ТИББИЙ ТАЪЛИМ ТИЗИМИ: ЎҚУВ ЙИЛИ ҚИСҚАРДИ, ГУМАНИТАР ФАНЛАР ҲАМ, БИЛИМ БЕРИШ СИФАТИЧИ?..

0
2278

Ушбу жиҳатларга Миллий матбуот марказида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтказилган “Тиббий таълимдаги ислоҳотлар – соғлиқни сақлаш тизимини тараққий эттиришнинг муҳим мезонларидан бири” мавзусида матбуот анжуманида ойдинлик киритилди. Унда вазирлик мутасаддилари, тиббиёт олий ўқув юртлари ректор ва директорлари ҳамда журналистлар иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, тиббиёт соҳасини замонавий фикрлайдиган, чуқур билимли, масъулиятни ҳис этадиган, ҳар жиҳатдан етук кадрлар билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикасида тиббий таълим тизимини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишда муҳим қадам бўлди. Ҳозирда мамлакатимизда 7 та олий тиббий таълим муассасаси ва уларнинг 4 та филиалида малакали кадрлар тайёрланмоқда. 2018 йил ушбу олий таълим муассасаларини бакалавриат йўналиши бўйича 2000 нафар талаба тугатиб ишга йўлланма олган бўлса, 4395 нафар йигит-қизлар талаба бўлиш бахтига мушарраф бўлди.

Таълим тизимидаги ислоҳотлар жараёнида Тиббиёт олий таълим муассасаларида бакалавриат таълим йўналишлари ўқиш муддатлари 7 йилдан 6 йил ва “тиббий профилактика” йўналишида 6 йилдан 5 йил қилиб белгиланди. Шунингдек, ўқув режаларидаги ижтимоий-иқтисодий фанлар блокини 23 фоиздан 7 фоизга қисқартирилиб, клиникагача ва клиникага оид фанлар учун соатлар ҳажми 55 фоиздан 85 фоизгача оширилди ҳамда халқаро стандартларга мос янги ўқув режалари ишлаб чиқилгани ҳам таълим бериш сифатига ижобий таъсир кўрсатмоқда. 

Анжуманда қайд этилганидек, ҳозирда ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларини малакали шифокорлар билан таъминлашда давлат грантлари асосида бакалавриатура йўналиши бўйича мутахассислар тайёрлашнинг мақсадли қабул квоталари бўйича қабул йўлга қўйилгани ҳам эътиборга лойиқ. Чунончи, 2017 йилда 1180 та, жорий йилда 1548 та квота шакллантирилди. Мақсадли тайёрланаётган кадрлар 3 йилдан 10 йилгача муддатда тегишли ҳудудларда ишлаб беришади. Бундан ташқари, нафақага чиққан мутахассисларимиз малакасини ошириб, ишга жалб этилиши, хориждаги мутахассисларимизнинг юртимизга қайтиб, фаолият юритаётгани, юқорида айтиб ўтганимиздек, жорий йилда ўқув йилининг қисқариши эвазига иккита курснинг ўқишни тамомлаши каби омиллар ҳам соҳадаги кадрлар етишмовчилигини бартараф этишда қўл келаётир.

– Ушбу чора-тадбирлар натижасида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Андижон, Сирдарё вилоятларида умумий амалиёт шифокорига бўлган эҳтиёж тўлиқ қопланди. Қолган ҳудудларнинг ҳам бу борадаги эҳтиёжи 2019 йил битирувчилари ҳисобидан қопланади. Бирламчи тиббиёт муассасаларидаги тор мутахассислар етишмовчилиги клиник ординатура, магистратура, қисқа муддатли қайта тайёрлов курслари битирувчилари ҳисобига 2020 йилгача тўлиқ бартараф этилади, – деди Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов.
Тиббий олий ўқув юртларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳам вазирлик диққат-марказида бўлиб келаяпти. Жумладан, 7 та тиббиёт олийгоҳи объектларига 57,6 млрд. сўм, шунингдек, учта тиббиёт олийгоҳларининг килиникаларига 35,0 млрд. сўм маблағ йўналтирилиб, қурилиш-таъмирлаш ишлар жадаллик билан олиб борилаяпти.
Тиббий таълим тизимида халқаро ҳамкорлик ҳам ривожланмоқда. Кейинги йилларда республикамиздаги тиббиёт олий ўқув юртлари 20 дан ортиқ хорижий олий таълим муассасалари билан хамкорликни йўлга қўйди. Ушбу ҳамкорлик меморандумлари асосида ҳозирда биргина Жанубий Кореянинг тиббиёт университетларида 40 нафар ўзбекистонлик талабалар тегишли таълим йўналишларида таҳсил олишмоқда.
Жорий ўқув йилида Тошкент давлат стоматология институтида Москва давлат тиббиёт-стоматология университетининг “Стоматология” ва Италиянинг Турин политехника университетининг “Биотиббиёт муҳандислиги” таълим йўналишлари очилди. 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб Жанубий Кореянинг Индже университети Ильсан госпитали билан “Травматология ва ортопедия” магистратура мутахассислиги бўйича қўшма дастур асосида Тошкент педиатрия тиббиёт институтида магистрларни тайёрлаш ҳақида келишув имзоланди ва таълим жараёнини бошлаш режалаштирилган. Шунингдек, ушбу институтда “Педиатрия иши” таълим йўналиши бўйича қўшма дастур асосида ҳалқаро факультетда талабаларни тайёрлаш юзасидан Россия Федерациясининг Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт университети билан келишув имзоланди. 

Талабалар билан бир қаторда шифокорларнинг малакасини ошириш борасида ҳам тизимли ишлар олиб бориляпти. Жорий йилда шу йўналишда беш юз нафардан кўпроқ ёш мутахассисларнинг чет элда малака ошириши, 400 нафарга яқин хорижлик мутахассислар Ўзбекистондаги тиббиёт муассасаларида маҳорат дарсларини ташкил этиши тиббиётимиз олдида турган долзарб вазифалар ечими йўлида муҳим қадам бўлмоқда.

Тиббий олий таълим муассасаларида малакали кадрлар тайёрлаш баробарида соҳанинг долзарб масалалари бўйича илмий изланишлар ҳам олиб борилмоқда. Сўнгги йилларда 226 та ихтирога ва фойдали моделларга патентлар, 186та ЭҲМ дастури учун гувоҳномалар олингани ҳам соҳада илм-фанга қаратилаётган юксак эътибор натижасидир.
Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга мутахассислар батафсил жавоб қайтарди.


Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Ахборот хизмати

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг