Саудия Арабистони ва Германия душанба куни экстремизм ва терроризмнинг барча турларига қарши туриш зарурлиги тўғрисида келишиб олдилар. Бу ҳақда Saudi Press Agency хабар бермоқда.
Германия канцлери Ангела Меркель билан телефон орқали суҳбат чоғида қирол Салмон Қиролликнинг яқинда Франция ва Австрияда содир этилган террористик ҳужумларни қаттиқ қоралашини тасдиқлади.
29 октябрь куни Франция жанубидаги Ницца шаҳридаги черковга пичоқ билан қилинган ҳужумда уч киши ҳалок бўлди. Австрия пойтахти Венада эса қуролли шахслар шаҳар бўйлаб бир нечта жойларда, шу жумладан ибодатхона яқинида отишма уюштириб, камида 4 кишининг ҳаётига зомин бўлишди.
Қирол Салмон, шунингдек, пайғамбар Муҳаммад (с.а.в)нинг ҳақоратли карикатураларини кескин қораловчи позициясини таъкидлаб, «фикр эркинлиги – бу нафратни тарқатиш воситаси эмас, балки халқлар ўртасида ҳурмат ва бирга яшашни тарғиб қилувчи муҳим ахлоқий қадриятдир», деб айтди.