2019 йил 3 июнь, душанба куни Чернобыль қисқа сериали намойиши якунига етди. Сериал сценарийси Светлана Алексиевичнинг “Чернобыль муножоти. Келажак хроникаси” китоби асосида ёзилган. Сериал намойиши якунида ёзувчи Радио НВ га интервью берди.
Белорус адибаси Светлана Алексиевич формулировкали адабиёт бўйича Нобель мукофотини олган. Унинг таъбир жоиз бўлса “кўп овозли” ижоди давримиздаги изтироб ва матонатга қўйилган ҳайкалдир.
Адибанинг олтита ҳужжатли асарлари – «Урушнинг қиёфаси аёл эмас » (“У войны не женское лицо”) (1985), «Сўнгги гувоҳлар» (“Последние свидетели”) (1985), «Рухланган ўғил болалар» (“Цинковые мальчики”) (1989), «Ўлимга ошиқлар» (“Зачарованные смертью”) (1994), «Чернобиль муножати» (“Чернобыльская молитва”) (1997) ва «Секонд хэнд вақти» (“Время секонд хэнд”) (2013) номли китоблари чоп этилган. Ҳар бир китобга у беш йилдан кам бўлмаган вақт сарфлайди. Ҳар бир китоб – минглаб одамларнинг ноласи ва бошдан кечирилган воқеаларга қўйилган ҳайкалдир.
Катта шов-шувга сабаб бўлган ва imdb бўйича энг юқори рейтингни эгаллаб турган Чернобыль сериали сценарий муаллифи Крейг Мазиннинг «Чернобиль муножати» («Чернобыльская молитва”) китобини асос қилиб олди. Китоб мазмуни станцияда ишлаган олимлар, ликвидатор ва гувоҳларнинг хотира-ҳикояларига қурилган.
Радио НВ даги “Қутурган итлар” (“Бешеные псы”) дастури учун Алексей Тарасовга берган интервьюсида Светлана Алексиевич Чернобиль фожеасини ўз бошидан кечирганлиги, фалокат ўчоғига яқин жойлашган Минскда яшагани, кадр ортида яширин қолган фактларни ёдга олади. “Бу техноген фожиа миллионлаб одамларнинг тақдирини ўзгартириб юборди, совет дунёсини парчалаган асосий омиллардан бирига айланди”, дея умумий хулоса қилади адиба Светлана Алексиевич.
Чернобыль сериали, Чернобыль фожеасини англаб етишга ёрдам берармикан?
Чернобиль ҳақида ишланган фильмлар етарли бўлса-да, мўлжалга тегмаган экан, демак, улар муваффақиятсиз чиққан. Миллионлаб нусхада чоп этилишига қарамай, китоблар ҳам худди шундай. Бу нарса ҳар ҳолда дунёга телевидение ҳукмрон эканини англатади. Менга айниқса ёққан томони ёшларнинг бу мавзуни муҳокама қилаётгани, улар Чернобиль фожеаси борлигини ўзлари учун кашф этишганидир. Фикримча, сериал айни “экологик тушунча” шаклланаётган даврга тўғри келиб қолди. Бинобарин, биз табиатнинг сиқилиб қолаётгани, биздан норози эканини кўриб турибмиз. Аҳамият беринг, инсониятнинг планета даражасидаги муаммолари қанча! Чернобиль ҳақида қанча кўп одам гапирса, шунча яхши менимча.
HBO канали сизнинг “Чернобыльская молитва” (Чернобиль муножоти) китобингиздан бир неча воқеаларни олиш учун муроожаат қилганми?
Биз шартнома имзоладик. Бошда иккилангандим, чунки китобимни ўн мартача фильмларга асос сифатида олишган. Ва буям навбатдаги омадсизлик бўлади-да, дея ўйлагандим. Лекин, аксинча бўлди – ахборот портлаши юз берди! Бир нарсагина менга тушунарсиз, нега менинг ва Валерий Легасов ҳақида ёзган Владимир Губаревнинг матнларидан фойдаланиб, ҳеч ерда бизнинг исми шарифимизни қайд этишмади?
Чернобиль фалокати юз берган чоғи сиз қаерда бўлгансиз?
Бу пайтда мен айнан Минскда эдим. Менинг опам врач бўлган, ўша пайт шифохонада, саратон дардидан охирги кунларини кечираётган эди. Мен кунда унинг олдига бориб, тепасида ўтирардим. Ўша пайтлардан тўқ яшил кўлмаклар ва ғалати булутлар ёдимда қолган. Улар гўёки менинг руҳимга ҳам ёпирилиб келарди.
Эсимда, бир таксичи мени олиб кетаётиб, деди: ”Нима бўляпти? Осмондан қушлар ўлиб тушяптими, ёки ўзини машина ойнасига уряптими! Биз қушларни уриб юбормаслик учун секин юряпмиз”. Бу маълумот менинг онгимга жуда секинлик билан етиб борарди. Менга Швециялик журналист дугонам қўнғироқ қилиб, авария ҳақида гапириб берди. Мен эса худди бир совет кишиси каби: “… лекин бизнинг радиостанциялар жим, балки ошириб юбораётгандирсиз” … дедим.
Кейинчалик, дугонам билан ҳар гал учрашганимда, биз коммунизм ғоясига бўлган ишонч наркозидан қанчалар имиллаб чиққанимизни гаплашардик. Ахир мен коммунист оиласида ўсгандим, мени – қишлоқ зиёлиси боласини коммунизмга ишонч руҳида ўстиришганди.
Китобингизда кўп қаҳрамонлар бўлиб ўтган воқеаларга аллақандай илоҳий башорат ёки жазодек қарашади. Бу қанчалик тўғри?
Дарҳақиқат, ўша кунлари черковлар лиқ тўлган, чунки одамлар қаерга бош уришни билишмасди. Олимлар тушунтираётган нарсалар умуман тушунарсиз эди. Менимча, уларнинг ўзи ҳам довдираб қолишган эди, ҳарбийлар, сиёсатчилар ва маҳаллий амалдорларга-ку, умуман ишонч қолмаганди. Ҳа, одамлар кимга мурожаат қилишни билишмасди, улар ёлғиз Худога интилардилар. Ўйлайман-ки, одамлар биз қандайдир мутлақо янги реаллик билан тўқнашганимизни, бунда ҳеч ким ёрдам беришга қодир эмаслигини ич-ичидан ҳис қилишарди.
Худди одамзод тарихдан чиқиб кетиб, очиқ космосда қолгандек эди. Энди-энди, биз қандайдир кучлар ҳукмрон бўлган (буни Худо деб аташ керак эмас) қандайдир космик тизимнинг зарралари эканимизни, биз бу тўфонда қум доналари каби чирпирак айланаётганимизни тушуниб етяпмиз. Ўз китобимда мен онг илмий асос бўлмай туриб, янги реалликни англашини тадқиқ қилдим.
Чернобиль ҳақида ёзишга ўзингизда қандай қилиб куч топдингиз?
Мен уруш ҳақида ёзган пайтимда руҳан жуда толиққан эдим. Мен ўзимда ёвузликни тадқиқ қилишга бошқа кучим қолмаганини ҳис қилардим. Бунинг осмоний ёки инсоний эканлигининг аҳамияти қолмайди. Чернобилда юз берган воқеа эса бизни ҳар томондан ўраб турарди.
Танишимнинг эри Чернобилга жўнар экан, улар бундан кейин фарзанд кўра олишармикан, йўқми, шуни ўйлардилар. Қишлоққа борсанг, болалар саволга кўмарди: ”Қуёнчамиз яна болалайдими? Дарахтлар энди яна барг чиқарадими? Кўз олдингда молларни суғоргани ҳайдашади, моллар эса сув ичмай бошини буриб, юрмай, туриб қолишади. Дарёда нимадир бўлганини билишади чоғи.
Асаларичи эса бир ҳафтадан буён арилар уясидан чиқмай қўйганини гапиради. Балиқчилар чувалчанг тополмай қолишган, қумурсқалар ерга чуқур кириб кетишганди. Гўёки дунё бундай нарса билан биринчи бор тўқнашаётгани йўқ, унинг ДНКсига қандайдир бир маълумот жойлаштирилгандек.
Адабиёт ёрдам беролмайди, санъат ёрдам беролмайди, атрофдаги турли даражадаги одамлар ҳам ҳеч нарса тушунтиролмайди. Мени ҳайратга солган нарса шу-ки, фақат қишлоқларда қолган кекса одамларгина хотиржам эди.
Стёфа буви ёдимда қолган. Кирсам, сут кўтариб чиқяпти. “Ҳозир типратиканларга сут қуйиб бераман. Кўрдингми, келиб, кутиб ўтиришибди. Эрталаб бўри келган, зағизғонлар учиб келган. Буларга сутини бериб қўяй, кейин гаплашамиз”. Буви бу дунёни қандайдир бирлаштириб турарди. Шундай қилиб, аста-секин менинг фалсафам ҳам шаклланиб борди.
Чернобиль тарихи – бу советлар тизими инсонни қадрият сифатида кўрмаслиги тарихи ҳамдир. Нима учун ўшандан бери ҳеч нарса ўзгармади?
Мен одамзодга бундай муносабат фақат совет даврига хос бўлган ҳолат эмас, деган бўлардим. Бу бизнинг тарихимизга чуқур илдиз отган. Қаердадир, Швейцария кантонида аҳоли йиғилиб, қандай яшашни ҳал қилсалар, бизда подшо фармон чиқарарди. Ва ҳали ҳам фармон чиқаришда давом этяпти...
Фақат яқинда сизнинг Зеленский: “Менинг портретларимни осиб қўйманглар, яхшиси, фарзандларингизнинг суратини илинг”, деди. Бунинг ўзи қандайдир янгича нигоҳ, янгича фалсафадир. Бизда эса қулдорлик фалсафаси.
Мени ҳайратга солган нарса Сперанский (рус жамоат ва давлат арбоби, реформатор, подшо Александр даврининг қонун яратувчиси I (1772 — 1839) — nv.ua) подшога таклиф бергани эди. У: “Крепостнойлик ҳуқуқини бекор қилиш керак, шунда биз бошқа мамлакатда яшай бошлаймиз”, деган. Унга подшо: “Ҳа, мен буни биламан, лекин ким билан забт этиш мумкин?” Подшо помещиклар – улкан қора куч эканлигини ва бу – Россия деб аталишини, улар подшони қувватламасликларини биларди. Большевиклар келгач эса, бу тушунчани ҳарбийлаштиришди, тажовузкорроқ, янада сектантлаштиришди.
Бу фикр жамиятимизнинг бошдан-оёқ, суяк-суягига сингиб кетган. Ҳозирча замонавий раҳбарлардан бирортаси бу доирадан чиқиб кетишга уриниб кўргани йўқ, бинобарин, уларнинг ҳаммаси ўша вақтнинг одамлари – Путин ҳам, Лукашенко, Назарбоев ҳам (Қозоғистонда мазкур фикрлаш устига, камига яна шарқона шахсга сиғиниш ҳам қўшилган.) Шу тарзда, бизнинг онгимиз буткул, яхлит зарарланган.
“Чернобыльская молитва” романи қаҳрамонларидан бири: “Биз ҳеч қачон хотиржам яшамадик”, дейди. Биз аллақандай қарғиш теккан ҳудудда яшаймизми? Ёки бунга ўзимиз айбдормизми?
Бу – мен 30 йил мобайнида ўзимга берадиган саволлардан бири, мен ўзимнинг улкан, роман деб атай қолайлик, ҳолбуки, менинг ҳамма китобларим бизнинг “қизил цивилизация” давридаги ҳаётимиз ҳақидаги бир “романга” жойлашади. Менинг саволим шундай эди: “Нима учун бизнинг изтиробларимиз озодликка айланмайди?”
Қаранг, ақл бовар қилмас жасоратлар кўрсатган танкист аёл олдига келасан, у аёлнинг жасорати ўз-ўзидан урушда ноёб ҳисобланади, кучли, қизиқарли бу қаҳрамон аёл ажойиб бир воқеани айтиб бериб турган вақтида (унинг шу саргузашти “У войны не женское лицо” (Уруш аёл қиёфасида бўлмайди) китобимнинг энг ғаройиб ҳикояси бўлди) қўққисдан ҳикоя қилишдан тўхтаб, бир нарсани эслаб қолади ва: “А, сиз бизнинг штабимиздан рухсат олгансиз-а?” деб сўрайди. У уруш фахрийлари штаби ҳақида гапираётганди. Мен эса: “Эй, Худо, нима учун?! Ахир бу қуллик-ку!”, деб ўйлаб қоламан.
Ёки, мана яқинда мен Вологдада бўлдим. Қандай ибодатхоналар! Осмон, тепаликлар ва шунақанги ажойиб ибодатхоналар бор-ки! У ерларда қандайин руҳан кучли одамлар бор-а, деб ўйлайсиз. Биронта одам билан гаплашиб кўргач даҳшатга тушасан – “Яна бир қул чиқиб келади!” Қулдан фарқи – сал тузукроқ кийинган, сал яхшироқ овқатланади. Ўйлайман-ки, бизнинг тарихимиз буткул қулларча психологияга ботиб қолган.
Яъни, биз ўзимизнинг қул эканимизга ўзимиз ишонамиз, шундайми?
Биласизми, 90-йилларда бизлар жуда романтик эдик. Кремль деворлари ағдарилади-ю, озод бўламиз, кейин Ғарбдагидек яшай бошлаймиз…деб ўйлардик. Билмадим, қаердан олганмиз бу фикрни? Майдонларда югуриб, ўзи бу нималигини билмасдан туриб: “Эркинлик! Озодлик!”, деб қичқирардик.
Эркинлик ва қуллик ҳақида гапирар эканман, менга кўпроқ Шаламов (Варлаам Шаламов, рус прозаик и шоири ХХ асрлар. — nv.ua). фалсафаси ёқади. Солженицин машаққат чекиш инсонни юксалтиради, дейди, Шаламов эса лагерь тажрибаси фақат лагерда керак, у жаллодни ҳам, қурбонни ҳам бир ҳилда қулга айлантиради, дейди.
Мана биз эндигина тушуниб етдик-ки, озодлик – бу жуда узоқ тозаланиш йўлидир. Ичимиздан челаклаб чиқариб ташлашимиз керак, мутлақо бошқача таълим керак. Элита бошқача бўлиши керак. Лукашенко, Порошенко, ёки Путин, Зеленскийнинг қайси ёни билан турганини муҳокама қилиш билан эмас, ҳақиқатдан ҳам инсон билан, унинг қалби билан машғул бўлишимиз керак. Лекин бунинг учун элита одамлари озод инсонлар бўлиши керак. Озод инсонлар эса, бизда йўқ.
Сизнинг “Чернобыльская молитва” (Чернобиль муножоти) романингиздаги бир ҳайратланарли жойи бор, баъзи одамлар учун бегона ҳудуд – бу яшаб бўлмайдиган жой озодлик ҳудудига айланади: “Бунда ҳеч ким устимиздан ҳукмини юргизмайди, ҳеч ким буйруқ бермайди, бу ерда биров бизга нима қилишимиз ёки нима қилмаслигимиз кераклигини айтиб турмайди”.
Биласизми, бу воқеа такрорланяпти. Урушда ҳам худди шундай бўлганди. Армияда ҳамма ёқда заградотрядлар, штрафбатлар бўлса, энг олдинги сафларда, менга ҳикоя қилиб беришларича, одам қандай бўлса, шундай эдилар.
Ана ўша ерда озодлик бор эди: улар нима иш қилишни ўзлари ҳал этишарди. Мабодо бир одам эртага ўладиган бўлса, у озод инсон каби ўларди, чунки, пулемёт тўпи оғзига ташланишни ва ёки ташланмасликни унинг ўзи ҳал қиларди.
Бу жуда кучли таассурот эди, буни Чернобиль фильми муаллифлари ҳам ҳис қилишди. Улар менинг китобимдаги кўп нарсаларни жуда аниқ танлаб олишди – воқеанинг ўзини эмас, ўша фикрлар, ҳиссиётлар, китобнинг фалсафасини талқин қила олишди.
Бироқ, ўйлайманки, Чернобиль масаласида муаммо фақат совет тузумининг фожеа ҳақидаги уйдирмасида эмасди, умуман инсониятнинг ўзи бунга тайёр эмас эди.
Эсимда, менинг кўзимнинг ўнгида Сорбоннада Горбачёвга савол беришяпти (СССР нинг биринчи ва ягона президенти — nv.ua): “Нима учун бундай қилдингиз? Нима учун инсонни эмас, тузумни ҳимоя қилдингиз? Ахир сиз – қайта қуриш президентисиз-ку?” Бунга у шундай жавоб беряпти: “Мен ўзим ҳам тушунмасдим. Олимларни чақирсам – улар ҳеч вақони тушунтириб беролмадилар, ҳарбийларни чақирдим – улар: “Қўйсанг-чи, ҳозиргина бомба портлади, биз бўлсак ўн соат ўтгач, қизил вино ичдик ва кетавердик”. Ва сен даҳшатда қолганча қанчалик саводсиз эканимиз, ўртача савияли одамлар ва тузумга қанчалар тобе эканингни тушунасан. Социализм, ҳатто демократия нима ўзи? Бу ўртамиёна ҳумронликнинг, яъни кўпчилик йиғиндиси.
Сизнинг “Чернобыльская молитва” китобингизнинг “Хроника будущего” (Келажак хроникаси) деган тагсарлавҳа бор. Бундай олиб қараса, сиз Фукусимани ҳам башорат қилган бўлиб чиқасиз. Бу тагсарлавҳа билан нима демоқчи бўлгансиз?
Ахир мен китобларимни узоқ ёзаман. Буни ҳам 10−11 йил давомида ёздим. Цивилизация ўзига суиқасд йўлидан кетаётгани аниқ эди. Технологиялар биздан баланд турарди – биз жинларни уйғотиб қўйган эдик, уларни эплай олмасдик, технологик жиҳатдан уддалай олсак-да, аҳлоқан, ижтимоий маънода эплай олмасдик. Буни англашга, бунда яшаш ва нима учун, нима ҳаққи, қандай тирик қолишни англашга қодир эмасдик.
Ахир шу саволлар кўндаланг турмас экан, бундан чиқди – бу урушнинг шундай шакли, яъни ўз халқи билан уруш экан-да. Мен учун бу аниқ ва равшан эди.
Яқиндагина мен Фукусимада бўлдим. Олти йилдан сўнг мен у ерда нимани кўрдим? Худди ўшандай, кўчириб юборилган ва улардан ҳам асл ҳақиқат яширилган одамларни.
Ҳатто Фукусимага ҳам 10 километрдан яқинга боролмайсиз. Биз у ерда оқава сув қандай чиқарилмоқда, у қандай йиғилмоқда, охиригача билолмайсиз. Бир нарса аён холос: қўйиб юборилган жинларни ҳеч ким, ҳатто шундай ривожланган мамлакат – Япония ҳам жиловлай олмас экан.
Эсимда, 20 йил олдин мен у ерга “Чернобыльская молитва” китобим билан борган эдим. Хоккайдо оролида ўтаётган учрашувга атом станциясидан кимдир келди. Ўшанда: ”Бундай фожеа сизларда – бемасъулият русларда бўлиши мумкин. Бизда ҳаммаси режали ўйлаб қилинган”, деган гаплар янграганди. Улар ўзини шунчалар кучли, планетанинг энг олди деб ҳисоблардилар. Хўш, айни шу суҳбатдан ўн йил ўтгач нима юз берди?
Аввалдан ҳисоблаб чиқилганидан атиги бир бал юқори зилзила бутун тараққиёт чиқинди уюмига айланиши учун етарли бўлди: машиналар темир-терсак ғарамига, уйлар тош тепаликка дўнди. Одамзотнинг кибри ўша заҳотиёқ тутундек тарқалди…
Китоб ёзиш учун сиз юзлаб, минглаб одамлар билан суҳбатлашгансиз. Қандай хулосага келдингиз – ҳаммамиз бир хилмизми?
Мен баримиз бирмиз демаган бўлардим. Балки Худо учун барча бирдир. Аммо биз одамлар турли даврларда, шунингдек, ижтимоий, техник жиҳатдан тараққиётнинг турли даражаларида яшаймиз. Албатта, бу томондан бир турличамиз.
Бутун дунёга инсоннинг олам билан, табиат билан ўзаро янги фалсафадаги муносабати зарур. Мен ҳар куни Америкада ҳам бўлмаган янги танкер, танк ёки қирувчи ҳақида бизнинг россия каналларида телевизор қўйишингиз биланоқ янграйдиган хабарларни эшитганимда, бу қандай телба цивилизация, телба сиёсатчилар ва ҳукумат, улар янги даврларга тайёр эмасликларини ўйлайман. Чунки биз мутлақо янги экологик тарих бўсағасида турибмиз, улар эса керак бўлса, Америкадан бир уюм кул қолдиришлари мумкинлиги билан мақтанишади.
Худди аборигенлар орасида яшаётгандек ҳис қиласан ўзингни. Шунинг учун ҳам, сизларда ҳар ҳолда қандайдир силжиш бор, украинлар (ўзимда украин қони борлигидан мамнунман) янги ҳаёт йўлида бир, икки, уч қадам қўйишга қодир эканинини кўрдим.
Сизнинг ёш президентингизни кўрганимда ўйладим: “Эй, Худо, балки унинг ортидан янги сиёсатчилар авлоди келар, ўйлайман-ки, балки улар дунёни бошқача ҳис қилишар.
Интервьюлардан бирида айтган эдингизки, “бизнинг давримизда одамларни эмас, ғояларни ўлдириш керак”, деб. Бу билан нимани назарда тутган эдингиз?
Мен Украинадаги одамкушликни назарда тутганман. Тортишинг, учрашинг, гапиринг… сиёсатчилар. Одамлар, халқ дипломатияси эса… ахир халқ турмушининг чуқур қаърида (агар телевидение билан заҳарламасалар) нафрат йўқ.
Антиевропеизм, антиукраинизм жуда сезиладиган ҳолатда. Кундан-кун бу юз бераверса, оддий одамнинг унга дош бериши қийин. Ўйлайманки, бир кун келиб бугунги кунда россия телевидениесида ишлаётганларни суд қилиш керак бўлади. Аммо, агар биз Қримни олганимиз каби Украинага кирганимиз каби танк билан кириб келадиган бўлсак, халқ дипломатияси бизнинг муаммоларимизни ҳал қилмайди.
Мен коммунизмни, коммунистик фикрлашни йўқотиш керак, деган бўлардим. Поляк шоири, Нобель мукофоти соҳиби Чеслав Милошнинг: “Фашизм – бу қисқагина дидсиз опера, дунёга даҳшат солиши мумкин бўлган таҳдид – бу коммунизм бўлади”, деган гапи бор.
Мана, коммунизм бизга шунчалик сингиб кетганки: бу милитаризм ва миллатчиликнинг энг ёмон кўринишидир. Коммунизмнинг юзи кўп. Мен телевидение орқали дунёвий, глобал масалаларни ҳал этиш тўғрисидаги чиқишларни эшитганимда, бизнинг тепамизда қандай дунёда яшаётганимизни ҳис қиладиган одамлар йўқлигидан даҳшатга тушаман.
Йўқ, чунки эркин сайловларнинг ўзи йўқ. Ўйлайманки, эркин одамлар бор, лекин тепага уларни эркин ҳаёт тўлқини кўтариб чиқиши керак. Унгача эса биз посткоммунистик дунёда яшайверамиз.
Кўплар нима учун Россия ўзининг ички ва ташқи сиёсатини бундай қураётганини тушунишга уринаяпти. Бунинг бир сабаби шундай: ёвуз империя – бу шундай концепция-ки, Россияда олдин ҳам шундай қуришган шунинг учун ҳозир қандай қуриш кераклигини тушунишади, чунки уларнинг ўзи ўтмиш одамларидир. Бу фикр қанчалик адолатли деб ҳисоблайсиз?
Ўйлайманки, бу одамлар мазкур милитарист дунё одамларидир. Ҳеч бўлмаса, Ельцин даврида элита, ҳарбийлар, жамият орасида ғоявий парокандалик бўлганини эсланг.
Бу “қора туйнук” ҳамма хорижга чиқиши, янги буюмлар сотиб олиш, моддий ҳаётни ўрганиш билан тўлдирилди. Дарҳақиқат, Россиянинг бепоён сарҳадларида бағоят зўр ғоя керак эди-ки, унинг ёрдами билан мамлакат мустаҳкамлансин.
Ҳамма “миллий ғоя, миллий ғоя!” дея ҳайқирарди, ва Путин келиб, қандайдир вақтгача Собчакнинг, Ельциннинг ғояларини қувватлайди, кейин эса ўзи билганича қилишни бошлайди. Ва Болотной бўйлаб “Кремль, сен бизни билмайсан” деган лозунгни кўтариб чиққан илғор одамлар томонига эмас, (кейин уларни тарқатиб юборишган: бир қисми дунёга ёйилиб кетди, кўплари қамоқда, уларга узоқ муддат беришган) балки, қора томонга – “биз – буюк Россиямиз” дейиш керак, деб ундайдиган вагон таъмирловчи ишчиларга ишонч билдирилди.
Ва у: “биз – буюк Россиямиз”, деб айтди ҳам. Ва зиёлилар бор жойда рассомлар фалокатни кўрдилар, халқ шу заҳотиёқ бирлашди, нафрат заминида шаклланган қудратли ҳалқ жисмига бирлашди. Худди шундай, Белоруссияда ёшлар кўчага чиққанида, уларнинг ҳаммасини ҳибсга олишди, бизда сталин машинаси бир зумда ишлаб кетди.
(Время секонд хэнд — nv.ua) китобим қаҳрамони майдонга чиққан талаба қизлардан бири: “Нима учун унинг дўстини қийноққа олишганда, бошига кийдирилган пакет халта авлоддан-авлодга ўтиб келаверади-ку, Чехов, Бунинларнинг гўзал фикрлари эса – йўқ?”, деб савол беради. Нафасни бўғиш учун бошга кийдириладиган халта бизнинг бутун тарихимиз бўйлаб кезмоқда, инсонпарварлик ғоялари эса – йўқ. Шундай экан, бизнинг бошқа нарсамиз йўқ, биз шу зўравон маданият асиримиз.
Мана сиз, сизнинг ижодий услубингиз – “одам – қулоқ” усули эканини такрорлаяпсиз. Сиз қанчадан-қанча маълумот ва одамзод ҳиссиётларини ўзингиздан ўтказишингизни тасаввур қилиш қийин. Сиз бу “қулоқ” ни қандай ўчирасиз?
Бир пайтлар кимдир Алексиевич Чечняга бормади, ҳозир урушга ҳам бормаяпти, чунки қўрқяпти, деб ёзган эди. Гап қўрқувда эмас, гап энди ҳаётимиздаги абсурд, маънисизликни кўришга илож қолмаганидан. Менда ноиложлик, умидсизликдан бошқа нарса қолмаганини биров тушунмайди. Мен одамнинг жуда секинлик билан ўзгараётганини кўриб, хотиржамликда, ўз кичик ишимни қилишда давом этишдан бошқа чора қолмаганини кўряпман.
Ҳозир мен янги китоб устида ишлаяпман. Мен бизнинг бахтли бўлиш учун уринишларимиз ҳақида ёзиш ниятидаман. Шахсий ҳаёт учқунлари ҳар ҳолда, ярқ этди. Одамлар яқин инсоннинг ёнида бўлиш қадрини, фарзандлар, уй, оила қадриятини англаб етдилар. Кўплар буни мешчанлик деб ҳам ҳисоблайди, аммо мешчанлик беъманиликдир. Ҳар ҳолда одам шунчаки кун кечиришни эмас, балки ўз ҳаётининг мазмунини топишни истайди. Нима учун? Муҳаббат учун. Муҳаббат ўзи нима? Биз ўлишдан қўрқмаслигимиз учун бизга берилган юпанч. Нима сабаб алланечук космик компьютер ишлаб турибди? Бунда биз бахти ёки бахтсиз чоғимиз ишлаб чиқарадиган энергиямиз мазмуни борми? Шундай экан, бу яна янги тадқиқот: биз киммиз, нимамиз?
Менда ҳали бу китобнинг аниқ фалсафаси йўқ, ҳозирча бу турли инсонларнинг ҳаёт тажрибалари тўплами. Бунда лагерда ва геттодаги муҳаббат тарихи ҳам бор, барибир унда замонавий инсоннинг ҳаёт кечинмалари, бошдан кечирган мароқли саргузаштлари кўпроқ.
Ишчи номи – “Чудный олень вечной охоты” (Мангу овга чиққан ажойиб буғу). Бу Александр Гриндан олинган цитата. Белоруссчасига янаям қизиқроқ эшитилади: Дивный олень вечных ловов. Бу демак – биз ҳар лаҳзанинг ортидан, ўзимизнинг мавжудлигимиз маъносини қувамиз, овлаймиз.
Интервьюни рус тилида манабу ҳавола орқали кириб, тинглашингиз мумкин: https://youtu.be/s-7QbA7WVOM