Расмийларнинг 28 ноябрь куни берган хабарларига кўра, ИШИДга алоқадор жангарилар Индонезиянинг Сулавеси оролидаги чекка қишлоқда яшовчи 4 нафар насронийни ўлдиришди.
Қурбонлардан бирининг боши танасидан жудо қилинган бўлса, қолган уч киши ёқиб юборилган. Қилич ва қурол ишлатган жангарилар гуруҳи жума куни эрталаб Марказий Сулавеси вилоятидаги Лембантонгоа қишлоғига пистирмадан ҳужум уюштириб, бир неча одамни ўлдиришди ва ўнлаб уйларни, шу жумладан, ибодат қилиш ва хизмат кўрсатиш учун ишлатиладиган уйни ёқиб юборишди.
Ушбу ҳодиса бўйича ҳали ҳеч ким ҳибсга олинмаган ва ҳужумга айнан нима сабаб бўлганлиги аниқланмаган. Аммо, ҳукумат ушбу жиноят учун Сулавесида фаолият олиб борувчи Шарқий Индонезия мужоҳидлари гуруҳини айбламоқда.
Ушбу гуруҳ Шарқий Осиёдаги ИШИДга содиқлик ваъдасини берган ўнлаб радикал гуруҳлардан бири ҳисобланади.
Дунёдаги энг кўп мусулмон аҳоли яшовчи давлат бўлган Индонезия узоқ вақтдан бери жангарилар ва террористик ҳужумлар билан курашиб келмоқда. Марказий Сулавесида эса ўнлаб йиллар давомида насронийлар ва мусулмонлар ўртасида вақти-вақти билан зўравонлик бўлиб туради.
«Биз ушбу ҳужумни амалга оширганлар Шарқий Индонезия мужоҳидларининг аъзоси бўлган деган хулосага келдик. Биз ушбу гуруҳ аъзоларининг расмларини қурбонларнинг қариндошларига кўрсатгандан кейин шундай фикрга келдик», дейди Сиги Регенсия полицияси бошлиғи Йога Прияҳутама.
Индонезияда яшовчи насронийлар олдинлари ҳам бундай ҳужумларга дуч келишган. Хусусан, 2018 йилда ИШИДга алоқадор Жамоа Аншарут Давлаҳ гуруҳи мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри Сурабаядаги черковларда портлашларни уюштириб, ўнлаб христианларни ўлдирган эди.