Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон бош вазир бўлди

0
689
Фото: Louiza Vradi/ Reuters

МБС аллақачон қиролликнинг амалда ҳукмдори ҳисобланади, бироқ бу тайинлаш унинг ҳукумат раҳбари ролини расмийлаштиради.

Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон қирол Салмон ташаббуси билан ўтказилган вазирлар маҳкамасидаги ўзгаришларда қироллик бош вазири этиб тайинланди, дея хабар беради Саудия Арабистони расмий агентлиги сешанба куни эълон қилган қироллик фармонига кўра.

Шаҳзода Муҳаммад аллақачон дунёдаги энг йирик нефть экспортчисининг амалдаги ҳукмдори ҳисобланади ва бу тайинланиш унинг қироллик ҳукумати раҳбари сифатидаги ролини расмийлаштиради.

МБС инициаллари билан танилган валиаҳд шаҳзода аввал бош вазир ўринбосари ҳамда мудофаа вазири лавозимларида ишлаган. Унинг ўрнига мудофаа вазири ўринбосари бўлган укаси Холид бин Салмон тайинланди.

Бошқа барча юқори мартабали вазирлар қирол фармони билан ўз лавозимларига тасдиқланди, жумладан, ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фархон Ал Сауд, молия вазири Муҳаммад ал-Жадаан ва инвестиция вазири Холид ал-Фалиҳ лавозимларига тасдиқланди.

86 ёшли монарх илгари ва одатда қиролга тегишли бўлган бош вазирлик лавозимига МБС ни тайинлар экан, шу орқали қиролликдаги ҳокимиятнинг секин-аста, аммо барқарор ўтишини давом эттирмоқда.

Сешанба кунги қироллик фармонида тайинланиш сабаблари кўрсатилмаган, бироқ SPA давлат ахборот агентлигининг таъкидлашича, давлат раҳбари бўлиб қолаётган қирол ўзи қатнашадиган вазирлар маҳкамаси йиғилишларига раислик қилишни давом эттиради.

Май ойида қирол тиббий кўрикдан ўтиш ва даволаниш учун касалхонага ётқизилган эди, деб хабар беради SPA .

37 ёшли валиаҳд шаҳзода аллақачон қиролликнинг кўплаб муҳим портфеллари, жумладан, иқтисод, мудофаа, нефть ва ички хавфсизлик учун масъул бўлиб келмоқда.

2016 йил апрел ойида шаҳзода Муҳаммад Саудия Арабистонининг келажакка оид қарашлари бўлган “Vision 2030” дастурини тақдим этди, у қиролликни араб ва ислом дунёсининг юраги, сармоявий марказ ва уч қитъани боғловчи марказга айлантиришни мақсад қилган.

Ташаббус иқтисодиётни диверсификация қилиш ва хусусийлаштириш, шунингдек, унинг нефтга қарамлигини камайтиришга қаратилган. 2030 йилга бориб, ташаббус электрон ҳукумат тизимини яратишни ҳам мақсад қилган.

МБС 2017 йилда тахт вориси бўлди, у аввалроқ мудофаа вазири бўлиб ишлаган.

Унинг Мудофаа вазири сифатидаги энг диққатга сазовор ҳаракати 2015 йил март ойида бошланган ҳусий исёнчиларга қарши Саудия Арабистони бошчилигидаги Ямандаги коалициянинг “Ҳал қилувчи бўрон” операциясига раҳбарлик қилиши бўлди.

Валиаҳд шаҳзода минтақавий рақиби Эроннинг таъсирига қарши туриш учун ҳам агрессив ташқи сиёсат юритмоқда.

Шаҳзода Муҳаммад ҳокимиятга келганидан бери Саудия Арабистонини тубдан ўзгартириб, иқтисодиётни нефтдан узоқлаштириш, аёлларга автомобил ҳайдашга рухсат бериш ва руҳонийларнинг жамият устидан ҳокимиятини чеклаш бўйича саъй-ҳаракатларга бошчилик қилди.

Бироқ, унинг ислоҳотлари мухолифатга қарши оммавий тазйиқлар билан бирга бўлди, фаоллар, қироллик аъзолари, аёллар ҳуқуқлари фаоллари ва бизнесменлар қамоққа ташланган.

2017 йилнинг ноябрида коррупцияга қарши тозалаш жараёнида МБС буйруғи билан тўртта вазир, 11 нафар шаҳзода ва бир қанча таниқли тадбиркорлар қўлга олинган эди. Бироқ, бу чоралар унинг кўплаб тўғридан-тўғри рақибларига қарши қаратилганлигиайтилади ва бу эса шаҳзоданинг қироллик устидан ҳокимиятини янада кучайтиришига олиб келди.

Аввалроқ, жорий йилнинг бошида у Вашингтон билан икки томонлама нотинч муносабатларни тиклашга уриниб, АҚШ президенти Жо Байденни қиролликда қабул қилган эди. Ўртадаги совуқчиликни сабаби эса, Саудия агентлари томонидан 2018 йилда Саудиялик журналист Жамол Қошиқчининг Истанбулдаги ўлдирилиши эди.

 

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг