Миллат хазинаси. Ёрга етар кун борми, ёронлар?

0
3675
Очиқ манбалардан олинган фото
Туркий тил тилсимларини ўрганиш чоғида айрим сўзлар қалбимизга чироқ ёққандай, тийнатимизга нур югуртириб, фикратимизга бир шукуҳ индиргандай бўлади. Хусусан, ёр сўзи ҳам шундай.

Мумтоз адабиётимизда ёр сўзини кўп учратамиз. Баъзида ошиқ ё маъшуқа, баъзида дўст, гоҳо худо маъносида келади у. Изоҳли луғатда ёр сўзи форс тилидан ўзлашгани қайд этилган. Ҳақиқатан ҳам шундайми? Ёр форсий сўзми ё туркий?
Мазкур масалага аниқлик киритиш учун ёр лексемасини ўзак деб, айни ундан ясалган бошқа сўзларни таҳлил қилиб кўрамиз. Инчунин, туркий сўзлар кичик ўзаклардан ясалиб, улар аглютинатив хусусиятига кўра бузилмайди.
Ёр сўзининг турли лаҳжалардаги талаффузига эътибор берсак:
қарлуқ лаҳжасида ёр, ўғуз лаҳжасида яр, қипчоқ лаҳжасида жар. Қарлуқ лаҳжасида, жумладан, ўзбек адабий тилида ҳам ёр ўзагидан ясалган айрим сўзлар яр шаклида ёзилади: яратган, ярқироқ. Бу ўзбек тили кирилл алифбосига ўтгач, рус тилидан ё ҳарфининг ўзлашиши билан боғлиқлиги маълум. Ўғуз ва қипчоқ лаҳжаларида эса бундай фарқ йўқ. Ўғуз лаҳжасидаги яр ва қипчоқ лаҳжасида жар ўзаги ўзгармайди.
Агар тарихий манбаларга қулоқ тутадиган бўлсак, ёр қадимги туркийларнинг анъанавий диний эътиқодида муқаддаслаштирилган сўзлар қаторида бўлган ва бу шимол халқларининг қуёшга ёки шимол ёғдусига сиғиниши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Тангричилик динида Ёр тангрининг исмларидан бири. Кейинчалик айни сўздан яратган (жаратқан), яратувчи (жаратувчи) каби теонимлар пайдо бўлган.
Озарбайжоннинг жанубий-шарқий қисмида Ярдамли деган шаҳар бор. Қардош халқнинг буюк олими Аждар Фарзали шаҳар номининг этимологияси хусусида тўхталар экан, ярдамли қуёшга сиғинувчи оташпарастлар маъносини англатишини айтади. Шу ўринда мумтоз адабиётимизда «ёр»нега Аллоҳ маъносида келишига энди эътибор қаратсак бўлади чамамда. Демак, ёр – ёруғлик таратувчи, яратувчи маъносида қўлланган теоним бўлиши ҳам мумкин экан.
Аслида ёр лексемасининг теоним сифатида қўлланиши янгилик эмас. Туркий халқлар адабиётида, айниқса, тасаввуф шоирлари ижодида ёр энг кўп қўлланадиган латиф сўзлардан бири. «Ёр»нинг теоним хусусияти Оллоёр, Худоёр, Тангриёр каби исмларда ҳам яққол кўзга ташланади.
Бу борада ёрлақаш (жарлақаш) сўзи ҳам алоҳида ўринга эга. Ёрлақаш тангрининг қўллаши, гуноҳларни авф этиши маъносини англатган. Хоқоним билан лашкарлар тортдик, тангри ёрлақасин («Тунюқуқ битиги»)! Ҳозирги кунда бу сўз «Аллоҳ ёрлақасин» ёки «Худо ёрлақасин» шаклида ишлатилади.
Ёрдам – тангрининг ёрдами
1990 йили Нахичеваннинг Садарак деган қишлоғида эдик. Йўлда бир кишининг кажавали мотоцикли ўчиб қолди. Мотоцикл эгаси ҳар қанча уринмасин, уни қайта ўт олдиролмади. Шунда мен:
– Келинг, сизга ёрдам берамиз, – дедим.
Очиғи, ёрдам беришга қўл чўзган камина балога қолиб кетдим.
– Сен кимсанки, ёрдам берасан? – деган дашном эшитдим мотоцикл эгасидан.
– Аллоҳ ёрдам берсин!
Гап нимада эканини тушунмай, анграйиб қолдим. Бу ҳақда озарбайжон дўстларимдан сўраб-суриштирдим. Уларнинг айтишича, озарбайжонлик турклар ёрдамни фақат худо беради деган ақидани сақлаб қолган ва «ёрдам» сўзи ўрнига «кўмак»ни маъқул кўришар экан. Ўз-ўзидан маълум бўладики, «ёрдамчи» сўзи ҳам тангрини англатади. Баъзан бу сўз фаришталар ёки пайғамбарларга нисбатан ҳам қўлланган бўлиши мумкин.
Ёрлиқ (жарлиқ) сўзи қадимда тангрининг хабари, ҳукми, муҳри маъносини билдирган. Иброний динлардаги ваҳий ёки зардуштийликдаги пайғом маъносида тангричиликда ёрлиқ (жарлиқ) қўлланган. Кейинчалик хон ва султонларнинг фармон ва буйруқлари, шунингдек, бирон матн ёзилган қоғозлари ҳам ёрлиқ деб атала бошлаган. Ислом динини қабул қилган туркийлар орасида ёрлиқ (жарлиқ)нинг худо билан боғлиқ маъноси аста-секин унутилиб борган. Мисол учун, ҳозирги кунда ўзбек тилида ёрлиқчи (жарлиқчи) сўзи мутлақо қўлланмайди. Аммо олтойларнинг бурхонийлик динида руҳонийларни, тангричилар эса шомонларни ҳам жарлиқчи деб аташади. «Јарлыкчыга барарыста, јер солызын деген» (К.Телесов). (Ёрлиқчи(фолбин)га борган экан, яшаётган еридан кўчмасин дебди).
Мумтоз адабиётда ёр билан бирга ёрон сўзи ҳам кўп келади. Бу сўз қипчоқ тилларида жаран шаклида диндош, дўст маъносида қўлланади.Туркий англашимда ёрон (жаран) дўст сўзидан анча фарқ қилади. У диндош, гоҳида эса фаришта маъносида ҳам қўлланади. Дўст сифатида фақат энг ишончли дўстга нисбатан ишлатилган. Бугунги кунда Қирғизистонда жаран фуқаро маъносини билдиради: Кыргыз Республикасынын жараны.
Ёруғ (жарық) сўзи ҳам ёр ўзагидан ясалган. Чунки тангричилик динида дунё учга – ер ости, ер усти ва осмон оламига бўлинган. Ер ости дунёси тамуғ, ер усти дунёси ёруғ(жарық) дейилган. Олтой тилида ҳозир ҳам дунё ўрнида јарық ишлатилади: «Мен бу јарыкка јӱреле, «балам» деп айтпаска нениҥ кыйынын эткем?» (К.Телесов) (Мен бу дунёга келиб, «болам» деган сўзни айтмаслик учун нима гуноҳ қилдим?).
Биз ўзбеклар ҳам бу сўзни дунё сўзи билан бирга ишлатамиз: «бу ёруғ дунё».
Шу ўринда яна бир мулоҳаза пайдо бўлади. Х асрда туркий элнинг олими Сенги Сели Тудунг буддавийлик динининг муқаддас китобларидан бири «Суварнапрабхаса»ни уйғур тилига таржима қилганда нега Олтин ёруқ (Алтин яруқ) деб ном берган экан-а?
«Ақжарық» (оқёруғ) нимани англатади?
Жаннатни иброний динларда жаннат, зардуштийлик динида эса беҳишт деб аташади. Ўзбек тилига жаннат сўзи араб тили орқали, беҳишт эса форс тили орқали ўзлашган. Шу ерда ўринли бир савол туғилади: туркийларда жаннат тушунчаси бўлганми-йўқми? Агар бўлган бўлса, уни нима деб аташган? Тўғри, ўрта асрлар адабиётида, жумладан, Навоий асарларида ҳам жаннат маъносидаги «учмоқ» ёки «учмоҳ» сўзлари қўлланган:
Чунтамуқдин нажот топқайлар,
Учмоқ ичра ҳаёт топқайлар.
Камина мақола ёзиш баҳонасида зардуштийлик ва иброний динларини қабул қилмаган ёки туркий тил қолипларини сақлаб қолган халқлар лексикаси билан қизиқиб кўрдим. Жаннатни чуваш тилида «чатмах», бошқирд ва татарлар «ожмах», қозоқлар «жумақ», олтойлар «суреен» деб аташар экан. Аммо шимол туркларида бошқа бир ибора сақланган. Қипчоқ, Арғин, Мўғулистон, Олтой-соён ерларида «ақжарық» (оқёруғ) деган жойлар кўп учрайди. Мен одамлардан унинг маъносини сўраб кўрдим: «ақжарық» (оқёруғ) жаннатмакон деган маъно бераркан.
«Ёрқин» (Жарқин) исмининг маъноси нима?
«Ёрқин» туркий халқлар орасида тарқалган энг гўзал исмлардан бири. Бу исм қипчоқ ўзбеклари ва бошқа қипчоқ халқларида Жарқин шаклида учрайди. Бунда«ёр»га «қин» аффиксини қўшиш орқали сифат ҳосил қилади: ёрқин нур, ёрқин ой. Маъноси: жилоланувчи, ёруғ.
Олтой тилида жарқиннинг яна бир маъноси бор: ёғду. Шимол турклари шимол ёғдусини тундук жарқин деб аташади.
Ёр-ёр нега айтилади?
Туркий тўйлар аслида тангрига аталган маросимлар жамланмасидир. Унда ёр-ёр, яъни келин-куёвга бағишланган тўй қўшиғи муҳим ўрин тутади. Бу ерда «ёр» сўзининг маъносидаги полисемия алоҳида эътиборга молик. Биринчидан, «жар», яъни «тўй» ҳақида хабар маъносини берса, иккинчидан, икки ёрнинг бир-бирига боғланишини англатади. Учинчидан эса тангридан, яъни «ёр»дан икки ёшга тилак тилаш маросими сифатида қўлланади.
Илгари мен фақат ўзбекларнинг тўйида ёр-ёр айтилса керак деб ўйлар эдим. Кейин билсам, бошқа қипчоқ халқларида ҳам бу удум бор экан ва «жар-жар айту» дейилар экан. Мисол учун қозоқ элининг «Алпамис батир» достонида Алпомиш ёр-ёр айтади:
Бісмилле деп өлеңді
Кеп айтамын, жар-жар,
Асықпасаң тойыңда
Кеп айтамын, жар-жар!
Бундан кўринадики, «ёр-ёр» қўшиқларининг тарихи туркий халқларнинг энг қадимий фольклори «Алпомиш» достони билан тенгдош.
Яралғи (жаралғи), яратилиш (жаратилиш) сўзлари хусусида
Татар ва бошқирд халқларининг луғатида яралғи деган сўз бор. Яралғи ҳомила, худонинг неъмати маъносида қўлланади. Қозоқ тилида эса жаратилиш деган сўз бор ва у табиат маъносида қўлланади . Бундан кўринадики, яралиш, яратилиш каби сўзлар ҳам Яратган билан боғлиқ сўзлардир. Аниқроғи, Аллоҳнинг холиқ сифатини англатади.
Ёрғи(жарғи)нима?
Алишер Навоий луғатида «ёрғи» қуйидаги маъноларда қўлланган:
1. Ҳукм чиқариш; жазолаш.
2. Қаршилик кўрсатиш, уришиш.
3. Ҳимоя.
4. Қабул.
Ўзбек тилининг изоҳли луғатида эса икки маъноси берилган:
1. Жарима.
2. Арра.
Бу нимани англатади, биласизми? Бу тилда сўзларнинг унутилиб бораётганидан дарак. XVасрда «ёрғи»нинг беш хил маъноси бўлса, ХХ асрда у иккитага тушиб қолган.
Олтой тилида жарғи–суд, жарғичи–судя, жарғилаш–судлов, жарғилат–судланган, жарғилаш–судлашиш маъносини беради: Кудайдыҥјаргызына турар(худонинг суди олдида жавоб бериш);Қудайла ого jаргычы болгой(худонингўзи жазо берсин).
Умуман олганда, жарғи кўплаб туркий султонлар ва хонларнинг асосий қонуни саналган. Шуниси эътиборлики, бу қонунларнинг аксарияти тангри номидан чиқарилган, ёрғичи (қози)лар эса ҳукмни тангри номидан ўқиган. Ёрғи ўзбек тилида жарима маъносини англатади: Олиб бориб хон Даллининг отаси, беш юз тилла менга ёрғи айлади («Равшан» достонидан) .
Туркий халқлар лексиконида ёр ўзагидан ясалган салбий маънодаги ярамас (жарамас) сўзи ҳам сақланган ва худога дўст эмас, динсиз, виждонсиз маъносида қўлланади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, «ёр» лексемаси кўп маънога эга, барча туркий тилларнинг луғатида сақланган соф туркий сўздир. «Ёр» ўзагидан ясалган сўзлар таҳлили шуни кўрсатадики, мазкур мақолада келтирилган сўзлар ўрганилиши керак бўлган сўзларнинг юздан бири ҳам бўлмаслиги мумкин. Чунки туркий тилларда сўзларнинг фонетик фарқлари туфайли айрим тиллардаги сўзларни таҳлил қилиш катта қийинчилик туғдиради. Мисол учун ёқут (саха) тилида яр (жар) сўзи дьэр шаклида ёрқин сўзи эса дьэрэкээн шаклида ёзилади ва талаффуз қилинади .
«Яр» (жар) сўзи нафақат туркий, балки гипотетик олтой тиллари оиласига мансуб бошқа тилларда ҳам учрайди. Масалан, эски мўғул тилида ёруғ «яр», бурят тилида «ялағар» дейилади, аммо ҳозирги кунда уларнинг бошқа синонимлари кўпроқ қўлланади.
Умуман олганда, «ёр» сўзи қандай маънога эга эканидан қатъи назар ўзбек тили бойлигининг энг йирик манбаси саналган мумтоз адабиётдан ўрин олган. Ўзбек тўйларида ёр-ёрлар айтилиб турибди. Бу мулоҳазалар диний ёндашувда эмас, тилшунослик йўналишида ёзилди. Кўнгил учун ёзилиб, тил қайғусидаги миллат ойдинларининг ҳукмига ҳавола қилинди. Машраб сўзи билан айтганда:
Кўнглумни бир дам мен шод этарман,
Ёрга етар кун борму, ёронлар?

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг