Қошиқчининг ўлими: Ҳокимият жиноятларини оқлаш учун диндан фойдаланмоқда

0
1948

Барча томонидан, Туркия бўлсин ёки Саудия, журналист Жамол Қошиқчи Истанбулдаги Саудия Арабистони консуллигида ўлдирилгани айтиляпти. Афсусланарли жиҳати шундаки, баъзи бир шайхларнинг ушбу жиноятни ва унинг консуллик биносида содир бўлганини оқлашга уринаётгани овозаси қулоққа чалиниб турибди. Шулардан бири шайх Солиҳ Муғомисий бўлиб, у ўз суҳбатларида бу каби жиноятлар хато ҳисобланишини сўзламоқда ва бу билан қотилларга афв эшигини очишга уриняпти- деб ёзмоқда azon.uz.
Фосид далиллар

Муғомисий фикрига кўра: “Қошиқчининг ўлдирилиш жинояти хато туфайли содир бўлган. Бундай иш бундан олдин ҳам ўтган. Саҳобалардан Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу ҳам Молик ибн Нувайро ва бошқаларни ўлдириб қўйган. Холиднинг хатосини Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Моликнинг оиласига фидя тўлаб тўғрилаганлар. Буни Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам маъқуллаб: “Аллоҳим, Холид қилган ишни Сенинг ҳузурингда айбсиз деб эътироф этаман” деганлар. Бу ерда Холид ибн Валид ва Қошиқчини консулликда ўлдирганлар орасида ўхшашлик бор”, дея далиллар келтиришга ҳаракат қилмоқда.

Муғомисий бу келтирган далили билан катта хатоликка йўл қўймоқда.

Биринчидан, Холид ибн Валид уруш ҳолатида бўлган ва қўшиннинг бош қўмондони эди. Молик ибн Нувайро эса закотни беришдан бош тортган. Холид ибн Валид у билан музокара қилаётганда: “Нега закотни бермайсан?” деди. У: “Биз у соҳибингизга берардик”, деб жавоб қайтарди. Холид: “У сизнинг ҳам соҳибингиз эмасми?!” деди. Моликда муртад бўлган кишининг белгилари кўрина бошлаган эди. Кейинчалик унинг укаси Мутмим буни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг олдиларида тасдиқлади. Тажрибали қўмондон Холид ибн Валид, унинг бу ишини шундай қолдиришни истамади ва Моликни ўлдирди. Хўш, энди Қошиқчи масаласида Саудия Арабистони эълон қилган уруш ҳолатидаги муртад бўлганмиди?! Консуллик биноси уруш майдони эдими?! Ёки Қошиқчининг ажрашиш ҳақидаги ҳужжатлари уруш майдони эдими?!


Иккинчидан, Муғомисий уруш ва тинчлик ҳукмларини аралаштириб юборди. Уруш гумон, шубҳа ва ҳимояланишнинг энг яқин эҳтимолини ҳам қочирмасликка асосланган. Тинчликдаги ҳукмлар эса чиройли гумонга асосланган бўлади. Тинчлик ҳолатида хатони кечириш хатога жазо беришдан кўра яхшироқдир. Урушда эса хато бутун қўшиннинг ҳалокатига олиб келиши мумкин. Бу эса Қошиқчининг ҳолатига умуман тўғри келмайди. Шу сабабли Муғомисийнинг қиёси фосид қиёс ҳисобланади. Унинг на илмий ва на шаръий эътибори йўқ.


Хоинларча қатл этиш

Учинчидан, Қошиқчининг ҳолати Ислом фиқҳида хоинларча ўлдирилиш деб аталади. Масалан, сиз бир кишига сўз билан ёки кафиллик билан омонлик берасиз. У сиз томондан унга зарар етмаслигидан амин бўлади. Лекин уни ўлдирасиз. Буни Ислом шариатида жазоси оғир бўлади. Субҳаналлоҳ, Муғомисийнинг хоинларча ўлдиришнинг ҳукми ҳақида гапирган видеоси ҳам бор. Бу ҳолатда қотилдан қасос олиш вожиб бўлади. Бунда ўлдирилган кишининг яқинлари ва ҳокимнинг қотилни кечириши қабул қилинмайди. Яъни қотил ўлдирилади. Бу имом Моликнинг мазҳабларидир. Саудия суди бу ҳукмни тасдиқлаган ва Муғомисий ҳам бир пайтлар буни қўллаб-қувватлаган.

Тўртинчидан, Муғомисий ҳам ва бошқа бу жиноятни оқлаётган сарой шайхлари ҳам бу жиноят “Омма ҳуқуқи” бобига киришини унутяптилар. Бунда қотил қайси вазиятда бўлишидан қатъи назар на ўлдирилган кишининг яқинлари ва на ҳоким қотилни жазодан озод қилолмайди. Чунки жамиятни қўрқувга солган жиноят бир кишининг ҳуқуқидан жамиятнинг ҳуқуқига айланади. Қотилни жазодан ҳеч ким озод қилолмайди.

Бешинчидан, бу каби жиноятлар ҳокимиятни суистеъмол қилиш халқ ва жамият унсурларини шахсий манфаати йўлида ишлатиш ҳисобланади. Бунда мазкур жиноятни қилган киши қаттиқ жазоланади, ундан афв қабул қилинмайди. Шундай бўлишини Муғомисий ҳам Судайс ҳам ва бошқа барча шайхлар ҳам аниқ биладилар. Буни Суд институтида, шариат факультетида ўрганганлар. Кичик ёки катта шариат илмини билган киши буни билмаслиги мумкин эмас. Аммо қотилга қутулиш йўлини топиб бериш учун қилинган ҳийлаларини шариат қабул қилмайди.
Олтинчидан, Қошиқчининг қотилларини жазодан қутулиши учун уларни оқлайдиган ҳукм излаётган шайхлардан жим туришларини сўрайман. Улар ушбу инқироз бошланганида жим турган эдилар. Гарчи бу жимлик уларга ярашмас эди. Улар Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзига эргашиб, фақатгина ҳақ сўзни айтишлари керак эди:
الَّذِينَ يُبَلِّغُونَ رِسَالَاتِ اللَّهِ وَيَخْشَوْنَهُ وَلَا يَخْشَوْنَ أَحَداً إِلَّا اللَّهَ وَكَفَى بِاللَّهِ حَسِيباً
«Улар Аллоҳнинг элчилигини етказадиган, Ундангина қўрқадиган, Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмайдиган зотлардир. Аллоҳнинг Ўзи ҳисоб қилгувчиликка кифоядир» («Аҳзоб» сураси, 39-оят).

Лекин ҳақнинг ўрнига ботил гапни айтгандан кўра, (қийин аҳволда қолинса) гапирмаган яхшироқ эди.

Исом Муҳаммад ТАЛЛИЙМА
 
Муаллиф ҳақида:
1974 йил 16 февралда Мисрда туғилган. 1996 йилда Азҳарнинг Исломий даъват факультетини тугатган. Юсуф Қарзовийнинг шогирдларидан ҳисобланади. Бутун дунё уламолари иттифоқ аъзоси. Ҳозирда Қатар хайрия жамиятинг шариат илмлари тадқиқотчиси.

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг