Тараққиёт йўлида маърифатпарварлик (III-бўлим)

0
3889

Тарихшуносликда Туркистонда жадидчиликнинг юзага келиши юзасидан турли тавсифлар, таснифлар ва талқинлар мавжуд, лекин уларнинг ҳеч бири ҳаракатнинг мустамлакачиликка, кейинчалик эса совет ҳукуматига қарши қаратилган маърифатпарварлик ва ғоявий-сиёсий фаолиятини инкор қилмайди.

Жадидчиликни холисроқ баҳолаш учун, юқорида тилга олинган принциплардан келиб чиққан ҳолда, ушбу ҳаракат эволюциясининг барча босқичларини аниқ белгилаш мақсадга мувофиқдир.

Туркистонда жадидчилик эволюциясининг босқичлари:

  1. 1885-1895 йилларда жадидчилик отаси – Исмоил Гаспринский (1851-1914) томонидан чоп этиладиган «Таржимон» газетаси таъсири остида Туркистоннинг кўпгина шаҳарларида янги усул мактаблари очила бошланди, улар рус-тузем мактаблари билан муваффақиятли рақобатлаша бошлади.
  2. 1896-1904 йилларда, Исмоил Гаспринский 1893 йили Бухоро ва Самарқандга ташриф буюргани муносабати билан Туркистоннинг йирик шаҳарларида ҳам янги усул мактабларини тузиш ишлари фаоллашиб кетди. Бухорода Исмоил Гаспринский амир Абдулаҳадни жадид мактабини очишга кўндирди. У «Музаффария» деб аталди. Гаспринский билан бирга келган озарбайжонлик ёзувчи ва маърифатпарвар Султон Мажид Муртазо Али ўғли Ғанизода (1866-1937) Самарқандда болаларни янги «усули жадид» усули бўйича ўқита бошлади. 1887 йили Тифлисдаги Александр ўқитувчилик институтини тамомлаган Ғанизода Бокудаги рус-мусулмон мактаби директори эди. Боку губернияси халқ мактаблари инспектори лавозимида ишлар эди. Болаларни янги усул мактабларида она тилига ўргатиш Туркистон учун катта янгилик бўлди. Бу жадидчиликнинг вужудга келишига туртки берди, маҳаллий интеллигенция Туркистоннинг йирик шаҳарларида янги усул мактабларини ташкил этишга киришиб кетди. 1906 йили журналист, ёзувчи ва таржимон Саид Ризо Ализода Самарқандда жадид мактабини очди. Бундан ташқари, маърифатпарвар Мирзо Муҳаммад Охунзода ўз мактабини ташкил қилди.
  3. Маҳаллий зиёлилар Жўрабой бошчилигида Бухорода янги усул жадид мактабларини оча бошлади; Самарқандда бу ишларга А. Шакурий, С. Азизий, А. Мунзим, Мулла Қилич раҳбарлик қилди; Тошкентда Мунавварқори Абдурашидхон, Абдулла Авлоний, Қўқонда – Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Наманганда – Ибрат, Сўфизода бу ишлар бошида турди. Натижада, юқорида айтилганидек, Туркистонда 1907 йилга келиб 30 жадид мактаби бўлиб, уларда 1300 ўқувчи таълим олар эди. Янги усул таълимининг аҳамиятини камайтириш, унинг янада кенгроқ тарқалишини бартараф қилиш мақсадида Россия маъмурияти рус-тузем мактаблари сонини кўпайтириб борди.
  4. 1905-1914 йиллар жадидчилик ҳаракати ривожида муҳим босқич бўлди. Улар ноширлик фаолиятини йўлга қўйди, алоҳида эътибор фан, адабиёт, маданият ва маърифат масалаларига қаратилган эди. 1906 йили Туркистонда Исмоил Обидов муҳаррирлигида «Тараққий», Мунавварқори Абдурашидхон муҳаррирлигида «Хуршид» газетаси чиқа бошлади. 1907-1908 йилларда янги газеталар дунё юзини кўрди: Абдулла Авлонийнинг «Шуҳрат», Аҳмаджон Бектемировнинг «Осиё» газеталари.
  5. 1912-1915 йилларда янги тўлқин устида «Самарқанд», «Садои Туркистон», «Садои Фарғона», «Бухорои шариф», «Турон» газеталари; 1917 йили «Эл байроғи», «Кенгаш», «Ҳуррият», «Улуғ Туркистон» газеталари ва «Оина» журнали чоп этила бошланди. 1912 йили маърифатпарвар озарбайжонлик Мирзо Жалол Юсуфзода Бухорода «Бухорои шариф» ва «Турон» газеталарининг илк муҳаррири бўлди.
  6. 1914-1917 йилларда жадидчилик ижтимоий-сиёсий ҳаракатга айланди, жадидларнинг сиёсий партиялари яратилди. Уларнинг айримлари Россиядан бутунлай ажралиб чиқиш талабини илгари сурган бўлса, бошқалари ўз вазифаси сифатида Россия Федерацияси таркибида «миллий-ҳудудий мухторият» яратишни белгилаган эди, яна баъзи бировлари эса Россия таркибида маънавий-диний мухторият ҳуқуқлари кафолатланиши талаблари билан чекланган эди.
  7. 1917 йилги Петрограддаги Октябрь тўнтаришидан сўнг 1917-1918 йилларда Туркистон мухторияти мавжуд бўлди. Жадидлар ташаббусига кўра яратилган республика «Дашнакцутюн» миллатпараст партиясидан чиққан армани террорчилар томонидан большевиклар кўмагида йўқ қилинди.
  8. 1918-1924 йилларда «Чиғатой гурунги» гуруҳи фаолият юритиб, маърифатпарварлик ва ноширлик ишига бошчилик қилди.
  9. 1924 йили Туркистон халқлари миллий-ҳудудий бўлиниш туфайли парчалаб ташланди, жадидчилик ҳаракати энди Марказий Осиё миллий республикалари ва мухториятлари таркибида ривожлана бошлади. Ўша йилларда жадидлар «Чиғатой гурунги» гуруҳининг маданий-маърифий, таълим ва ноширлик йўналишларидаги ғояларини яширин амалга оширди, шунингдек, большевикларга қарши миллий озодлик ҳаракатини жонлантиришга уринишлар бўлди.
  10. Туркистон жадидларининг асосий ғоявий ва назарий қарашларини зиёкор ва модернистлар Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхон, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Авлонийлар томонидан шакллантирилди. Улар кўп жиҳатдан совет тизимини инкор қилиб, Туркистонда халқ давлатининг яратилишини, у ўз йўлидан ривожланишини ёқлаб чиққан эди.
  11. Айрим жадидлар СССР конституциясига асосланган ҳолда миллий мустақилликка эришиш йўлини тутди. С. Айний, Ҳамза, Боту, Олтой, Элбек, А. Икромов, Ф. Хўжаев совет ғоялари ва қадриятларини рационал қўллашга урғу бериб, шу йўл билан ўз ғояларини секин-аста ҳаётга татбиқ эта борди.
  12. Большевиклар маҳаллий интеллигенцияни сиёсий қатағон йўли билан жисмонан йўқ қилишга киришди. Жадидлар оғир жазога тортилди, жисмонан йўқ қилинганидан ташқари, жадидчилик ҳаракатининг дастурлари ҳам йўқ қилинди.

Ўз ғояларини ёйиш учун жадидлар, матбуотдан ташқари, театр санъатидан ҳам фойдаланди. Туркистонда мустамлакачилар томонидан илгари ҳам спектакллар қўйилган, Россия империясида машҳур муаллифларнинг гастроль сафарлари уюштирилган бўлишига қарамай, маҳаллий аҳоли театр санъатининг моҳиятини тушунмас эди. Маҳаллий халқлар рус муаллифларининг спектакль ва томошаларини кўнгилочар вақт ўтказиш деб баҳоларди. Жадидчилик ҳаракатининг кўзга кўринган етакчиси Мунавварқори Абдурашидхон, бу ҳақда фикр юритар экан, шундай деб ёзган эди: «Барчамизга яхши маълумки, Туркистон тилларида бирор спектакль ўйналмаган, шунинг учун айрим одамлар театрга енгил кўнгил ёзиш сифатида қарайди. Аслида театрнинг мазхмуни “Олиш” ёки “Буюклар мактаби” демакдир. Театр саҳнаси барча томондан шишаланган хонага ўхшайди, унга ким кирса, ўз гўзаллиги ва хунуклигини, камчилик ва ютуқларини кўриб, ибрат олади».

Ўзбек драма театрининг шаклланишига Туркистонда озарбайжон ва татар театр жамоалари ўтказган гастроллар катта таъсир ўтказди. 1911 йилдан 1916 йилгача Туркистонга С. Руҳулла, Ю. Наримонов сингари артистлар етакчилигидаги Озарбайжон театри муваффақиятли гастроллар уюштирди. Бу воқеалардан руҳланган жадидчилик ҳаракатининг кўзга кўринган намояндаси, кўплаб шеърий тўпламлар муаллифи Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий Туркистоннинг энг биринчи театр студияларидан бирини ташкил этди. 1911 йили Марғилонда унинг раҳбарлигида ҳаваскор театр ташкил этилди, «Заҳарланган ҳаёт» пьесаси эса биринчи намойиш қилинган спектаклга айланди. Бу пьеса ўзбек театри шаклланишида муҳим роль ўйнади. 1913 йили Самарқандда Маҳмудхўжа Беҳбудий раҳбарлигида ҳаваскор труппа ташкил этилди.

Ўзбек миллий театри ривожида йирик маърифатпарвар Абдулла Авлонийнинг ҳам улкан ҳиссаси бор. 1914 йил бошида Тошкентда Абдулла Авлоний «Туркистон» номли театрни ташкил этди, ушбу жамоа қўйган илк томоша эса Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Падаркуш» пьесаси бўлди. Самарқандда биринчи марта маҳаллий кучлари билан қўйилган «Падаркуш» спектакли режиссёри озарбайжонлик Алиасқар Асқаров бўлди. Бу драма саҳнада бир неча марта қўйилди. 1915 йили театр Туркистон ўлкаси шаҳарларида улкан муваффақият билан гастроль сафарлари уюштирди. Театрларда катта ижтимоий ва ахлоқий масалаларни кўтарадиган, адолатсизлик, зулм, истибдодни фош қиладиган, томошабинларда норозилик ва эътироз туғдирадиган спектакллар намойиш этилди.

Фожиаларга олиб келаётган эски урф-одат ва анъаналар танқид остига олинар эди. Аёлларнинг оиладаги камситилган мақоми қораланар эди. Кўп хотинлилик, ҳисоб-китоб асосидаги никоҳ, эркакларнинг аёлларга нисбатан зулми танқид остига олинарди. Муаллифлар аёлларнинг поймол қилинган ҳаётлари ҳақида азоб билан гапирар эди. Шу тариқа, реалистик адабиёт жанрлари Туркистонда миллий театр шаклланишига омил бўлди.

Жадид театри, ўз навбатида, маҳаллий аҳолининг ўз драматурглари, актёрлари ва режиссёрлари пайдо бўлиши учун мактаб вазифасини ўтади, маҳаллий аҳоли орасида жадидларнинг маърифатпарварлик ғоялари тарқалишига кўмак берди.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, буюк озарбайжон бастакори Узайр Ҳожибековнинг «Гўрўғли», «Лайли ва Мажнун», «Аршин молчи» сингари мусиқий пьесалари маҳаллий театрнинг ривожига туртки бўлди. Хусусан, 1913 йил 25 октябрида Бокуда, Ҳожи Зайнулобиддин Тагиев театрида «Аршин молчи» опереттасининг премьераси бўлиб ўтгани ҳамоно у Туркистонда ҳам қўйила бошланди. 1919 йили бокулик Мирзо Ҳабиб Охунзода Самарқандда театр труппасини яратиб, катта муваффақиятга эришди. 1921 йили «Аршин молчи» опереттаси Бухорода қўйилди.

1922 йил 21 апрелида «Аршин молчи» опереттаси Тошкентнинг «Роҳат» боғида ўзбек тилида Ўзбек давлат труппаси томонидан қўйилди. Кейинчалик Тошкентда «Аршин молчи» 24 сентябрда «Турон» театри саҳнасида ўзбек труппаси ва кавказлик мусиқачилар ҳамкорлигида қайтадан кўрсатилди. Спектакль режиссёри бўлган Маннон Уйғур 1932 йилда Ўзбекистон ССР халқ артисти унвонига сазовор бўлди. Кейинги йилларда спектакль Тошкент, Фарғона, Бухоро, Қўқон, Хоразм, Самарқанд саҳналарида кўп маротаба намойиш этилди. 1923 йил 31 майида «Аршин молчи» опереттаси яна Самарқандда намойиш этилди, унда бош ролни озарбайжонлик актёр Ҳусайнқули Сарабский ижро этди.

 

ХУЛОСА

  1. Жадидлар ҳеч қачон халқни синфларга ва миллатларга бўлган эмас, миллий сиёсатнинг большевик дастури эса одамларни синфларга, миллатларга бўлиб юборди ва бу билан Туркистон жамиятининг исломий ва миллий қадриятларига тубдан қарши чиқди.
  2. Жадидлар нафақат бойлар, балки камбағалларнинг ҳам инсоний иллатларини фош этарди, зеро уларни жамият эволюциясининг чуқур жараёнлари қизиқтирар эди. Шунинг учун улар ватандошларининг диққатини саводсизлик, очкўзлик, пиёнисталик, жинсий тенгсизлик, бузуқлик ва бошқа иллатларга қаратишга уринар эди. Улар ижтимоий тузум туфайли вужудга келган мана шу иллатларни йўқ қилиш имконини берадиган йўлларни қидирар, халқини зиёли ва саводли, қулликдан, саводсизликдан ва миллий ёпиқликдан озод, жаҳон ҳамжамиятига омухталашган ҳолда кўришни исташар эди.
  3. Империя, сўнг коммунистик тизимнинг мафкуравий, руҳий, сиёсий ва иқтисодий босимига қарамай, ўзбек халқи барибир миллий ўзига хослигини, жадидлар илгари сурган орзу-интилишлар рўёбига бўлган умидини сақлаб қолди. 1991 йили СССР парчаланиб кетгани ва Ўзбекистон асл мустақиллигини қайта тиклаганидан кейингина жадидчилик ғояларини тўлиқ ҳаётга татбиқ қилиш мумкин бўлди. Ўзбекистон мустақиллигининг тикланишига қадар жадидчиликка бўлган муносабат, унга берилган баҳолар ҳам ўзгариб турар эди. У гоҳ илғор, гоҳ ультрамиллатпараст ҳаракат деб тан олинар эди.
  4. Жадидчилик ҳақидаги ҳақиқатнинг тикланишида Ўзбекистон, Татаристон ва Озарбайжон тарихчилари, файласуфлари ва филологлари муаммони ўрганишга киришиши муҳим босқич бўлди. Уларнинг фаолияти ўрганиб чиқилгач, жадидчиликни баҳолашга социалистик мафкуравий қўпол ёндашувдан воз кечишга, унинг Шарқда маърифат ва тараққиётнинг ёрқин босқичи сифатида маҳаллий маданият ривожидаги ўрнини холис ёритишга қарор қилинди. Шу билан жадидчилик пантуркизм, панисломчилик ва буржуа миллатпарастлиги билан чоғиштирилиши мумкин эмаслиги тасдиқланди.
  5. Туркистонда жадидчилик қисқа мавжудлик вақтида маърифатпарварлик фаолияти туфайли янги усул мактаблари яратилди, маҳаллий зиёлиларнинг илғор қисми прогрессизм ва маърифатни фаол тарғиб қилди, аммо кейинчалик жадидчилик фаолиятига большевикларнинг аралашувидан сўнг Туркистонда бу ҳаракат тугатилди. Жадидчиликнинг деярли барча намояндалари большевиклар тарафидан руҳан ёки жисмонан йўқ қилинди.
  6. Халқ оммасининг камситилиши большевизм режими ўрнатилганидан кейин ҳам тугамади. Мустамлакачи империяни қулатган большевиклар сўзда халқлар тенглигини эълон қилди, аммо ҳаётда бари тескари бўлди. Улар моҳиятан қайтадан империя яратди, эски мустамлакачилик услубларни қўлланибгина қолмай, улкан халқлар қамоғини ташкил этди. Маънавий-руҳий жиҳатдан бу давр машъум империя таркибига кирган барча халқлар тарихидаги энг қора ва қайғули босқич бўлди. Туркистонда оддий инсоний ҳуқуқларига риоя этилмаслиги, аҳолининг камситилиши 1865-1918 йилларда, ниқобланган шаклда 1918-1991 йилларгача мавжуд бўлди. Бу тарихий давр Марказий Осиёнинг тобе этилган халқлар тақдирида битмайдиган қонли яралар қолдирди.

 

Муаллиф: Тарихчи-публицист Шухрат Саломов

 

Фойдаланилган адабиётлар.

  1. Адиб Халид. Туркестан в 1917-1922гг.: борьба за власть на окраине России // Трагедия великой державы. Национальный вопрос и распад Советского Союза, Москва, 2005;
  2. Аитмамбетов Д. Дореволюционные школы в Киргизии. – Фрунзе: Издательство АН Киргизии, 1961; Ардаширов А.Ф. Русско-туземные училища в дореволюционном Андижане // Ученые записки Андижанского госпединститута. 1957. №6;
  3. Алимова Д.А. ХIХ аср охири- ХХ аср бошида Бухородаги ижтимоий-сиёсий вазият ва жадидчилик. // Жадидчилик: ислоҳот, янгиланиш, мустақиллик ва тараққиёт учун кураш. -Тошкент: Университет, 1999.
  4. Бендриков К.Е. Очерки по истории народного образования в Туркестане (1865 – 1925 годы). – М.: Изд. Академии педагогических наук, 1960;
  5. Бобровников Н.А. Русско-туземные училища, мектебы и медресы в Средней Азии // ЖМНП. 1913. №45. – Б.189 – 241; №46.;
  6. Граменицкий С. 25- летие учебного дела в Туркестанском крае. – Ташкент, 1901; Абдуллаев Ю. Очерки по методике обучения грамоте в узбекской школе. – Ташкент: Учитель,1966;
  7. Граменицкий С. Положение инородческого образования в Сыр – Дарьинской области. – Ташкент, 1916;
  8. Керенский Ф.М. Медресе Туркестанского края // ЖМНП. 1892. №284;
  9. Кочаров В.Т. Из истории организации и развития народного образования в дореволюционном Узбекистане (1865 – 1917 гг.). – Ташкент: Фан, 1966;
  10. Мухаммаджанов А. Школа и педагогическая мысль узбекского народа XIX – начала XX в. – Ташкент: Фан, 1978; Рахимов Р.Р. Традиционное начальноеобучение детей у народов Средней Азии (конец XIX – начало XX в.) // Памятники традиционно-бытовой культуры народов Средней Азии, Казахстана и Кавказа: сборник Музея антропологии и этнографии. – Л.: Наука, 1989;
  11. Наливкин В. Краткий обзор современного состояния и деятельности мусульманского духовенства, разного рода духовных учреждений и учебных заведений туземного населения Самаркандской области, с некоторыми указаниями на их историческое прошлое. Материалы по мусульманству. Вып. 1. – Ташкент, 1898;
  12. Наливкин В.П. Что дает среднеазиатская мусульманская школа в образовательном и воспитательном отношениях // Туркестанский литературный сборник в пользу прокаженных. – Спб.: Туркестанское окружное управление Российского Общества Красного Креста, 1900;
  13. Наливкин В.П. Школы у туземцев Средней Азии // Сборник материалов для статистики Самаркандской области, 1887 – 1888 гг. – Самарканд, 1889;
  14. Остроумов Н.П. Мадрасы в Туркестанском крае // ЖМНП. 1907. № 7;
  15. Остроумов Н.П. Мусульманские мактабы и русско-туземные школы в Туркестанском крае // ЖМНП. 1907. №1;
  16. Полвонов Н.Т. История социальных движений и политических партий Хорезма (1900-1924) МВ и ССО РУз, Нац. Ун-т Узбекистана им. М.Улугбека. Т.: Akademnashr, 2011;
  17. Салимов Б. Унутилмас сиймолар: жадидчилик ҳаракатининг намояндалари. Тошкент,1999; Қосимов Б. Миллий ўйғониш. -Тошкент: Маънавият,2002;
  18. Тажибаев Т.Т. Просвещение и школы Казахстана во второй половине XIX века. – Алма-Ата: Казгосиздат, 1962; Урумбаев Ж.А. Очерки истории школы в Каракалпакстане (1810 – 1967 гг.). – Нукус: Каракалпакстан, 1974;
  19. Якубовский А.Ю. К вопросу об этногенезе узбекского народа. Ташкент, 1941.
  20. Bazarbayev K; Ashimkhanova, A.Z. Jadids Movement in Central Asia in the Late 19th and the Early 20th Centuries. Asian Social Science, Vol. 8, No. 8; July 2012;
  21. Bаldаuf Ingеbо Jadidism in Central Asia…;
  22. Dudoignon Stéphane A. Qadîmiya as a Historiographical Category. The Question of Social and Ideological Cleavages Between «Reformists» and «Traditionalists» among the Muslims of Russia and Central Asia, in the early 20th century // Kocaoğlu Timur (ed.). The Reform Movements and Revolutions in Turkistan (1900 – 1924). SOTA. – Haarlem, 2001;
  23. Edward A. Allworth The modern Uzbeks: from the fourteenth century to the present: a cultural history, Hoover Institution Press, Stanford University, 1990;
  24. Khalid A. The Politics of Muslim Cultural Reform: Jadidism in Central Asia. Berkeley, 1998;

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг