Мустафо Камол Отатурк. У ким бўлган?

0
4418
Манба: УзА

Биринчи жаҳон урушида Усмонийлар империяси мағлубиятга учраганидан кейин у миллий озодлик ҳаракатига раҳбарлик қилди. Бунинг натижаси ўлароқ, 1922 йилнинг 1 ноябрида амалдаги ҳукумат барҳам топиб, 1923 йилнинг 29 октябрида жумҳурият эълон қилинди.

Мамлакатда 1924 йил 3 март куни халифалик расман тугатилиб, дунёвий давлат қарор топди. 1928 йилда алифбо лотинлаштирилиб, турк тили араб ва форс сўзларидан тозалана бошланди ва дин давлатдан ажратилди. Отатурк ислоҳотлари натижасида 1934 йилда хотин-қизларга сайлов ҳуқуқи берилди, феодал жамиятларидаги титуллар бекор бўлиб, фамилия жорий қилинди. Айнан ўша йили фамилия жорий қилиниши муносабати билан Миллий йиғин Мустафо Камолга Отатурк (турклар отаси) фамилиясини бериш тўғрисида қарор қабул қилди.

Миллий банк ва миллий саноат ташкил топди. Буюк Миллий йиғин раиси (1920 – 1923), сўнг (1923 йил 29 октябрдан бошлаб) жумҳурият президенти (1927, 1931 ва 1935-йилларда қайта сайланди) ҳамда ўзи ташкил қилган Халқ Республикачилар партиясининг раиси сифатида мамлакат ва хорижда катта обрў эътиборга сазовор бўлди.

Мустафо Камол Отатуркнинг қачон туғилгани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Унинг 1880 ёки 1881 йилларда туғилгани айтилади. Кейинчалик у туғилган куни сифатида Туркия мусақиллиги учун кураш бошланган сана – 19 майни танлади. Мустафонинг онаси Зубайда хоним ўғли дин йўналиши бўйича таълим олишини исташига қарамай, отаси Али Риза-афанди фарзанди замонавий усулда таҳсил олишни истарди.

Отаси 1888-йилда – Мустафо 8 ёшдалигида вафот этди. Ёш Мустафо 1893 йилнинг 13 март куни Салоникадаги ҳарбий мактабга ўқишга киради. Айни шу билим даргоҳида математика ўқитувчиси унга иккинчи – Камол (“етук”) деган ном беради. 1896-йилда Македониянинг Битола шаҳридаги ҳарбий мактабга қабул қилинди. Орадан уч йил ўтиб, 13-март куни Истанбулдаги ҳарбий колледжга ўқишга кирди. 1902 йилнинг 10 февралида Бош Ҳарбий академияга қабул қилинди ва 1905 йилнинг 11 январида тамомлади. Академияни битириши билан ҳибсга олиниб, Дамашққа жўнатилади.

1905 йилда айнан шу шаҳарда “Ватан ва Ҳуррият” деб номланган инқилобий ташкилот тузади. Биринчи жаҳон уруши даврида Мустафо Камол Чанаккалдаги жангда турк армиясига қўмондонлик қилди. 1919 йил 8 июлида Мустафо Камол армия сафларидан истеъфо беради.

Султон ҳукумати уни ҳибсга олишга қарор қилди. Орадан кўп ўтмай сиртдан ўлимга ҳукм қилинди. 1919 йилнинг 23 июль – 7-август кунлари Эрзурумда партиянинг сеъзди (Эрзурум Конгреси) бўлиб ўтади. Ундан кейин ўша йилнинг 4–11-сентябрида бўлиб ўтган анжуманда Мустафо Камол Ватани қутқариш йўлини тасдиқлатди.

27-декабр куни Анқара халқи Мустафо Камолни қучоқ очиб кутиб олди.

1920 йилда у Туркия Буюк Миллий Йиғинини ташкил қилди ва 23-апрелда унинг биринчи раиси бўлди.

1937 йилда унинг саломатлиги ёмонлаша бошлади. 1938-май ойида шифокорлар унга жигар сиррози ташхисини қўйишди. Аммо шунга қарамай Отатурк ўз вазифасини бажаришда давом эттаверди. У 1938 йилнинг 10 ноябр куни соат 9 дан 5 дақиқа ўтганда 57 ёшида Турк султонларининг қароргоҳи бўлмиш Долмабахча саройида вафот этди.

Мустаффо Камол Отатурк 21-ноябрда Анқарадаги этнография музейи ҳудудига дафн этилди. 1953-йилнинг 10-ноябрида Отатурк жасади махсус “Аниткабир” мақбарасига қайта дафн этилди.

Айни дамда Отатурк шарафига Туркиянинг деярли барча шаҳарларида ёдгорлик ўрнатилган. Унинг сурати Туркиядаги барча давлат идоралари, банкнот ва танга пулларда мавжуд.

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг