Таомни туз билан бошлаб, туз билан тугатиш ҳақида

0
2979

Айрим одамлар таомни туз билан бошлаб, туз билан тугатишга одат қилишган. Одатда, кўрсаткич бармоғини тузга босиб ёки бир чимдим туз олиб ёки кафтига туз зарраларини сочиб, уни тотиб кўрилади.

Ушбу амалга бизнинг устозимиз Шайх Дўстмуҳаммад Турсун қуддиса сирруҳу ҳам эътибор қилар эдилар. Бироқ, мусулмонлар оммасининг ва уламоларнинг кўпчилиги бу ишни қилганлиги ва унга эътиборли бўлганлиги кузатилмаган.

Таом ейиш одоблари ҳақидаги асарларда таомни туз билан бошлаб, туз билан тугатиш амали алоҳида зикр қилинган. Ҳанафийлик мазҳаби фиқҳига оид манбаларда эса буни суннат дейилган:

Илк бор ушбу амал борасида “Муҳити Бурҳоний”да: وَمِنْ السُّنَّةِ أَنْ يَبْدَأَ بِالْمِلْحِ وَيَخْتِمَ بِالْمِلْح – “Таомланишни туз билан бошлаб, туз билан тугатиш суннатдандир”, дейилган (10/158).

“Муҳити Бурҳоний” ҳанафийлик мазҳабидаги энг катта ҳажмга эга эътиборли фиқҳий манба бўлиб, Бурҳониддин Маҳмуд ибн Моза ал-Бухорий (551-616 ҳ./1156-1219 м.) томонидан битилган. Унинг “Муҳити Бурҳоний” ва “Захират ал-фатово” асарлари кўп жилдлик қилиб нашр этилган.

Муҳаммад ат-Туврий ал-Ҳанафий раҳимаҳуллоҳнинг Ибн Нужайм ал-Мисрий раҳимаҳуллоҳ томонидан битилган “Баҳр ар-роиқ”қа ёзган такмиласида эса ушбу ибора айнан такрорланган (Муҳаммад ат-Туврий. Такмила Баҳр ар-роиқ. 8-жилд. – Миср: Илмия, 1894. – Б. 209).

Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ ҳазратлари “Радд ал-муҳтор”да ҳам уни суннат деб туриб, бу ишнинг етмиш дардга шифо бўлишини қайд этганлар (Ибн Обидин. Радд ал-муҳтор. 5-жилд. – Миср: Матбаа ал-Кубро, 1856. – Б. 216).

“Айн ал-илм”да ҳам таомни туз билан бошлаб, туз билан тугатиш кераклиги айтилиб, у сағира гуноҳларга мағфират бўлишига ва етмиш балонинг эса даф бўлишига сабабчи экани айтилган. Мавлоно Али ал-Қори раҳимаҳуллоҳ уни шарҳ қилар эканлар, ривоятнинг аслини била олмаганликларини айтиб ўтганлар (Али ал-Қори. Шарҳ Айн ал-илм. 1-жилд. – Қозон, 1902. – Б. 192).

“Ширъат ал-ислом” ва унинг шарҳида ҳам таомни туз билан бошлаб, туз билан тугатиш айтилган бўлиб, буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳуга васият қилганлари зикр қилинган. Уни тасаввуфий манба бўлмиш “Авориф ал-маориф”да ҳам қайд этилгани эслатиб ўтилган (Саййид Ализода. Шарҳ Ширъат ал-ислом. – Истанбул, 1898. – Б. 249).

Ҳанафийлик фиқҳига оид манбаларда ушбу амални суннат дейилганига қараганда, унинг саҳиҳ тариқадаги ривояти – далили бўлиши ҳам мумкин.

Балки, ҳанафийлик фиқҳида уни суннат дейилганига сабаб, суннатда зикр этилган мустаҳаб амални назарда тутилган бўлиши мумкин. Бизга эса таомни туз билан бошлаб, туз билан тугатиш ҳақида иккитагина ҳадис борлиги маълум:

1) Таомни туз билан бошлаб, туз билан тугатиш ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳуга қилган насиҳат ва васиятларида айтиб ўтганлар:

إِذَا أَكَلْتَ فَابْدَأْ بِالْمِلْحِ، وَاخْتِمْ بِالْمِلْحِ، فَإِنَّ الْمِلْحَ شِفَاءُ سَبْعِينَ دَاءً، أَوَّلِهَا الْجُنُونِ، وَالْجُذَامِ، وَالْبَرَصِ، وَوَجَعِ الأَضْرَاسِ، وَوَجَعِ الْحَلْقِ، وَوَجَعِ الْبَطْنِ
“Агар таом ейдиган бўлсанг, туз билан бошлаб, туз билан тугатгин! Чунки, туз етмиш дардга шифодир. Уларнинг аввалгилари жиннилик, мохов, песлик, тиш оғриғи, томоқ оғриғи ва қорин оғриғидир!”.

Мазкур ҳадиснинг асли, айтганимиздек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳуга қилган васиятларида ўз аксини топган бўлиб, ушбу васиятлари алоҳида тўплам ҳам қилинган, ўзбек тилига ҳам таржима этилиб, нашр қилинган.

Ушбу ҳадисни илк бор “Муснади Ҳорис” асарида ривоят қилинган (469-рақам).

“Муснади Ҳорис” муаллифи ал-Ҳорис ибн Муҳаммад ибн Абу Усома ат-Тамимий (186-282 ҳ./802-896 м.) раҳимаҳуллоҳ бўлиб, у зот бағдодлик машҳур муҳаддислардандир, муфассир ва муаррих Ибн Жарир ат-Табарий раҳимаҳуллоҳнинг устозидирлар. Имом Ҳорис раҳимаҳуллоҳ “Табақот Ибн Саъд” асарининг машҳур ровийси ҳисобланадилар.

Мазкур ривоятни таниқли муҳаддис, “Саҳиҳи Бухорий”га ўзининг “Фатҳ ал-Борий” номли шарҳи билан шуҳрат қозонган Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ “ал-Матолиб ал-олия” асарида нақл қилган бўлиб, (2/2390), ривоятнинг саҳиҳ ёки заифлиги борасида ҳеч нарса демаганлар.

Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ одатда мазкур асарида заиф ривоятларни алоҳида билдириб, огоҳлантириб кетганлар. Бироқ, у зот “Иттиҳоф ал-хийара ал-маҳара” асарида бу васиятномани зикр қилгандан сўнг унинг санади “мусалсал би-з-зуафо” (“заиф ровийлар занжиридан иборат ҳадис”) эканини зикр қилганлар (3/3004).

Чунки, ривоят занжиридаги уч нафар шахс ҳадис илмида заиф деб баҳоланган. Жумладан, ҳадис санадидаги Ҳаммод ибн Амр деган ровийни Имом Бухорий “мункар ал-ҳадис” (“ҳадиси инкор қилинган”) деган, бошқалар эса уни каззоб ҳам дейишган.

2) Баҳоуддин Нақшбанд қуддиса сирруҳунинг халифаси, машҳур мутасаввиф олим Хожа Муҳаммад Порсо қуддиса сирруҳу томонидан ҳам таомни туз билан бошлаб, туз билан тугатиш ҳақидаги ҳадис ривоят қилинган бўлиб, унинг “Арбаъин” асарида қўлёзма ҳолида сақланиб келади:

مَنْ فَتَحَ بِالْمِلْحِ وَ اخْتَتَمَ بِالْمِلْحِ فَاِنَّهُ لَا يُحَاسَبُ بِذَلِكَ الطَّعَامِ وَ غَفَّرَ اللهُ تَعَالَى لَهُ ذُنُوبَهُ وَ غَفَّرَ لِمَنْ وَاكَلَهُ مِنْ ذَلِكَ الطَّعَامِ
“Кимки туз билан бошлаб, туз билан тугатса, ушбу таом билан (башарти ҳалол бўлса) ҳисоб-китоб қилинмайди. Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини кечиради ҳамда ушбу таомдан едирган кимсани ҳам мағфират қилади” (Хожа Муҳаммад Порсо. Арбаъин. ЎзР ФА ШИ, № 8825/IV. – В. 29б).

Бироқ, мазкур ривоят “Бобо Ратан ал-Ҳиндий” номи билан шуҳрат қозонган Абу-р-Ризо Ратан ибн Наср деган “саҳоба”дан ривоят қилинган бўлиб, унинг ёши гўёки 650 га кирган ва 632 ҳ./1235 м. вафот этган эмиш.

Ҳатто унинг XVI асрда Бухорога ташриф буюргани ҳам тазкираларда нақл қилинади. Бу Аҳмад Яссавий қуддиса сирруҳунинг устози “саҳоба” деб нақл қилинган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламан гўё омонатни Аҳмад Яссавий қуддиса сирруҳуга етказувчи Арслон боб қуддиса сирруҳуга ўхшатилиши мумкин.

Бобо Ратан ал-Ҳиндийни ҳадис илми олимлари ва муҳаққиқлар каззоб дейишган. Жумладан, Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ ҳамда Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ “Мезон ал-эътидол”, “Сийар аълом ан-нубало” ҳамда “Лисон ал-мезон”да уни “шак-шубҳасиз шайхи дажжол, шу билан бирга каззобдир”, деганлар (2/45; 22/367; 4/55).

Ҳозирча биз билган ҳадис китобларида келтирилган мазкур икки ривоят заиф ёки ўта заиф деб баҳоланади. Мазкур заиф ривоятларга асосланиб, биз шариатда ушбу – таомни туз билан бошлаб туз билан тугатиш амалини “суннати ҳудо” ёки “суннати муаккада” даражасидаги ҳақиқий суннат демасак ҳам, лекин мустаҳаб дея оламиз.

Чунки, фазилатли амаллар борасида заиф ҳадисларга ҳам амал қилинишини барча муҳаддислар ва фақиҳлар бир овоздан таъкидлайдилар. Жумладан, Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Арбаъин” асари муқаддимасида заиф ҳадисларга амал қилиш мумкинлигини айтганлар (Қаранг: Имом Муҳиддин Закариё ибн Шараф Нававий. Қирқ ҳадис / Таржимон Отабек Ғайбуллоҳ. –Т.: Мовароуннаҳр, 2005. – Б. 4).

Мавлоно Алий ал-Қори раҳимаҳуллоҳ ҳам худди шу фикрда эканлигини ўзларининг шаъбондаги бароат ва рамазондаги лайлат ал-қадр кечалари ҳақидаги асарида бундай деганлар:

جَهَالَةُ بَعْضِ الرُّوَاةِ لَا يَقْتَضِى كَوْنَ الْحَدِيثِ مَوْضُوعًا وَ كَذَا نَكَارَةُ الْأَلْفَاظِ، فَيَنْبَغِى أَنْ يُحْكَمَ عَلَيْهِ بِأَنَهُ ضَعِيفٌ. ثُمَّ يُعْمَلُ بِالضَّعِيفِ فِى فَضَائِلِ الْأَعْمَالِ إِتِّفَاقًا
“Айрим ровийларнинг жаҳолати, шунингдек, ибораларнинг ёқимсизлиги ҳам ҳадиснинг мавзуъ (тўқима, сохта) эканини тақозо қилмайди. Демак, унга бу ҳадисни заиф деб ҳукм қилмоқ керак бўлади. Амалларнинг фазилати ҳақидаги заиф ҳадисга эса уламоларнинг иттифоғига кўра амал қилинади” (Али ал-Қори. Мажмуъ расоил ал-Аллома ал-Мулла Али ал-Қори. 26-рисола. – Истанбул: Дор ал-Лубоб, 2018. – Б. 50).

Машҳур ҳанафий фақиҳи, Ибн ал-Ҳумом раҳимаҳуллоҳ ҳам ўзларининг машҳур “ал-Ҳидоя” шарҳи “Фатҳ ул-қадийр”да бундай ёзадилар:

فَالضَّعِيفُ غَيْرُ الْمَوْضُوعِ يُعْمَلُ بِهِ فِي فَضَائِلِ الْأَعْمَالِ
“Амалларнинг фазилатлари ҳақида келганида мавзуъ (тўқима) бўлмаган заиф (ҳадис)га амал қилинади” (Ибн ал-Ҳумом. Фатҳ ал-қадир. 1-жилд. – Миср: Амирия, 1898. – Б. 246).

وَالْاِسْتِحْبَابُ يَثْبُتُ بِالضَّعِيفِ غَيْرَ الْمَوْضُوعِ
“Мустаҳаблик мавзуъ (тўқима) бўлмаган заиф ҳадис билан собит бўлади” (Ибн ал-Ҳумом. Фатҳ ал-қадир. 1-жилд. – Миср: Амирия, 1898. – Б. 467).

Аллома Жалолиддин Даввоний раҳимаҳуллоҳ «Унмузаж ал-улум» асарида заиф ҳадисга амал қилиш масаласида хулоса ўлароқ бундай деганлар:
اذا وجد حديث ضعيف فى فضيلة عمل من الأعمال و لم يكن هذا العمل مما يحتمل الحرمة او الكراهة فانه يجوز العمل به و يستحبّ لانه مأمون الخطر مرجوّ النفع اذ هو دائر بين الإباحة و الاستحباب فالإحتياط العمل به رجاء الثواب
«Қачонки амаллардан бирор амалнинг фазилати борасида заиф ҳадис топилса ва ушбу амалда ҳаромлик ва макруҳлик эҳтимоли бўлмаса, унга амал қилиш жоиз бўлади ва мустаҳаб бўлади. Чунки, унда хатардан омонлик, манфаатдан умидворлик бор. Зотан, у мубоҳлик ва мустаҳаблик доирасида бўлади. Демак эҳтиёт, савоб умидида унга амал қилишликдир» (Жалолиддин Даввоний. Унмузаж ал-улум. ЎзР ФА ШИ, № 5600/IХ. – В. 137б-138а).

Мустаҳабликнинг таърифи эса бундай:

وَ الْمُسْتَحَبُّ مَا فَعَلَهُ النَّبِىُّ عَلَيْهِ السَّلَامُ مَرَّةً وَ تَرَكَهُ أُخْرَى وَ مَا أَحَبَّهُ السَّلَفُ وَ حُكْمُهُ الثَّوَابُ بِالْفِعْلِ وَ عَدَمُ الْعِقَابِ بِالتَّرْكِ
“Мустаҳаб – Пайғамбар алайҳиссалом бир марта қилган ва бошқа вақт тарк этган ҳамда уни ўтган уламолар яхши кўрган ишлардир. Унинг ҳукми – қилганга савоб бор, қилмаганга эса азоб йўқ” (Лутфуллоҳ ал-Кайдоний ан-Насафий. Фиқҳи Кадоний. – Тошкент: Ғуломий, 1913. – Б. 4).

Ибн Обидийн раҳимаҳуллоҳ “Радд ал-муҳтор”да мустаҳабнинг ҳукми борасида бундай таърифни берганлар – мустаҳаб дейилган ишни қилмаган кимса маломат қилинмаслиги керак:

فَيُسَمَّى مُسْتَحَبًّا مِنْ حَيْثُ أنَّ الشَّارِعَ يُحِبُّهُ وَ يُؤَثَّرُهُ … وَ حُكْمُهُ الثَّوَابُ عَلَى الْفِعْلِ وَ عَدَمُ اللَّوْمِ عَلَى التَّرْكِ
“Бас, мустаҳаб деганда шариат соҳиби яхши кўрган ва далили келтириладиган жиҳатдан номланади. Унинг ҳукми қилганга савоб бордир, тарк этганга эса маломат йўқдир.” (Ибн Обидийн. Радд ал-муҳтор. 1-жилд. – Риёз: Дор олам ал-кутуб, 2003. – Б. 246).

Юқоридаги маълумотлардан шу нарса маълум бўладики, таомни туз билан бошлаб, туз билан тугатишга одат қилса бўлади. Ундан савоб ва фазилат умид қилиш ҳам мумкин. Бироқ, уни саҳиҳ ривоятлар топилмагани боис қатъий суннат деб билмаслик ҳамда уни қилишга жиддий эътибор қаратмаслик керак, балки уни мустаҳаб ўрнида кўриш жоиз.

Мустаҳабни қилмаган, сал беэътибор бўлган киши маломат қилинмайди. Заиф бўлса-да, бу амал борасида ривоят бўлгани боис уни бидъатга чиқариш ҳам мумкин эмас.

Дастурхонда туз бўлмаса, уй эгасини туз келтиришга ва ҳаммани туздан тотишга мажбур қилиш ёки туздан тотмаганни маломат этиш ёхуд туз тотишга эътиборли кишини бидъат ва хурофотга берилувчи дейиш одоб доирасидан эмас.

 

Муаллиф: Ҳамидуллоҳ Беруний.

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг