Россия Мудофаа вазирлиги 1 апрелдан бошлаб армияга шартнома бўйича янги аскарларни жалб қилишни бошлайди

0
3348
Фото: Екатерина Сычкова © URA.RU

Россия Мудофаа вазирлиги шартнома билан хизмат қилиш учун 400 минг кишини жалб қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ura.ru хабар бермоқда.

Нашрнинг ёзишича, вазирлик ҳудудлардан жалб этиладиган одамлар сони кўрсатилган тақсимот рўйхатини юборган. Янги «кенг миқёсдаги ахборот кампанияси» 1 апрелдан – баҳорги чақирув пайтида бошланиши айтилмоқда.

Мудофаа вазирлигининг режаларига кўра, Челябинск ва Свердловск вилоятларида 10 минг, Перм ўлкасидан 9 минг киши хизматга чақирилиши керак.

Воронеж вилоятида аҳолига военкаматга учрашиш учун чақирув қоғозлари топширишлар бошланган. Расмийларнинг таъкидлашича, бу «фақат Воронеж военкоматларида ҳарбий рўйхатга олиш маълумотларини янгилаш учун» амалга оширилмоқда экан. Хабардан маълум бўлишича, чақирув қоғозлари “асосан” фуқароларнинг яшаш ва иш жойида топширилади.

Текширув давомида фуқароларга ўз хоҳиши билан Украинадаги урушга бориш таклиф этилади, дейди Воронеж вилояти ҳуқуқ-тартибот идораларидаги  “»Верстка” нашрининг манбаси. Шундай тарзда, унинг сўзларига кўра, ҳарбийлар бир қатор танқис бўлган мутахассисликлар (артиллериячилар, зирҳли транспорт воситалари операторлари) йўқотилишининг ўрнини тўлдиришни кўзламоқдалар. Аммо алал оқибат, улар асосан «умидсизликга тушиб қолган, йўқотадиган ҳеч нарсаси йўқ бўлган одамлар»ни фронтга жўнатилишини истисно қилишмаган.

Ўз навбатида, президент матбуот котиби Дмитрий Песков, аввалгидек, сафарбарликнинг иккинчи тўлқини бўйича режалар йўқлигини эълон қилди.

Россияда «қисман» сафарбарлик (бу расман Президент Владимир Путин фармонида шундай дейилади) 21 сентябрь куни эълон қилинган эди. Шундан сўнг, Россия Мудофаа вазирлиги 300 минг кишини сафарбар қилиш ниятида эканлигини маълум қилди. Октябрь ойи охирида мудофаа вазири Сергей Шойгу бу вазифа бажарилгани ва қўшимча вазифалар режалаштирилмаганини айтганди. Путин томонидан эса сафарбарликни якунлаш ҳақидаги фармон имзоланмади.

Британиянинг The Times газетаси аввалроқ Ғарб разведкасидаги манбаларга таяниб, Россияда яна 500 минг киши сафарбар қилиниши мумкинлиги ҳақида ёзган эди.

Январь ойида Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу уч йил ичида рус қўшинлари сонини 1,5 миллионга ошириш мақсадини эълон қилган эди. Уларнинг деярли ярми шартнома бўйича ҳарбий хизматчилар бўлиши тахмин қилинмоқда. Бир кун аввал Россия Давлат Думасига армияга чақирув ёши чегарасини 27 ёшдан 30 ёшгача кўтариш тўғрисидаги қонун лойиҳаси тақдим этилган эди.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг