Тасаввуф нафсни тарбиялаш, соғлом ирода, чиройли ахлоқ, солиҳ амаллар ва шу амали солиҳни зоҳирни ва ботинни шартларга мувофиқ ҳолда бенуқсон ижро этишдир.
Тасаввуф шайхга боғланишликдир, зикрдир, ёлғончи дунёга майл бермасликдир, зуҳд эгаси бўлишдир, гуноҳлардан шиддат билан сақланишдир, тақводир…
Биз мутасаввиф бўлишдан ҳам олдин мусулмонмиз. Аҳли Қуръон, аҳли суннат вал-жамоатмиз. Расулуллоҳнинг умматимиз. Бизни Қуръонга боғлиқлик ва Расулуллоҳга тобелик шундай бир ҳолга келтирмоқдаки, бу ҳолни тасаввуф деб айтадилар, тариқат дейдилар. Йўлимиз шудир.
Мен Аллоҳ ризолигига мувофиқ ҳаёт кечиришни мақсад қилиб олганман. Илло, мутасаввиф бўламан, деб эмас, балки мен фақат Аллоҳ розилигини топиш учун йўлга чиққанман. Бу йўл мени қаерга олиб борса, мен шунга розиман: мутасаввиф бўлсам мутасаввифман, фақиҳ бўлсам фақиҳман. Чунки бизнинг вазифамиз: Аллоҳ нозил қилган Қуръон йўриғларига амал қилмоқдир. Аллоҳнинг буюрганларига итоат қилмоқ, Расулуллоҳга эргашишдир.
Кўп йиллик тажрибадан кейин шундай хулосага келдик: икки жаҳон саодатининг калити ТАСАВВУФдир. Қуръоний шариатга тамомила мувофиқ бир тасаввуф.
Тасаввуфнинг хиллари кўп: маҳаллийси, хорижийси; Исломдан олдинги, Исломдан кейинги; саҳиҳи, носоғломи, шаръийси, рофизийси; шариатга моси, тескариси; тўғриси, эгриси; ҳақиқийси, тақлидийси; нурлиси, нурсизи, анъанавий, замонавий; тақволиси, тақвосизи… Шунинг учун Исломга ва Қуръонга, шариатга мутлақ боғлиқ бир тасаввуфни ҳақиқий ва шаръий деб биламиз!
Ҳақиқий исломий тасаввуф Расулуллоҳ Ҳазратимиз (с.а.в.)нинг нурли ва зоҳидона бўлмиш ҳаётларидир. Жуда ҳам гўзал ва олижаноб ахлоқдир. Уларнинг мислсиз зийнатлари ва фавқулодда ҳакимона ҳолатларидир. Демак, энг яхши мўмин, энг комил мусулмон, энг етук, энг комил инсон бўлиш учун уларга сидқидилдан тобе бўлиш ва батамом уларнинг йўлидан кетиш, уларнинг суннатларига камчиликсиз эргашиш орқалигина рўёбга чиқиши мумкиндир.
Ҳақиқий тасаввуф натижа эътибори билан кишини муҳаббат ила Расулуллоҳга, ҳатто мушоҳада ила Расулуллоҳга етиштиради.
«Муҳаммадия» асарининг муаллифи Имом Суютий (р.а.) уйқу ташқарисида–уйғоқликларида Расулуллоҳни эллик маротабадан кўп кўрганларини билдирадилар. Ва мазкур китобни Расулуллоҳдан олган таълимотга кўра ёзганини айтади. Ҳатто буюк мутасаввифларнинг кўплари ўз асарларини то бундай амр бўлмагунча ёзмаган эканлар.
Диққат қилинса, ҳақиқий исломий тасаввуф Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳаёт тарзлари, шариатни ҳаётга мувофиқ уйғунлаштирган бир ҳолда диний вожибларни самимият билан бажариб, имон асосларини сингдириш асосида кечди.
Ислом тасаввуфи—Исломнинг асли, руҳи ва ўзидир; ибодатда эҳсон мақомидир; лоф эмас иш, қол эмас ҳолдир; ғафлат, жаҳолат ва хурофот эмас, илму ирфон ва огоҳликдир. Чунки, буюк уламоларимиз аксарият вақтда бир валий ва тасаввуф раҳбари эдилар. Тасаввуф ҳам тафсир, ҳадис, калом, ақида ва фиқҳга ўхшаган шаръий бир илмдир. Қуръондан ва Ҳадисдан олингандир, «фиқҳи зоҳирга» муқобил «фиқҳи ботин» ва «илми аҳволи қалб ва тазкияи нафс»дир, яъни қалб аҳволи ва нафсни поклаш ҳақидаги илмдир.
ИСЛОМ ЯЪНИ АҲЛИ суннат тасаввуфи, баъзи йўл ва бузулган тариқатлардаги адашганлар ва сафсаталардан юксак, тоза ва покдир; бу бузулганликлар Ислом оламининг илмидан узоқлашган ёки қўшни хорижий маданиятлардан киргандир. Попга жаҳл қилиш, рўзани бузиш, бузуқларга қараб, асл тасаввуфга аччиқ қилиш эмас. Зотан, йўлдан озганларга, бузулганларга қарши энг мувофиқ ва гўзал мужодалани ҳам мутасаввифлар берганлар.
Бугун бизлар, йигирманчи аср одамлари, яхши ва тўғри бир тасаввуф тарбиясини кўрсак ҳам, танҳо ва ҳам гуруҳ бўлиб, ҳам дунё ва ҳам охиратда хурсанд ва бахтиёр бўламиз. Чунки тасаввуф ҳам ҳақиқий имонни, ирфонни, олижаноб ахлоқни ўргатади ва шу йўлда тарбиялайди.
Тасаввуф инсонни тақлидий имондан, юзаки ва шаклий мусулмончиликдан қутқаради, «маърифатуллоҳ»га етказади. Аллоҳнинг маҳбуб бандаси даражасига чиқаради.
Тасаввуф инсонга ботин тарбиясини, виждон таълимини, қалб тозалигини бахшида этади, бошига бало бўлган нафси амморани ислоҳ қилади, нафси мутмаинна, нафси розия, нафси марзия ҳолига юксалтиради.
Тасаввуф инсонга самимий туйғуларни тоттиради, ички севги ва ҳурматни ўргатади.
Аллоҳ Таолони севиш, Расулуллоҳ (с.а.в.)га эргашиш, барча хайирлар ва яхшиликларнинг манбасидир. У инсонни муҳаббатли, марҳаматли, шафқатли, эътиборли, фаол-ҳаракатчан киши ҳолатига келтиради.
Дунёда ва уқбода ҳақиқий бахтиёрлик хоҳлаётган бўлсангиз, бу сўзларимни ва ҳаёт тажрибамни бегонага ташламанг, ўзингизни ва бола-чақангизни адиб ва зариф, комил ва солиҳ, тақво эгалари ва орифлар қилиб етиштиришга ҳаракат қилинг.
Бу дунёдан маънавий жиҳатдан оми бўлиб ўтиб кетмангизки, кейин пушаймон бўласиз.
Тасаввуф ғайритабиий юксакликдаги фавқулодда бир йўлдир ва инсонни жуда ҳам ғайриодатий ҳолга солади. Чунки, тариқатда ғайритабиийлик бордир, кашф бордир, каромат бордир, ҳайратланарли ҳолатлар бордир, аммо булар ғоя эмас, булар яхши бир инсон ҳолининг натижасидир, хислатидир.
(давоми бор)
Манба: Сайфиддин Рафиддиновнинг фейсбукдаги саҳифасидан олинди