Огоҳ бўлинг, орамизда шайтонлар бор!

0
2404
Фото: Ким Шаприон режиссёрлигида суратга олинган шу номли кино картинаси постеридан олинди

Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:

«يُوشَكُ أَنْ تَظْهَرَ فِيكُمْ شَيَاطِينُ،كَانَ سُلَيْمَانُ بْنُ دَاوُدَ أَوْثَقَهَا فِي الْبَحْرِ،يُصَلُّونَ مَعَكُمْ فِي مَسَاجِدِكُمْ وَ يَقْرَؤُونَ مَعَكُمُ الْقُرْآنَ وَ يُجَادِلُونَكُمْ فِي الدِّينِ،وَ إِنَّهُمْ لَشَيَاطِينُ فِي صُورَةِ الْإنْسَانِ».

“Сизларнинг орангиздан тез аро шайтонлар чиқиши мумкин. Уларни Сулаймон алайҳиссалом денгизда боғлаб қўйган эди. Ўша шайтонлар сизлар билан бирга масжидларингизда намоз ўқийди, сизлар билан бирга Қуръон қироат қилади. Дин борасида сизлар билан талашиб-тортишади. Улар одам суратидаги шайтонлардир!”

Имом Табароний раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган мазкур ҳадисни Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ ўзининг саҳиҳ ҳадислар тўпламида саҳобанинг ўз тилидан ҳам ривоят қилган (1/7).

Бу ерда одам суратидаги шайтонлар билан Сулаймон алайҳиссалом денгизда боғлаб қўйган шайтонлар орасидаги боғлиқликни бундай тушуниш керак: Парвардигор жин-шайтонларга одамларнинг ичига киришга, одамзотнинг қон томирларида юришга изн берган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақида хабар бериб:

إِنَّ الشَّيْطَانَ يَجْرِي مِنْ الْإِنْسَانِ مَجْرَى الدَّمِ – “Албатта, шайтон инсоннинг қон юрадиган жойларида юради”, деганлар (Бухорий, 3/2038). Сулаймон алайҳиссаломдан сўнг ўша жин-шайтонлар бўшалиб, одамлар орасига тарқалиб кетган.

Хуллас, ёмон инсонларнинг ичига жин-шайтонлар ўрнашиб олиб, уларга одамларни адаштириш борасида ҳар хил васвасалар қилади. Натижада, одам суратидаги шайтонлар масжидларда одамлар кўзига тақводор кўриниб, билимли инсон бўлиб кўриниб, адаштириш билан шуғулланадилар. Бундайлар ҳозир Facebookда ва умуман интернетда кўпайиб кетган.

Одам суратидаги шайтонлар мусулмонлар билан бирга намоз ўқийдилар, ҳатто имом бўлиб уларга намоз ўқиб берадилар. Ўзларини жуда ихлосли намозхон қилиб кўрсатадилар. Намоз ўқимаганларни, чала намоз ўқувчиларни ёмонлагани-ёмонлаган, ҳатто намоз ўқимаган мусулмонларни кофир дейишдан ҳам қайтмайди.

Намозни чиройли ўқиганларнинг, намозхон бўлиб танилганларнинг ҳаммаси ҳам тўғри инсонлар бўлавермайди!

Одам суратидаги шайтонлар Қуръон ўқиб берадилар, ҳатто ундайларнинг қироатига ҳамма маҳлиё бўлиб қолади. Қуръонни чиройли ўқиганларнинг, қори бўлиб танилганларнинг ҳаммаси ҳам тўғри инсонлар бўлавермайди!

Гўё динни ва шариатни ҳимоя қилаётгандек талашиб-тортишадилар. Одамларни чалғитиш, ҳақ йўлдан оздириш мақсадида ихтилофли масалаларни излаб топадилар, ўртага ташлайдилар, фитнали масалаларга одамларни жалб қиладилар. Талашиб-тортишган, оят ва ҳадисдан далил келтирган, тортишувларда ғолиб бўлганларнинг барчаси ҳам тўғри инсонлар бўлавермайди!

Соқол қўйиб, уни узайтириб юрганларнинг ҳаммаси ҳам тақводор эмас!

Ҳижобга ўралиб олганларнинг ҳаммаси ҳам иффатли эмас!

Илм ўқиб, илмдан гапирувчиларнинг ҳаммаси ҳам уламо эмас!

Одамлар кўзида кўп ва хўп намоз ўқувчиларнинг ҳаммаси ҳам обид эмас!

Қуръонни чиройли ўқиб, ундан далилларни шариллатиб келтирувчиларнинг ҳаммаси ҳам Қуръон ходими эмас!

Интернетда, Yotubeютебда фатво берувчиларнинг, телеграмм тармоғида канал очиб ҳар дақиқада мақола ташловчиларнинг барчасини ҳам шариат ходимлари деб бўлмайди, балки уларнинг аксари адаштирувчи шайтонлардир.

Дин борасида талашиб-тортишадиганларнинг баъзиси, аслида, динсиз ва худосиз бўлиши ҳам мумкин. Диндан хато излайдиган, уни “эскилик сарқити” дейдиган, “бугунги замонга тўғри келмайди” ёки “баъзисини оламиз, баъзисини тарк этамиз” деювчи ҳам бўлиши мумкин.

Аслида, жуда кўп талашиб-тортишадиганларнинг ичига жин-шайтонлар ўрнашиб олган бўлади. Буни ўзлари ҳам билмасликлари мумкин. Шунинг учун, ҳақни айтсангиз ҳам қабул қилмай тураверадилар.

Зотан, инсонда ақл бўлса, у ҳаққа юриши керак эди. Илм эса ақлдан ўтиб кетмаслиги керак. Далилларга ёпишиб, мантиқни инкор қилиш, баъзида хатоликка олиб келади.

Ота-боболардан келаётган минг йиллик анъаналарни инкор қилиб, ўзи билган далилларни келтиравериш, баъзида фитна қобиғига ўранган бўлади.

Аксинча, ҳақ далилларни инкор қилиб, яқинда ўтган ота-боболари этагига ёпишиш таассуб гирдобига гирифторлик ҳисобланади.

Ўрта йўлда собит туриб, ҳаққа эргашмаяптими, демак у одам суратидаги шайтон бўлади.

Зотан, динда қаттиқ олиш, ғулувга кетиб, чуқур кетиш ҳам шайтоннинг васвасасидандир, адаштирувчи йўлдир.

Динда қаттиқ ва чуқур кетиш инсонни ҳақ йўлдан чалғитади, уни манман қилиб қўяди, ўзгаларни менсимасликка олиб келади, ўзини жаннати, бошқаларни эса дўзахий деб ўйлаб қолишга олиб келади.

Динда қаттиқ ва чуқур кетиш натижасида ҳаммани адашган, дейишга сабаб бўлади, одамлар орасида фитна, ғавғо, шубҳа ва гумонлар тарқатишга сабаб бўлади.

Одам суратидаги шайтонларни билишнинг йўли, яхши ва ёмонни ажратишнинг усули кўпчилик томонда бўлиш, кўпчилик қилган ишни қилиш, кўпчилик юрган йўлда юрмоқдир.

Шунинг учун ҳам, Муҳаммад ибн Сирин раҳимаҳуллоҳ каби олимлар ҳамма вақт: فَانْظُرُوا عَمَّنْ تَأْخُذُونَ دِينَكُمْ – “Динингизни кимдан олаётганингизга қаранг (эътибор беринг)!” деганлар.

Одам суратидаги шайтонларни билиш, яхши ва ёмонни ажратиш учун ҳам Аллоҳнинг тавфиқи бўлиши шарт, шунинг учун ҳамиша тавфиқ сўраш керак.

Аллоҳ одам суратидаги шайтонлар ёмонлигидан паноҳ берсин! Бизларни адаштирмасин, уларнинг васвасаларига алданиб қолишдан Ўзи сақласин!

Муаллиф: Ҳамидуллоҳ Беруний.

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг