Қорабоғдаги тўқнашув: Озарбайжон ва Арманистон маҳбусларни миналар майдонлари хариталарига алмаштирдилар

0
820
Фото:bbc.com

Озарбайжон ўтган йилги уруш натижасида ўз ҳудудларини қайтариб олди.

АҚШ Давлат департаменти ва Грузия ҳукумати воситачилигида Озарбайжон ва Арманистон ўзаро алмашинув ўтказдилар: Озарбайжон 15 арман асирини озод қилди ва Арманистон Тоғли Қорабоғ атрофидаги вилоятлардан биридаги миналар майдонлари хариталарини топширди. Бу ҳақида «ББС News» рус нашри хабар берди.

Ушбу алмашинувни шанба куни Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян эълон қилди.

«2021 йил 12-июнь куни Арманистон томонидан 97000 та танкга қарши ва пиёдаларга қарши миналар билан Агдам вилоятидаги миналар майдонлари хариталарини тақдим этганига жавобан, ҳибсга олинган 15 арман Грузия вакиллари иштирокида Озарбайжон-Грузия чегарасида Арманистон вакилларига топширилди. «, – дейилади Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги воситачилик учун Грузия ҳукумати ва Бош вазир Иракли Гарибашвилига миннатдорчилик билдирди.

Пашиняннинг сўзларига кўра, қайтарилган маҳбуслар орасида чегара яқинидаги воқеалар пайтида озарбайжонликлар қўлига тушган олти аскарнинг тўрттаси, уруш тугаганидан кўп ўтмай Тоғли Қорабоғнинг жанубида қўлга олинган ўнлаб жангчиларнинг бир нечтаси ва ўтган йилнинг сентябрь-ноябрь ойларида жанговар ҳаракатлар пайтида қўлга олинган бир неча киши бор.

Иккинчи Қорабоғ уруши тугаганидан бери етти ой давомида Арманистон Озарбайжонни маҳбусларни қайтармаётганликда, Озарбайжон эса Арманистонга Озарбайжон ўз назорати остига олган ҳудудларда миналар майдонлари хариталарини чиқармаганликда айблаб келди.

Қорабоғ,Арманистон ҳарбийлари орасида 73 жангчининг йўқ бўлиб кетганини эълон қилди. Агдам вилоятидаги 97 мингта миналар тўғрисидаги маълумотлар Тоғли Қорабоғ атрофидаги Озарбайжон тасарруфига қайтган жойларда миналар муаммоси кўламини тушунишга имкон беради.

Агдам вилояти ўтган йилги урушгача Арманистон ва Озарбайжон қўшинлари тўқнашуви чизиғи ўтган тўрт минтақадан биттасидир.

Айни пайтда, май ойи охирида Озарбайжоннинг миналардан тозалаш агентлиги ANAMA , вазирлик сапёрлари уруш тугаганидан бери етти ой ичида атиги 20 мингта миналар ва портлатилмаган ўқ-дориларни зарарсизлантиришганини эълон қилди.

Яна 26000 ўқ-дорилар ва миналар янги алоқа линиясидаги тинчликпарвар контингентнинг русиялик сапёрлари томонидан зарарсизлантирилди.

Озарбайжон расмийларининг маълумотларига кўра, шу етти ой ичида Қорабоғ  атрофидаги минтақаларда етти ҳарбий ва 20 нафар фуқаро портлатилиб ўлдирилган ва юздан ортиқ одам жароҳат олган.

Охирги қурбонлар – 4 июнь куни икки озарбайжонлик журналист ва расмий шахс: улар саёҳат қилган юк машинаси Тоғли Қорабоғнинг шимолида танкга қарши минага тушиб қолган.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг