18 декабрь жума куни Афғонистоннинг Ғазна вилоятида қуръон мусобақаси бўлаётган пайтда бомба портлатилди. Ушбу ҳодиса сабаб 15 нафар фуқаролар, жумладан, 11 та ёш бола ҳалок бўлди ва 20 киши жароҳатланди. Ички ишлар вазирлиги вакили Тариқ Ариан берган маълумотларга кўра, портловчи модда аравага жойлаштирилган.
“Жума кунги ҳужумда қурбон бўлганларнинг аксарияти 18 ёшдан кичик бўлганлар эди” дейди Ғазна вилояти губернатори матбуот котиби Воҳидулла Жумазода.
Одатда, афғон ҳукумати расмийлари ва журналистлар автотранспорт воситаларининг остига қўйилган кичик, магнит бомба билан қилинган портлашларда Толибонни айблашади. Сўнгги ҳафталарда, асосан, пойтахт Қобулда камида 10 нафар давлат амалдорлари ва уларнинг ёрдамчилари ана шундай бомбалар билан ўлдирилган.
Афғонистонда 19 йилдан бери уруш давом этмоқда. Шу йилнинг сентябрь ойида Афғонистон ҳукумати ва Толибон ўртасида бошланган тинчлик музокараларига қарамай бу мамлакатда ҳарбий ҳаракатлар тўхтамаяпти.