблар назоратига ўта бошлади. Ҳукумат кучлари минтақа давлатлари, Ўзбекистон, Тожикистон ҳудудига ҳам чекинишди.

Тожикистон айни пайтда Афғонистондаги тўқнашувлардан қочаётган тинч аҳолини ҳам қабул қила бошлаган. Айрим маълумотларга кўра, Ўзбекистон томони ҳам Сурхондарёда қочқинларни қабул қилиш учун тайёргарлик ишларини олиб бормоқда.

Марказий Осиё президентлари Афғонистондаги вазият юзасидан жиддий хавотирда. Толибон вакиллари минтақага ҳужум қилиш ниятида эмаслигини таъкидлаётган бўлса-да, ҳаракат иқтидорга келиши асли минтақадан бўлган турли экстремистик гуруҳлар учун шароит яратишидан ҳадиклар кучайган.

Манба

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг