Нобел мукофотини топширувчи ташкилотнинг душанба куни берган хабарига кўра, икки нафар америкалик ва бир нафар британиялик олимлар “Физиология ва тиббиёт” йўналиши бўйича бу йилги нобел мукофотини қўлга киритишди. Улар сирроз ва жигар ракини келтириб чиқарадиган гепатит C вирусини аниқлаш бўйича олиб борган ишлари учун мазкур олий даражадаги мукофотга сазовор бўлишган.
“Бу олимларнинг тадқиқотларидан аввал гепатит А ва гепатит Б вирусларини аниқлаш жуда муҳим иш ҳисобланарди. Гепатит C вирусининг кашф қилиниши эса сурункали гепатит касаллигининг бошқа турларининг ҳам сабабларини ошкор қилди ва қондан тест олиш ҳамда янги дориларнинг яратилишига имкон яратди. Бу эса миллионлаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолди” дейилади Швециядаги Нобел Ассамблеяси берган баёнотда.
Олимларга мазкур ишлари учун 10 миллион Швеция кронаси (1.1 миллион АҚШ доллари) миқдоридаги пул мукофоти топширилган.