Қозоғистон Россияга қарши баёнот берди

0
1016
Фото:inform.kz

Қозоғистон Евросиё иқтисодий иттифоқининг сиёсий уюшмага айланишига қарши. Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия томонининг Ғарб санкцияларига қарши иттифоқчилар билан ҳамжиҳатликда жавоб қилишга доир баёнотига шундай муносабат билдирган.

Вазирлик томонидан Евросиё иқтисодий иттифоқи масаласи бўйича тарқатилган баёнотда ташкилотни тузишдан асосий мақсад иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш эканлиги таъкидланади.

“Учинчи томоннинг санкцияларига ҳамкорликда жавоб бериш бўйича шуни қайд этамизки, Ғарб санкциялари биринчи галда сиёсий омилга эга. Евросиё иттифоқининг барча аъзоларига эмас, балки аниқ бир давлатга қарши қаратилган. Қозоғистон Евросиё иттифоқи доирасида бирор давлат санкцияларига қарши “ҳамжиҳатликда” жавоб чораларини қўллаш бўйича муҳокамаларда иштирок этқаётгани йўқ”, дейилади Қозоғистон баёнотида.

Евросиё иқтисодий иттифоқи Ғарб санкцияларига ҳамжиҳатликда қарши жавоб чораларини муҳокама қилаётганини Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Александр Панкин маълум қилган.

Петербургда ўтган халқаро иқтисодий форум давомида қилинган бу баёнотга кўра, Евросиё иқтисодий иттифоқи ташкилот аъзоларига нисбатан учинчи томон жорий этган нодўстона сакнсияларга қарши “коллектив” жавоб чораларини ишлаб чиқишни муҳокама қилмоқда.

Евросиё иттифоқининг фаол аъзоларидан бири бўлган Қозоғистон учинчи томон санкциялари ташкилотга эмас, балки алоҳида бир давлатга, яъни Россияга қаратилганини, Қозоғистон бу санкцияларга жавоб қайтаришни муҳокама қилмаётганини алоҳида таъкидлайди.

Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги бу баёнотлар жамоатчиликда, айниқса, Қозоғистон жамоатчилигида жиддий мунозаралар қўзғар экан, мамлакатнинг Савдо ва интеграция вазирлиги ҳам алоҳида баёнот билан чиқди.

Унда учинчи томон санкциялари ташкилот аъзоларига билвосита таъсир кўрсатиши тан олинади. Аммо “Қозоғистон томони Евросиё иттифоқини учинчи томонга қарши сиёсий воситага айлантириш ҳаракатларига кескин қарши” эканлиги билдирилади.

Қозоқ эксперти Эрмек Наримбойга кўра, Евросиё масаласида Қозоғистонда, шунингдек, Ўзбекистондаги мавжуд хавотирлар ҳам ўринли. Россия бу ташкилотдан Ғарбга қарши сиёсий иттифоқ ясашни мақсад қилмоқда:

“Қозоғистоннинг бу баёноти Россиянинг МДҲ ҳудудида аксилғарб блокини ташкил этиш ҳаракатига жавоб дейиш мумкин. Қозоғистон буни рад этмоқда. Қозоғистон учун бу иттифоқ фақат иқтисодий аҳамиятга молик.

Қозоғистон Россия ва Ғарб ўртасидаги санксиялар урушига қўшилмоқчи эмас. Москва заифлашаётган бўлса-да, ундан келадиган хавф жуда улкан. Биз Россия билан энг узун чегарага эгамиз”.

Экспертнинг таъкидлашича, Қозоғистон томонининг баёноти Ғарбга берилаётган ишора билан ҳам диққатли.

“Вазирликнинг бу қатъий баёноти Ғарб-Россия зиддиятида Қозоғистон Россия томонида эмаслигини билдирувчи аниқ ишора. Бу ишоранинг эса анча кескин билдирилаётгани диққатлидир. Бундан қатъи назар, Россиянинг Қозоғстонга таҳдиди хавотирли даражада қолаверади. Айниқса, Қозоғистон-Россия чегараси бўйлаб Россиянинг бир нечта армиялари жойлаштирилгани инобатга олинса.

Бу факт Қозоғистондан ҳам аниқ бир ҳарбий, сиёсий чоралар кўришни талаб қилмоқда. Аммо геосиёсий муҳит ўта таранг. Нур-Султон шу чекланган имкониятлар даражасида ҳаракат қилишга мажбур”, – дейди Эрмек Наримбой.

Евросиё иқтисодий иттифоқи Арманистон, Беларус, Россия, Қозоғистон ва Қирғизистондан иборат. Яқинда Ўзбекистон бу ташкилотга кузатувчи давлат мақомида қўшилди. Ташкилот саммити 21 май куни ўтди.

Онлайн мулоқотда иттифоқ аъзоларидан ташқари Президент Шавкат Мирзиёев ҳам қатнашган. Ўзаро авиа ва транспорт қатновларини тиклаш, ҳамкорликни кучайтириш борасида ташаббуслар билдирган эди.

Ўзбекистонда мамлакатнинг бу ташкилотга кузатувчи мақомида қўшилиши ҳам жиддий мунозаралар остида кузатилди. Жамоатчиликдаги асосий хавотир Евросиё иттифоқи иқтисодий эмас, балки сиёсий иттифоқ эканлиги билан боғлиқ.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг