Шайх Маҳмуд Асъад Жўшон. Тасаввуф ва Нақшбандийлик (5-давоми)

0
2251

Имом Ғаззолий, Хожи Байрам Вали, Оқшамсиддин, Кумушхонали Аҳмад Зиёвиддин, Мавлоно Жалолиддин Румий ва шу каби олимлар айтадики, шариатимизда маҳорат пайдо қилганидан сўнг кишининг юксаладиган чўққиси, охирги нуқтаси Ислом тасаввуфи бўлмокда.

Шу ўринда тасаввуфга берилган машҳур бир тавсифни келтириб ўтмоқчиман: Молик ибн Анас розияллоҳу анҳу айтадилар:

من تفقه ولم يتصوف فقد تفسق، ومن تصوف ولم يتفقه فقد تزندق، ومن جمع بينهما فقد تحقق

«Кимки тасаввуфсиз тафаққуҳ қилган (яъни, тасаввуфга боғланиб ични тарбия қилмасдан, тақво ва ихлосни, ирфонни қўлга киритмасдан фақиҳлик қилган, динда аҳком чиқарган, илмни ҳазм этмаган) киши фақиҳлик қилсаю сўфий бўлмаса, батаҳқиқ фосиқ бўлибди. Кимки сўфий бўлсаю, фақиҳ бўлмаса батаҳқиқ зиндиқ бўлибди.»

Яъни диний ишларни, Қуръонни, ҳадиси шарифни, фиқҳни ўрганмасдан, аҳкоми шариатдан воқиф бўлмай туриб тасаввуфга шўнғиган, маънавий ҳаётнинг нозик жойларидан дам урган киши жоҳил бўлади. Кимки, тасаввуф ва тафаққуҳни бирлаштирган (яъни, ҳам зоҳиран, ҳам ботинан етилган, етук ва юксак, ориф ва комил инсон) бўлса муҳаққиқ бўлади, ҳақиқатга эришади..

Тасаввуф соҳасининг машҳур ва маъруф сиймоларидан бўлган Абул Қосим Иброҳим Насрободий (Х асрда яшаб ўтган) шуларни айтади:
Тасаввуфнинг асли:
1. Қуръони карим ва Расулуллоҳ (с.а.в.) суннатларига қаттиқ боғланиш;
2. Нафсоний орзуларни ва бидъатларни тарк этиш;
3. Мурид ва мураббий бўлган шайхларга ҳурмат ва эътиборли бўлиш;
4. Халқнинг жоҳиллигини маъзур кўриб, қусурларига қарамаслик (хатоларини кечирмоқ, уларга ачиниб, шафқатли муомалада бўлиш);
5. Дўст ва биродарлар билан манзур кун ўтказиш, ҳолат тақозосига кўра одоб даражасида, фидокорлик билан, сабр билан дўстона муносабатда бўлиш);
6. Дўстларнинг хизматида бўлиш (уларга ҳар хусусда ёрдам бериш);
7. Боодоб, хуш ахлоқ бўлишга ҳаракат қилиш (хулқини тузатиш, ёмонликларини ташлаш, яхшиликларини амалда тадбиқ этиш);
8. Тариқатнинг кунлик авродини мунтазам олиб бориш (вирд, зикр ва тасбеҳларни канда этмаслик, танбаллик қилмаслик);
9. Рухсатлар билан амал қилишни, диний аҳкомларни ўз таъбири ва таъвиллари билан асл йўлидан чиқаришни тарк этиш.

Чунки диндаги рухсатлар заиф мусулмонлар учун кўрсатилган қулайлик ва енгилликлардир. Олиймақом дарвешлар учун бунга ўхшаш қулайликларга майл қилишлик ярашмайди: диннинг аҳкомини, сабр ва таваккулни ўз ўрнида келтириш, ҳикматли ва ғайратли кишиларнинг ишлари бўлиши керак.

Тарихий, диний ва ақлий далил ҳамда ҳужжатлардан биламизки, Муҳаммад (с.а.в.) Аллоҳ Таолонинг охирги пайғамбаридир. Унинг ҳар сўзи ва иши, энг нозик тафсилотлар ва энг талабчан илмий усуллар билан кўрсатиб берилган ҳамда ўз
замонасидан буён қаттиқ эътибор ва диққат билан сақланган.

Шу туфайли унинг ижтимоий ва хусусий ҳаётини, теварак-атрофини ҳеч бир башарга насиб этмаган нозик жиҳатлари билан биламиз. Соч-соқолининг толалари, хирқаи шарифлари бир қанча масжидларда сақланмокда. Қабри шарифлари, кўзимиз устидадир, ҳадислари беҳисоб коллекция (мажмуа) ҳолида тўпланиб, ўқилмоқда ва амалга татбиқ этилмоқда.

Энг муҳими, у кишига ваҳий қилинган илоҳий китоб—Қуръони каримнинг бирор ҳарфи ўзгармасдан, камчиликсиз ҳолатда ўша заҳотиёқ жорий қилинган, ҳар тарафга ёйилган, хабардор бўлган ҳар кишининг қўлига етказиб берилган. Бу мисли йўқ нарсани бутун инсоният диққат-эътиборга олиш вақти келди.

Чунки унинг моҳияти, ўзи, мақсади, таъсири, фойдалилиги, натижаси яхшилаб ўрганилса, ҳаётнинг ҳар жабҳаси дардига малҳам бўлади ва чоралари топилишига васила бўлади.

Аммо Ислом олами бўлак-бўлакдир. Араблар парча-парчадир. Турклар парча-парчадир, халқлар парча-парчадир, партия-партия, бўлим-бўлим, гуруҳ-гуруҳ, рақиб-рақибдир. Сабаби эса жоҳиллик, тақвосизлик, дунёпарастлик, манфаатпарастлик, тентаклик, нафсоният, шайтониятдир. Буларнинг ягона давоси тасаввуф тарбиясидир, маърифатуллоҳ таълимидир.

Моддий ва маънавий ўзлигимизни йўқотмасдан, насибаларимизни оёқ ости қилмасдан, юртимиз бойликларини-иқтисодий ва маданий бойликларимизни талатмасдан, ҳуррият ва истиқлолимизни қўлдан чиқармасдан, ватанни бўлиб ташламасдан, ҳар хил борлиғимизни янада келиштириб кенгайтириб, юксалтиришга ҳаракат қилишимиз лозим. Энг диққатли, ҳушёр, уйғоқ, фидойи, энг билимли, фаол, энг содиқ, вафодор, ватанпарвар, хуллас, чинакам дарвеш бўлишимиз керак. Бир томондан жуда ҳам дуруст идеалист, хассос қалб соҳиби бошқа тарафдан эса фавқулодда ўткир ақл эгаси ва прагматик бўлишимизга тўғри келади.

Тасаввуфсиз Исломий юксалиш бўлмайди. Тасаввуфсиз инсон инсони комил бўла олмайди. Комил бўлмаган инсондан комил иш чиқмайди, доимо ноқис иш чиқади. Бу хулоса ҳаёт тажрибалари асосида исботланган. Ноқис ва жоҳил мусулмонлар жамиятимизга зарар келтиришини марҳум олим Мавдудий ҳам куюниб ёзган эди.

Шариат, тариқат, маънавият ва тасаввуфнинг энг юксак мақоми инсон қалбига Аллоҳ севгисини, Расулуллоҳ севгисини ўрнатишдир. Инсон шу ғояга эришдими, Аллоҳнинг валийси бўлади. Ҳадисда таъкидланганидек, улуғ ва қудратли Аллоҳ унинг кўрадиган кўзи бўладики, кўринмайдиган нарсаларни кўради. Эшитадиган қулоғи бўладики, эшитилмайдиган нарсаларни эшитади. Унга яна бир қатор фазилатлар эҳсон этади, хуллас, у бандасини яхши кўриб қолади…

Манба: Сайфиддин Рафиддиновнинг фейсбукдаги саҳифасидан олинди

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг