Қозоғистон “Аждарлар» қуршовида: улар ичидан қайси бирини боқади?

0
1881

Қозоғистоннинг кўпқиррали сиёсати яна бир синовдан яна бир  ўтадиганга ўхшаяпти. Бундай башоратга бизнинг иккита йирик қўшнимиз – Россия ва Хитойнинг стратегик жиҳатдан,  нафақат сиёсий, иқтисодий масалаларда, шунингдек ҳарбий соҳада ҳам ўзаро яқинлашуви асос бўлмоқда. Бу эса Қозоғистон сўнги вақтларда ҳамкорлик алоқаларини яхшилашга зўр бериб интилаётган Ғарб давлатларида безовталик келтириб чиқармоқда. Биз бу “геосиёсий учбурчакда” ўз қиёфасини сақлаб қолган ҳолда, қандай яшаб қолиш мумкинлиги тўғрисида сиёсий фанлар номзоди Дўсим Сатпаев билан суҳбатлашдик.   

– Мантиқан олганда, Хитой билан Россия иттифоқчи бўлишга қарор қилган экан, у ҳолда уларнинг орасидаги биз каби давлатлар улар олиб бораётган сиёсатга мос ҳаракат қилишимизга тўғри келади. Бу Қозоғистоннинг мазкур давлатларга боғлиқлигини яна ҳам кучайтирмайдими?


– Ҳақиқатнинг кўзига тик қарашимиз ва Қозоғистоннинг тенгҳуқуқлилик ва прагматизм қоидаларига асосланувчи кўп қиррали сиёсати ҳозирнинг ўзидаёқ ёки яқин келажакда тамомила ўзгача ташқи сиёсий андозаларга таянган ҳолда, ўз сиёсий ўйинларини юритишга уринадиган давлатларнинг ташқи сиёсати билан эртами-кечки зиддиятга киришишини тушуниш керак.

Аҳир, Совет Иттифоқи ўрнида ташкил топган давлатларга таъсир кўрсатиш нисбатан янада фаол даврга ўтмоқда. Ҳозир бундай таъсир Россия ва Хитой иштирокида ҳам кучайтирилмоқда. Шу билан бирга ушбу давлатларнинг ҳар қайсиси – ҳарбий, иқтисодий, ахборот ва бошқа соҳаларда ўз ташқи сиёсатини экспансия қоидаларига биноан юритмоқда. Бунга ажабланишнинг ҳожати йўқ, чунки бу сиёсий ўйинларнинг иштирокчилари ёки собиқ буюк давлат  (Россия каби) тамойилларидан қутила олмаётир, ёҳуд дунёвий қудратли давлат (Хитой каби) мақомига даъвогарлик қилаётир. 

Шундай қилиб, Қозоғистоннинг асосий муаммоси шундаки, маълум бир вақт давомида бизнинг кўпқиррали ғоямиз ҳар бири дунё давлатларини “ўзиники” ва “бегона” га ажратиб, кўрпани ўз устига тортишга интилувчи  ушбу рақобатлашаётган давлатлар сиёсатлари билан тўқнашади. Бундай англашилмовчиликлар Россия ва Қозоғистон муносабатларида ҳозирнинг ўзидаёқ кузатиляпти: албатта, дипломатик даражада ҳозирча status quo, яъни ўзаро муросагўйлик сақланиб турибди, лекин келгусида жиддий низолар келиб чиқиши мумкин. 


– Гап қандай «жиддий низолар» тўғрисида кетяпти?

– Барча муаммо шундаки, Россияда Владимир Путин даврида совет рамзий тимсоллари ва ўтмиш қадриятларнинг ғалати қоришмасига таянадиган рестроспектив  ватанпарварликка зўр берилди. Амалиёт кўрсатяптики,  Россия жамоатчилигини сафарбар қилишнинг бундай усули, гарчи ура-урачиликдан иборат ватанпарварлик кайфиятини келтириб чиқараётган бўлса-да, бироқ ички ва ташқи душманлар қидириб топиш шароитида иш бермоқда. “Аждар” бизларни ҳимоя қилиши мумкин, бироқ уни ҳам мунтазам “гўшт” билан боқиш лозим бўлади.
Айтганча, яқинда “Москва садоси” («Эхо Москвы») радиостанциясида россиялик сиёсатшуносларидан бирига ҳатто: «РФ президенти  Владимир Путин ўз мавқеини ошириш учун Қозоғистон ва Белорусияни босиб олиш мақсадида юриш қиладими?” деб савол беришди.  Яъни, 2014 йил воқеаларидан кейин Россияда маҳаллий тадқиқотчиларга шундай саволлар ҳам берилаётгани ғайритабиий ҳол бўлмай қолди. 


– Умуман «Россия-Хитой иттифоқи»ни сиз қандай баҳолайсиз? Унинг келажаги борми?

– Сурияда Россия ва Эрон иттифоқи каби  Россия ва Хитой ҳамкорлиги маълум мақсадга қаратилган конъюктур-прагматик хусусиятга эга. Бу шуни англатадики, воқеалар кетма-кетлигига кўра бундай иттифоқлар абадий бўлмайди. Мен қандайдир узоқ муддатли “Хитой-Россия” геосиёсий иттифоқи пайдо бўлди деб айтмаган бўлардим. Чунки, бу давлатлар умумбашарий қадриятлар асосида эмас, асосан  бирон-бир мамлакатга қаршилик кўрсатиш учун дўстлашадилар.  
Айнан ҳозирги пайтда Москва билан Пекинни Марказий Осиёда иккита умумий манфаат бирлаштириб турибди. Биринчидан, АҚШнинг мазкур минтақадаги ҳар қандай ҳарбий-сиёсий аралашувига йўл қўймаслик (гарчи Оқ уйга Дональд Трампнинг келиши натижасида АҚШнинг Марказий Осиёга қизиқиши яққол сусайган бўлса-да). Иккинчидан, экстремизм ва терроризмга қарши кураш.

Дарвоқе, Марказий Осиё давлатларида, шу жумладан Қозоғистонда диний кайфиятнинг кучайиб бораётгани Россия ва Хитой учуннавбатдаги хавотирли  ҳолат ҳисобланади. Мазкур давлатлар ҳозир дунёвий тусга эга, бироқ уларда маълум муддатдан кейин мусулмон аҳоли кўпчиликни ташкил қилиши мазкур минтақа давлатларининг  ислом дунёсига оғиб кетиши эҳтимолини кучайтиради.  
Айтгандай, Марказий Осиё давлатлари мусулмон дунёсида ҳозирнинг ўзидаёқ учта даъвогар рақобатчилар: Эрон, Саудия Арабистони ва Туркиянинг оламшумул сиёсати доирасига тушиб қолган.  Бу келгусида бошқа сиёсий муносабатларни юзага келтириши мумкин. Масалан, Хитойда Шарқий Туркистонда мусулмонларга тазйиқ кучайишига нисбатан норозилик минтақада яна ҳам салбий тус олиши мумкин. Шундай ҳолат Россия ёки АҚШга нисбатан ҳам юзага келиши эҳтимоли мавжуд.  
– Россия билан Хитой мазкур минтақада ўз мавқеини қандай қилиб ушлаб қолмоқчи?

– Постсовет минтақаси тўғрисида гапирганда,  Россия икки жабҳада: Коллектив хавфсизлик тўғрисида шартномаси ташкилоти (КХШТ) орқали ҳарбий-сиёсий ҳамда Евроосиё Иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) орқали иқтисодий жиҳатдан мустаҳкамланиб олмоқчи. КХШТга Марказий Осиёдаги бешта давлатдан учтаси (Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон), ИОИИ га эса иккитаси (Қозоғистон ва Қирғизистон) киради. Ўзбекистон бундан бир неча йил илгари Коллектив хавфсизлик тўғрисида шартномаси ташкилоти (КХШТ) га аъзоликни тўхтатди ва ЕОИИга қўшилишдан бош тортди. Туркманистон бошданоқ бу тизмлардан ҳеч бирига қўшилмади.  
Хитойга келадиган бўлсак, у ҳам Марказий Осиёда икки йўналиш бўйича  – Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) ва ўз ташаббуси билан “Ипак йўли иқтисодиёт минтақаси” орқали иш юритмоқда. Қизиғи шундаки, ШҲТга КХШТдан фарқли ўлароқ нисбатан кўпроқ – тўртта Марказий Осиё давлатлари (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон) киради. Туркманистон ташкилотга аъзо эмас, бироқ ШҲТ давлатлари бошлиқлари саммитига мунтазам таклифнома олиб туради.  

– Сизнинг назарингизда, кимнинг вазияти кўпроқ устун?

–КХШТ ва ШҲТ ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорлик тўғрисида ёки икки ЕОИИ ва “Ягона минтақа – ягона йўл” лойиҳаларини қўшиб юбориш ҳақида расмий доираларда албатта бир неча бор гап бўлган. Лекин бу ерда ҳам ҳаммаси унчалик осон эмас. Ўтган йили мен, Германияда  йигирма йиллардан бери ёпиқ тарзда ўтказилиб келинаётган, бир томондан немис ва россиялик экспертлар, иккинчи томондан эса юқори мартабали сиёсатчиларни тўпланадиган “Шлангенбад мусоҳабалари” деб номланувчи суҳбатларда иштирок этдим.  
Табийки, бу учрашувлар давомида россиялик таҳлилчилар ғарб таъсирига қарама-қарши Москва билан Пекин ўртасидаги  иқтисодий ва сиёсий иттифоқнинг узоқ муддатли истиқболларига кўпроқ урғу беришди.  

Жумладан, Е.М.Примаков номидаги Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар Миллий тадқиқот институти директори ўринбосари Федор Войтоловский ҳозир дунё миқёсида янги муаммолар юзага келаётгани ва бу жараён ўн йилларга чўзилиши мумкинлигини айтди. Унинг фикрига кўра, дунё яна куч ишлатиш асосий хусусиятга айланадиган давр сари кетмоқда. Агарда Россия ва Хитойнинг ҳарбий кучлари бирлашса, у ҳолда янги катта ҳарбий куч майдонга келади, аксинча бўлса, сиёсий тусга эга дунё гувоҳи бўламиз.  

Умуман олганда, Россия ва Хитой вакиллари бу учрашувда бир қанча сиёсий масалаларда бир хил мавқеда бўлди. Лекин икки мамлакат ҳарбий қудратини умумлаштириш тўғрисидаги мулоҳаза музокараларнинг бошқа иштирокчиларида шубҳа келтириб чиқарди. Улар ҳатто постсовет минтақасида ҳам Россиянинг мавқеи заифлашгани сабабли Хитой Россияни тенг ҳуқуқли шерик сифатида эътироф этиши эҳтимолдан йироқлигини қайд этишди. Бунинг устига Пекин  мазкур минтақада ҳозирнинг ўзидаёқ иқтисодий етакчига айланмоқда. 

Бунда Марказий Осиёдаги барча давлатлар аъзо бўлган “Ипак йўли иқтисодий минтақаси” Хитойга жуда қўл келаётир. Ташаббускори Россия бўлган Евроосиё Иқтисодий иттифоқига эса мазкур минтақадан фақат икки давлат – Қозоғистон ва Қирғизистон аъзо.  

Россияга келадиган бўлсак, Ғарб билан низолардан кейин у ўзига муносиб ҳамкорлар қидиряпти, жумладан, сиёсати анча фарқ қилишига қарамасдан Хитой билан алоқаларни мустаҳкамлашга уринмоқда. Пекин гарчи Ғарбни танқид қилаётган бўлса ҳам зиддиятга киришмоқчи эмас, аксинча ўзаро “мулойим муносабатлар” йўлини маъқул кўряпти. Бунинг устига “Ипак йўли иқтисодий минтақаси” лойиҳаси, айниқса, унинг қуруқликдаги қисми, ғарбий бозорларга кириб боришни пировард  мақсад қилиб қўяди. Россия эса ҳозир аксинча, ўзининг кўплаб лойиҳаларини Шарқ мамлакатларига йўналтирмоқда. Бинобарин, Россиянинг Шарқ сари ва Хитойнинг Ғарбга томон интилишини яхлит тасаввур қилиш амри маҳол. Яъни, бу ерда зиддиятлар учун асос бор.  

– Тушунарли, биз ҳар қандай ҳолатда ҳам бу икки мамлакатга барча мезонлар бўйича ютқизамиз. Бундан қатъий назар, ҳатто улардан бири билан ҳамкорлик қилган тақдиримизда ҳам, қайси бирига кўпроқ интиламиз?

– Қозоғистоннинг хавфсизлиги ва ҳудудий барқарорлиги жуда заиф бўлиб турибди –муайян мамлакатлар ички ишларимизга аралашмаяпти, улар ҳозирча халқаро келшувларга амал қилмоқда. Бироқ бу борада “ҳозирча” сўзи ташвишлантиради. Қозоғистон раҳбарияти аввалбошданоқ фақат халқаро шартномалар кафолатлари ҳамда республиканинг кўплаб минтақавий иттифоқларда иштирок этишига умид билдиришганди. Яъни, узоқ вақт давомида давлатимизнинг миллий хавфсизлиги нафақат ўзимизнинг қуролли кучларимиз, шунингдек қатор халқаро шартномаларга ҳам боғлиқ бўлиб келди. Афсуски, халқаро ҳуқуқ тизими таназзулга учраши ва “канонерлар димломатияси” фаоллашуви муносабати билан айни халқларо шартномаларга путур етмоқда.   

Қозоғистон учун энг ёмон йўл – нисбатан кучли чет давлатнинг ҳарбий ёки иқтисодий ҳомийлиги остига ўтиш ҳисобланади: шундай қилинса, бу  анъанавий кўпқиррали давлат сиёсатини узил-кесил емиради ва мустақиллик ҳуқуқлари барбод бўлишига олиб келади.

Бошқа давлатлар билан стратегик шерикчилик ва дўстона муносабатлар тўғрисида қандай келишувлар имзоланмасин, жаҳон сиёсатида шафқатсиз қоидалар борки, уларга кўра барча мамлакатлар “бўрилар”, “қўйлар” ва “итлар”га ажратилади.  Биринчи гуруҳга мансуб давлатлар – ўзларининг  хоҳиш-иродаларини тиқиштиришга ҳаракат қилувчи етакчилар бўлса, “қўйлар” – эргашувчи давлат ҳисобланади, “итлар” гуруҳи давлатлари эса ўзлари таъсир ўтказадиган ҳудудларни ҳам, ўзларига тегишли “қўйларни” ҳам сақлаб туришга интиладиган давлатлар саналади, бунда улар жаҳоний экспансияга даъво қилмайдилар. Одатда охирги гуруҳга минтақавий кўламлардаги давлатлар киради. 

Қозоғистон иккита “бўри” қуршовида. Албатта, ҳозирги пайтда кўпгина йирик давлатлар, шу жумладан, Россия ва Хитой Қозоғистонда сиёсий барқарорлик сақланишидан манфаатдор. Бироқ агар раҳбар доиралар барқарорликни таъминлай олмаса, мазкур ташқи кучларнинг ҳар хил баҳоналар билан ҳамда турли шаклларда бизнинг ички ишларимизга аралашуви – тамоман аниқ воқеликка айланиши ҳеч гап эмас. 

Баъзи бир давлатлар тажрибаси кўрсатяптики, давлат ичидаги ҳар қандай сиёсий беқарорлик муайян давлатларнинг ғаразли манфаатларини амалга ошириш учун жамиятда ҳам, раҳбар доиралар орасида ҳам “бешинчи мустамлакаси”ни яратиш бўйича янада фаол хатти-ҳаракатларига ундаши мумкин.  Яъни агар биз, самарали иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар ҳисобига ушбу барқарорлигимизни таъминлай олмасак, унда бизнинг қисматимизни бошқа давлатлар ҳал қилади.

– Бу шахмат тахтасида Қозоғистонга қандай вазифа ажратилган?

– Биз дунё миқёсидаги сиёсат “муҳокамалар”ининг марказида бўлиб қоламиз. Шу ўринда америкалик жамиятшунос ва халқаро муносабатлар бўйича мутахассис Иммануил Валлерстайннинг қизиқ бир ғояси ёдга келади. У дунё иқтисодиёти тузилишини қайта қуриш ва жаҳон сиёсати майдонини ўзгартириш чоғида асосий ўзгаришлар “ярим мустамлака мамлакатлар” ҳисобига рўй беради, деб ҳисоблайди. Айнан уларнинг ўзидан янги раҳбарлар қўйилади, ёки қолоқ мамлакатлар шакллантирилади, бундай мамлакатлар охир-оқибат чекка ўлка ҳолатигача туширилади. Қозоғистон ҳозир айнан ярим мустамлака мамлакатлар қаторида турибди. 
Дарвоқе, Европа Тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ), Қозоғистон аллақачон “ўртача ўсиш сиртмоғи” га тушиб қолган, бинобарин дунёнинг 30 та нисбатан ривожланган мамлакатлари рўйхатига кириши осон бўлмайди, деб ҳисобламоқда. 

Бу сиртмоқдан чиқиб кетиш учун бизга  Россиянинг сиёсий манфаатлари устунлик қиладиган ЕОИИ ҳам, шунингдек ШҲТ ҳам ёрдам бера олмайди. Қолаверса, “мулойимлик билан ўз таъсири остига олишга йўналтирилган” “Ипак йўли иқтисодий минтақаси”ю, “бўрилар” томонидан “қўйлар”ни муайян тузоққа тушириш учун ташкил қилинган Жаҳон савдо ташкилоти ҳам   ёрдам бермайди. 

Қозоғистоннинг у ёки бу минтақавий интеграция лойиҳаларида иштирок этишининг ўзи бизнинг рақобатбардошлигимиз кучайишини кафолатламайди. Биз бу рақобатбардошликни самарали иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар ҳисобига, шунингдек аҳоли турмуш тарзини кўтариш ҳамда аҳоли сонини кўпайтириш ҳисобига биринчи навбатда мамлакатда амалга оширишимиз керак. Мазкур омиллар Қозоғистонда мавжуд ва ташқи кучлар фойдаланиши мумкин бўлган “ғоявий сепаратизм”ни бартараф қилиш имкониятини яратади.
 
– Мазкур вазиятда қайси мамлакат тажрибаси бизга намуна бўлиб хизмат қилиши мумкин?

– Бир неча бор жаҳон урушларини бошлаб берган “бўрилар” қуршовида туриб ҳам мустақиллигини сақлаб қолган ва ички иқтисодий ўсишини таъминлай олган Швейцария яхши намуна бўлиши мумкин. Бу мамлакатнинг “бетарафлик мақоми” бу борада катта ўрин тутган, афсуски, Қозоғистон бундай мақомга эга эмас. Шу нарса ҳам муҳимки, Швейцария ҳийла жиддий молиявий-иқтисодий имкониятларга эга давлатга айланганки, у билан уруш қилгандан кўра ҳамкорлик қилган маъқул.    
Бунинг устига федератив давлат бўлиб, 26 та кантонлардан ташкил топган бўлишига қарамай, босим ўтказишга қаратилган ҳар қандай ташқи зуғумларга нисбатан жамоатчиликни етарлича юқори даражадаги сафарбарлигини намойиш қила олади. Бу швейцарияликларнинг турмуш даражаси анча юқорилиги ҳамда ўз мамлакатлари билан чинакамига фахрланишлари самарасидир. Яъни бу мамлакатда шундай шароитлар яратилганки, бунда ҳар бир киши нимадан маҳрум бўлишини ва нималарни ҳимоя қилиши кераклигини яхши англайди. Дарвоқе, нисбатан кўп сонли бўлмаган Швейцария қуролли кучлари Европада энг жанговор армиялардан бири ҳисобланади. Бинобарин, ҳатто “бетарафлик мақоми” шароитида ҳаёт кечирсанг ҳам хотиржам яшашни истасанг, ҳар эҳтимолга қарши урушга тайёр туриш лозим. 


Муаллиф: Саула Исабаева

манба
Ўзбек тилига Абдулҳамид Пардаев томонидан таржима қилинди.

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг