Марказий банкнинг вакили институти муҳокамада

0
2641
Манба: Википедия

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиришлар, хусусан, Марказий банкнинг вакили институти киритилиши муносабати билан ўтган муҳокамаларда турлича қарашлар янграяпти.

Гўёки бу билан Марказий банк тижорат банкларида тотал назорат ва диктат ўрнатмоқчи, фаолият эркинлиги ва мустақиллигини чекламоқчи каби ўта мутааcсиб фикрлар ҳам янграган.

Аввало айтиб ўтиш жоизки, Марказий банкларнинг вакили институти жуда кўп мамлакатларда қўлланилади. Бу, айниқса, 2008 – 2009 йилларда молиявий бўҳрондан кейин мамлакат молиявий тизимини асраш, кредиторлар, омонатчилар манфаатларини оператив ҳимоя қилиш заруриятидан келиб чиқиб янаям долзарблашди.

Амалиётда, Марказий банкнинг вакили ҳар куни, ҳамма банкларда доимий ўтиради дегани эмас. Вакил маълум бир ҳодисалар ортидан ва маълум бир мезонлар асосида тижорат банкига бириктирилади. Масалан, тижорат банки Марказий банк кредитини олганда ёки ҳукумат молиявий транши очилганда ёки банк акциядорлари ўз пулларини олиб чиқиб кетиш ҳаракатлари каби белгилар кузатилганда в.ҳ.к.

Айтиш жоизки, кейинги 2 йилда Марказий банк фақат либераллаштириш йўли ва трендини маҳкам ушлаб ўз сиёсатини юритди ва бу олқишга сазовор. Лекин баъзи бир ўринларда таъкидлаш керакки, либераллик ҳатто либертарианлик (яъни умуман аралашмаслик) даражасида ҳам кузатилди. Бундай тартибга солинмаган эркинлик шароитида аксар банклар, айниқса, давлат банклари регулятор олдидаги вазифаларини салкам эсдан чиқараёздилар. Бу эса макроиқтисодий барқарорлик, кредиторлар ва омонатчилар манфаатларини савол остида қолдириши мумкин.

Амалдаги Марказий банк тўғрисидаги, Банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунлар қабул қилингани қарийб чорак аср бўлди. Бугун замон, молиявий тизим бутунлай бошқа, чақириқлар ҳам. Янги тизимда энди эски қоидалар билан ишлаб бўлмайди.

P.S. Муҳтарам депутатларимизнинг муҳокамалардаги тортишувлари, позицияларини ҳимоялашлари жудаям қувонарли ҳолат. Биз депутатларимиздан қабул қилган қонунларини ҳам охиригача ҳимоя қилишларини ёки бунга ҳуқуқий баҳо беришларини истар эдик.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг