Парламент сайловларининг натижасидан норози бўлган қирғизлар сешанба куни тонгда Бишкекдаги ҳукумат ва хавфсизлик кучларининг бош қароргоҳига бостириб киришди. Шунингдек, намойишчилар қамоқда ўтирган собиқ президент Алмазбек Атамбаевни ҳам озод қилишган.
Ҳозирда Қирғизистоннинг бир қанча ҳудудларида намойишлар давом этмоқда. Амалдаги президент Соранбай Женбеков юз бераётган нотинчликларни баъзи сиёсий кучларнинг ҳукуматни ноқонуний тарзда эгаллаш учун қилаётган уринишлари эканлигини айтган ва мамлакат парламентига қайта сайлов ўтказилмаслигини маълум қилган.
Маҳаллий 24.кг вебсайтининг берган маълумотларига кўра, намойишчилар ўтказилган сайлов натижаларини бекор қилишни талаб қилишмоқда. Сешанба куни Марказий сайлов комиссияси намойишчиларнинг бу талабини кўриб чиқишини айтди.
Сешанба куни эрталаб намойишчилар Оқ Уйга ўт қўйишган. Аммо, олов тез орада бартараф қилинган. Шундан кейин ғазабланган одамлар Миллий хавфсизлик қўмитасининг бош офисига бостириб кириб, собиқ президент Алмасбек Атамбаевни озод қилишган. Атамбаев коррупсияда айбланиб, узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.
Ҳукумат хабарларига кўра, душанбадан сешанбага ўтар кечаси бўлиб ўтган нотинчликлар сабаб 1 киши ўлди ва яна 590 киши жароҳатланди. Женбеков сешанба куни берган баёнотида “қон тўкилмаслиги учун” хавфсизлик кучларига қуроллардан фойдаланмасликни буюрганини айтди. Шунигдек, бир нечта ҳудуд ҳокимлари ўз хоҳишлари билан истеъфога чиқишган.
6.5 миллион киши истиқомат қиладиган Қирғизистонда сўнгги ўн йилликлар ичида сиёсий беқарорликлар тўхтамаяпти. Бу мамлакатда ўтган 15 йилда иккита президент исёнлар орқали ҳукуматдан ағдарилган.