Мигрантлар ёрдамчиси

0
3968
Фото: Одилбек Саидов/tarjumon.uz /суратда: Юрист Ботиржон Шермуҳаммад

Ўзбекистонда мигрантлар мавзуси ҳали бери долзарблигини йўқотмаса керак. Иш ўринлари мавжуд бўлсада, лекин меҳнат учун тўланадиган иш ҳақи ўзбекистонликларнинг эҳтиёжларини тўла қондиролмаяпти.

Ташқи меҳнат миграцияси бўйича статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистон аҳолисининг энг катта қисмини Россия Федерациясига кетаётганлар ташкил этади.

Мувоффақиятга эришган мигрантларнинг ҳаёти билан таништириш мақсадида, яқиндагина Тошкентда ўз фаолиятини бошлаган “Migrant info” компанияси раҳбари, Россиядаги мигрантлар ҳуқуқини ҳимоя қилиб келаётган, юрист – Ботиржон Шермуҳаммад иштирокида репортаж тайёрладик.

“МГИМО” орзуси ёхуд мигрант юрист

Ботиржон 2005 йилда Тошкент Давлат юридик институтини тамомлагач, “МГИМО”- яъни, Россия ташқи ишлар вазирлиги қошидаги Москва давлат халқаро муносабатлар институтини магистратурасига ҳужжат топшириш учун Россияга йўл олади. Бироқ, магистратурага ҳужжатлар қабул қилиш тугаганлиги боис, келгуси йилги қабулни кутиш учун Россияда қолишга қарор қилади.

Россияга ташриф буюрган дастлабки кунида, уни Москвадаги танишлари кутиб олишгани учун, кўплаб меҳнат мигрантларида учрайдиган муаммоларга дуч келмайди. Аввалига бироз муддат Подмосковияда, Оденцовадаги ўша танишлариникида яшайди. Кейинчалик, Москва шаҳрини ўзига боради. Москвада қариндошлари, танишлар бўлгани сабабли, ишга жойлашиш билан боғлиқ масала тезда ҳал бўлади.

Шаҳарда яшаш,- бу турган битгани ҳаражат дегани. Тошкентда талаба бўлиб юрган давридаёқ шаҳар шароитида яшаш кўникмасини ҳосил қилган Ботиржон, “МГИМО” га ҳужжат топшириш пайти келгунга қадар кундалик эҳтиёжларини қондириш учун бирор иш билан машғул бўлиши кераклини тушунади. Айниқса, Москвадек дунёдаги энг йирик мегаполислардан бирида кун кўриш осон бўлмаслигини яхши англайди.

“Владимир, қайдасан”

Москвадаги қурилиш компанияларни бирида Ботиржоннинг қариндоши прораб бўлиб ишларди. Шу қариндоши ўзи ишлайдиган қурилиш компанияси директори билан Ботиржоннин таништириб қўяди.

Владимирский Химический завод, промышленная химия, Большая Нижегородская ул., 81, Владимир — Яндекс Карты
Фото манбаси: yandex.uz

Қурилиш компанияси директори янги йўналишда иш бошлаётган пайти экан. Шу ишни бошлаш учун рус тилини биладиган одам кераклигини ва  Владимир шаҳрида жойлашган кимё корхонасига бориб, ўшаларнинг кимёвий маҳсулотларини олиб келиш кераклигини айтади. Ботиржон бу ишни бажаришга розилик билдириб, “Владимир қайдасан”, дея, Владимир шаҳрига йўл олади.

Владимир кимё корхонасидан пенаполитенлар ишлаб чиқарадиган ҳомашёни етказиб бериш бўйича шартнома тузишни уддасидан чиққан Ботиржон, манашу аснода муҳожирликдаги илк ишини мувоффақият билан бошлайди.

 Комфортдан, дискфорт сари қилинган сафар

Россияга борган кўпчилик мигрантлар бошидан кечирган қийинчиликлар, ноқулай шарт-шароитларда яшаш каби холатлар Ботиржон Шермуҳаммадни ҳам четлаб ўтмаган. Нисбатан комфорт шароитларга кўникиб қолган, Ўзбекистондаги энг нуфузли олийгоҳнинг битирувчиси ўлароқ, у ҳам оддий меҳнат мигрантлари яшайдиган шароитга кўникишга мажбур бўлади.

Коллаж

Албатта, ватандошларимиз борганларидан кейин, Россияда пулларини тежашга, кўпроқ иқтисод қилишга ҳаракат қилишади. Яъни, камроқ пул сарфлашга ҳаракат қилишади. Шунинг учун ҳам керак бўлса 10 киши, баъзида 15 киши ҳам 2 хонали, 1 хонали квартирани ижарага олиб туришга ҳаракат қилишади. Кимлардир бепул бўлса, ҳатто ер тўлаларда ҳам туришади”, дея  асл сабабини тушунтиришга ҳаракат қилади Ботиржон.

Мигрантларни энг кўп безовта қиладиган муаммо бу Россия полицияси бўлса керак. Қаҳрамонимизнинг ҳикоя қилишича, унда полиция билан муаммо ёки жиддий зиддиятлар бўлмаган. Бир икки марта полициячилар билан сўз талашиб қолганлигини ҳисобга олмаса, бошқа мигрантлардан фарқли равишда уни безовта қилган муаммо бошқа бўлган.

Психологик муаммолар босими

Полиция билан жиддий муаммолари бўлмасада, лекин Москвага келган илк даврларида Ботиржонни психологик муаммо безовта қила бошлайди. Ўзбекистонда Юридик институтига кириш осон эмас. Шундай экан, у ерга кирганларнинг онгида, бу ўқув даргоҳини битирганлар, албатта ҳуқуқ тартибот идораларини бирида ишлайди, деган тушунча шаклланиб қолади, дея ўтмишдаги руҳий кечинмаларини эслайди, Ботиржон.

Фото: Одилбек Саидов/tarjumon.uz/ Юрист Ботиржон Шермуҳаммад

Юридик инстиутини 2-3- курс талабаси ўлароқ, амалиётларини Давлат идораларида ўтаган Ботиржон, кейинчалик олийгоҳни тамомлар экан, унда Давлат идораларида, айниқса, ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларида ишламасликка қатъий қарор қилади. Кўпроқ дипломатик, ташқи муносабатлар каби фаолиятга қизиқиш пайдо бўлади. Балки, шунинг учун ҳам Москвага бориб, “МГИМО” магистратурасига кирмоқчи бўлганлигини айтади.

Қолаверса, ўша даврларда Ўзбекистонда эркинлик билан боғлиқ вазиятни яхши деб бўлмасди. Инсоннинг қадри йўқлигини, кўп ишлар қонун–қоидага кўра эмас, балки, фақат раҳбарнинг кайфиятига, ҳохишига қараб бўлишини гувоҳи бўлган Ботиржоннинг тақдири уни Москвага олиб келади.

Москвага келганида эса, нуфузли юридик олийгоҳни тамомлаган мутахассиснинг, қурилишда ишлаши ёки оддий бир курьерлик вазифасини бажариб юриши ҳақидаги ўй-фикрлар унга тинчлик бермайди.

Интилганга толе ёр

Қурилишда ишлаб, курьерлик хизмати билан шуғулланиб юрар экан, Ботиржоннинг кўнглида ўз соҳаси бўйича ишлаш истаги борган сайин кучайиб боради. Ниҳоят бир юридик фирмада юристга ёрдамчи бўлиб ишга жойлашади ва мутахассислиги бўйича бошлаган дастлабки иш фаолияти ўшанда бошланади.

Фото: Одилбек Саидов/tarjumon.uz/ Юрист Ботиржон Шермуҳаммад

Марказий Осиёдан Россияга келган меҳнат мигрантларининг аксариятини ҳуқуқий жиҳатдан билими ва рус тилини ўзлаштириши савияси паст даражада бўлгани учун, оқибатда ҳужжатларни расмийлаштириш билан боғлиқ муаммоларга дуч келишади.

Қурилишда ишлаб юрган кезларидаёқ Ботиржон Шермуҳаммад атрофидаги ватандошларига ҳуқуқий жиҳатдан кўмаклашиб келади. Натижада, 2007 йилнинг 7 сентябрида яқин дўсти билан меҳнат мигрантларига юридик хизматлар кўрсатадиган фирмани ташкил этади.

“Деярли 2015 йилгача муҳожирларимизга ҳужжатларни расмийлаштиришга ёрдам берардик. Бизга кўпроқ юридик маслаҳатлар билан мурожаат қилишарди. Ўзимизни ватандошларга МЧЖлар очиб беришга ёрдам берардик. Фирмалар ташкил қилишга ва уларни бошқа юридик хизматларини бажаришга, ишларни юргизишга ёрдам берганмиз”, дея эслайди Ботиржон Шермуҳаммад.

Россия қонунларини ишлашга мажбурласа бўлади

Москвада ўзи аҳтарган эркинлик, шароитларни топдими, деган саволга жавоб берар экан, Ботиржон Шермуҳаммад Россия давлат органларида ҳам муаммолар кўплигини айтади. Аммо, Россияда авторитар тузум ҳукумрон бўлсада, хусусий секторда фаолият кўрсатувчилар учун эркинликлар мавжуд дейди.

Фото: Одилбек Саидов/tarjumon.uz/ Юрист Ботиржон Шермуҳаммад

“Россия қонунларини ишлашга мажбурласа бўлади. Москвада нисбатан қонунлар камроқ ишлаши мумкин. Лекин, қонунлари жуда ҳам яхши ишлайдиган “регионлари” бор. Ўзимиз кўриб, қойил қолганмиз. Судяларни қонунга амал қилиши-ю, бошқаси… Балки жиноий ишларда қийинроқ бўлиши мумкиндир, аммо биз шуғулланадиган маъмурий, миграция, фуқаролик ишларида адолатга эришса бўлади,” дейди юрист. 

Ботиржон Шермуҳаммаднинг феъли бироз тордай туюлсада, лекин ўз ишини яхши биладиган, маҳоратли, фидоий юристларда бўлгани каби, масалага шошилмасдан, эҳтиросларсиз, объектив ва адолат билан ёндашиш сифати яққол сезилиб туради. Деярли ҳар шанба куни Ботиржон Шермуҳаммад бир соат давомида Россиядаги мигрантлар билан очиқ мулоқат ўтказади. Айнан ўша чиқишлари орқали исталган киши унинг манашу ҳислатларини билиб олиши мумкин.

Юридик ва медиа соҳаларининг интеграцияси

Юридик фирмада ватандошларига ҳуқуқий маслаҳатларни бериб, юридик хизматларини кўрсатиб келиш давомида, Ботиржон ва унинг юристлар жамоасини олдида битта масала кўндаланг туриб қолади. Бу масалани ечимини эса, кўпроқ медиа соҳасида кўришади. Масала шундай эдики, жуда кўп муҳожирлар юридик фирмага телефон орқали мурожаат қилиб, маслаҳат сўрашар эди. Бу эса фирма ходимларини вақтини кўп олиб қўярди.

Фото: Одилбек Саидов/tarjumon.uz/ Юрист Ботиржон Шермуҳаммад

“Ниҳоят, нима қилиш керак, деган саволни ўртага ташладик ва “келинглар, шунақанги бир ҳуқуқий мавзудаги маслаҳатлар, кўп берилаётган саволларга жавобларни мақола сифатида ёки бир видеоролик сифатида бериб борайлик, балки шу билан мурожаатлар камайиб қолар” деган фикрни муҳокама учун ўртага ташладик”, деб хотиралайди Ботиржон Шермуҳаммад.

Дастлаб, улар Москвада чиқариладиган “Ўзбегим” деган газетага мақола бериб туришади. Кейинчалик, ўзлари ҳам ўзбек ва рус тилларида “Мигрант” номи остида газета таъсис этишади. Интернетда сайт ташкил қилиб,  “Одноклассники”даги гуруҳларда, ўзбек тилида миграция қонунчилигига оид мақолалар билан саволларга жавоб бериб, чиқишлар қила бошлашади.

Коллаж

“Ҳамма ўша пайтда ҳайрон қолган эди. Чунки ҳеч ким ўзбек тилида бунақа тушунтириш бермас эди. Кейинчалик Youtube дан канал очиб, роликлар қилишни бошладик. Шу билан секин-секин бир-бирига уланиб кетди. Интервьюлар, бошқалар бошланди ва анча медиа соҳасига киришиб кетдик”, дея, қахрамонимиз медиа соҳасига кириб келиш сабабларини эсга олади.

Ватанга қайтиш      

Ҳозирда Ботиржон Шермуҳаммад оиласи билан Тошкентда яшаб, иш фаолиятини шу ерда давом эттирмоқда. Москвага ора-сирада бориб келиб турибди. Асосий ишларни у ердаги шериклари юритишмоқда.

Фото: Одилбек Саидов/tarjumon.uz/ 2022 йил, юрист Ботиржон Шермуҳаммад Тошкентдаги офисига кириб келаяпти

Ўзбекистондаги юз бераётган ўзгаришларни кузатиб, Россиядаги шарт-шароит билан таққослаган Ботиржон, мамлакатдаги умумий вазият аввалгига нисбатан ижобий тарафга ўзгарганлигини эътироф этди.

Ботиржон Тошкентда ўзини жудаям яхши ҳис қилаётганлигини айтиб, Москвадаги юридик фирмасининг филиалини шу ерда ташкил қилмоқчилигини очиқлади. Шаҳар шароитида кўп вақт яшагани ва унга кўникиб қолгани учун, афсуски, вилоятлардаги шароитларга кўникиш қийин бўлишини, чунки, вилоятларда, айниқса қиш мавсумида электр токи билан, газ билан, бошқа-бошқалар билан боғлиқ муаммолардан қийналишини айтар экан, бундан буёғига Тошкентда яшашга қарор қилганлигини айтди.

Тошкентда ўз ишини бошлаш учун маълум бир муаммоларга дуч келиш мумкинлиги ва умуман бу ишларни қўллаб-қувватлаб туриш учун зарур бўлган молиявий масалаларни қандай ҳал этиб келаётганлиги ҳақида Ботиржон мулоҳазаларини билдирар экан, кадрлар муаммосига алоҳида урғу бериб ўтди.

Миграция соҳаси бўйича мутахассис хулосалари

Россия миграция конунчилиги буйича мутахассис сифатида, сўзига хотима ясар экан Ботиржон Шермуҳаммад қуйида мигрантлар, миграция масаласи билан боғлиқ камчиликлар ва уларни ечими юзасидан фикрларини, мигрантлар учун ўз тавсияларини бирма-бир билдириб ўтди.

Фото: Одилбек Саидов/tarjumon.uz/ Юрист Ботиржон Шермуҳаммад /Тошкентдаги офисида он-лайн тарзда мигрантларга ҳуқуқий маслаҳатлар бераётган пайт

“Йиллар давомида ўзгармай турган нарса, яъни муҳожирлармиз билан боғлиқ холат, манашу, муҳожирларимизни жуда ёмон даражада рус тилини билиши муаммоси. Рус тилини жуда ёмон даражада биламиз. Муҳожирликда билиниб туради бу нарса. Яъни, ўша ерларда юрган миллионлаб ўзбеклар бўлсада, атрофимизда рус тилини яхши биладиган, яхши сўзлашадиган одам, танишим жуда камлиги билан ажралиб туради. Шу нарса кўпроқ ўзбек ва тожик халқига кўп муаммолар келтираяпти.Ўзбекистонлик, тожикистонликларни рус тилини билмаслиги жуда кўп жойда панд беради.

Иккинчиси, ҳуқуқий савиясизлик томондан бўлиб, ҳужжатларга эътиборсизлик муаммоси бор. Кўп жойларда, биринчи навбатда ҳужжат эмас, яъни харажатини иқтисод қилишга интилиш бор ва ҳужжатларга эътиборсизлик бор. Қалбаки ҳужжатлар билан юрганлар жуда ҳам кўп.

Кейинги муаммо кўпчилик ватандошларимизни четга тайёргарликсиз бориши ва касб-ҳунари йўқлигидир. Жуда кўп ватандошларимизни касб-ҳунари йўқ. Ҳамма ишни қилавераман дейди. Бирор касб бўйича мутахассис эмас. Яхши касб эгалари рус тилини билмаса ҳам даромад қилаяпти, ишлаяпти. Уларни қадри бор. Лекин кўпчилик яхши касб эгаси бўлмагани учун уларни қадри ҳам йўқ. Энг ёмони ўн йилдан бери бориб-келиб ишлаётганлар бор, на рус тилини яхши ўрганиб олган, на бир касб бўйича мутахассис бўлган. Биринчи йилда борганида нима иш қилган бўлса,ўша ишини қилиб юраверади. Ўзини устида ишламаганлиги билиниб туради. Уларни албатта шароити оғир.

 

Россияни ўзидаги шароитни оладиган бўлсак, йиллар давомида регистрация билан боғлиқ муаммолар йўқолмади. Биз борган пайтларимизда ҳам муаммо эди, ҳозир ҳам муаммо.

Муҳожирларга нисбатан расмийларнинг муносабатига келсак, масалан, патент расмийлаштириш билан боғлиқ жараёнлар анча енгиллаштирилган. Тушунарли бўлган. Ҳеч қандай бир воситачиларсиз, ўртакашларсиз, бемалол оддий муҳожир ўзи бориб топишириб патент олиши мумкин. Бу нарсалар тартибга келтирилди. Лекин, баъзи регистрация билан боғлиқ, ундан ташқари, Россияга киришга тақиқ қўйиш билан боғлиқ жудаям қаттиқ талаблар бор. Мисол учун оҳирги уч йил давомида агар сиз икки марта маъмурий жавобгарликка тортилган бўлсангиз, яъни энг оддий тартибузарлик. Масалан, кўчани икки марта (такроран) нотўғри кесиб ўтганингиз учун жарима солиши мумкин. Ҳудди шунақанги оддий, енгил маъмурий ҳуқуқбузарлик бўлганда ҳам, сизга Россияга кириш учун уч йилга тақиқ қўйилиши мумкин. Шунга ўхшаган қаттиқ талаблар кўпайиб кетди ва бу нарса миллионлаб одамларга Россияга киришга тақиқлар қўйилишига олиб келди.

Фото: Одилбек Саидов/tarjumon.uz/ Юрист Ботиржон Шермуҳаммад /Тошкентдаги офисида он-лайн тарзда мигрантларга ҳуқуқий маслаҳатлар бераётган пайт

Кўпинча, ҳатто муҳожирларимиз қонуний равишда юришни ва ишлашни ҳохлаган тақдирда ҳам, иш берувчилар томонидан ёки уйини ижарага берувчи хонадонлар эгаларига бу нарса фойдали бўлмагани, ортиқча харажат келтиргани учун бу нарса амалга ошмаслиги мумкин.

Полицияни муҳожирларга нисбатан қўпол муносабати эскидан бор. Полицияни муҳожирга муносабати яхши эмас. Оҳирги йилларда кўпроқ учраётган муаммо бу иш ҳақини бермаслик холатлари бўлмоқда. Яъни, иш ҳақини вақтида берадиган, ишчини қонун бўйича, шартнома бўйича, барча ҳуқуқларини бажарадиган иш берувчилар камайиб кетди.

Энди албатта, манабу уруш билан боғлиқ вазиятларни ҳам таъсири бор. Бу ерда ватандошларимизни ташлаб қўймаслик керак. Огоҳлантириш керак ва баъзи бир жойлардан хавфсизроқ жойларга керак бўлса кўчириш лозим.

Афсуски шу масалада жиддий ишлар амалга оширилмаяпти.

Фото: Одилбек Саидов/tarjumon.uz/ Юрист Ботиржон Шермуҳаммад /Тошкентдаги офисида он-лайн тарзда мигрантларга ҳуқуқий маслаҳатлар бераётган пайт

Умуман мигрант бўлиб четдга чиқар экан, ҳар қандай киши маъсулиятни ҳис этиши зарур. Кимдир келиб мени муамммоимни ҳал қилиб беради, ёрдам беради деган нарсаларни унутиши керак. Биринчи навбатда одам, қаерга бораётган бўлса, ўша ерни тилини ўрганиши керак. Ҳатто базавий даражада бўлса ҳам, яъни бошланғич даражада бўлса ҳам ўрганши керак. Албатта кейин қанақадир касб бўйича бориши керак. Ҳар бир одамни ўзи биладиган, тушунадиган касби бўлиши керак. Шу ишни қилиб, бемалол эртага даромад қила олиши ёки нон топа олиши керак. Шуларсиз четга чиқмаслик керак.

Ниҳоят қаерга борадиган бўлса, ўша ердаги тартиб қоидаларга, ҳужжатларга эътиборли бўлиши керак. Агар шуларга риоя этиб юрилса, анча муаммолар камаяди. Четга борганда ҳужжатларга эътиборсизлик қилиш, ўша ердаги тартибларни менсимаслик кўплаб муаммоларга олиб келади барибир.

Фото: Одилбек Саидов/tarjumon.uz/ Юрист Ботиржон Шермуҳаммад /Тошкентдаги офисида он-лайн тарзда мигрантларга ҳуқуқий маслаҳатлар бераётган пайт

Янгиликлардан хабардор бўлиб туриш керак аллбатта. Нима бўлган тақдирда ҳам киши ўзини устида ишлаши керак. Четга чиқиб, йиллар давомида бекор юришни ўйламаслик керак. Афсуски шунақа одамлар ҳам пайдо бўлаяпти. Бир нарсани тушунишимиз керакки, биринчидан биз ўзимизни ватанимиздан бир жойга чиқдикми, демак, Ўзбекистондан кўра бир неча кўпроқ даромад топиш имконияти бўлгандагина чиқишимиз керак.Агар унақа даромад бўлмаса, ота-онани ташлаб, яқинларини ташлаб, оиласини ташлаб у ерларга боришни фойдаси йўқ. Даромадни қилиб, тезроқ ватанга қайтиш керак. Энди агар умуман кўчиб кетмоқчи бўлганлар бўлса, уларни ўзини бирор мақсадидан келиб чиқиш керак бўлади”, дейди собиқ мигрант, юрист, мигрантлар бўйича мутахассис Ботиржон Шермуҳаммад.

Ботиржон Шермуҳаммад билан суҳбатни тўлиқ тарзда қуйидаги видео орқали кўришингиз мумкин: 

 

Мухбир: Илҳомиддин Алимов

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг