Reuters ахборот агентлигининг статистикасига кўра, 26 июлга келиб Лотин Америкасида коронавирус билан касалланганлар сони Шимолий Америкадаги беморлар сонидан ҳам ошиб кетди. Ҳозирда бу ердаги Бразилия, Мексика, Перу, Колумбия ва Аргентина мамлакатларида коронавирус авж олмоқда.
Энди бу қитъа дунёда CОVID-19 энг кўп тарқалган ҳудудга айланди. Айни пайтда Лотин Америкасида коронавирусни юқтириб олганлар сони 4 327 160 кишини ташкил қилмоқда. Бу дунёдаги умумий касалланганларнинг 26,83 фоизи деганидир. АҚШ ва Канададаги беморларнинг умумий сони ҳам Лотин Америкадагидан кам бўлиб, бу икки мамлакатда ҳозиргача 4 308 495 кишига коронавирус ташхиси қўйилган.
Айни дамда АҚШ дунёда коронавирус энг кўп тарқалган ва у сабаб энг кўп ўлим қайд этилган мамлакат бўлиб, бу ерда 4.2 миллиондан зиёд кишининг CОVID-19 га чалингани ва 146 мингдан ортиқ одам вафот этгани қайд этилган. Бу борада иккинчи кўрсаткич Бразилияда -2.4 миллион киши касалланган ва 87 минг киши қурбон бўлган. Шунингдек, Лотин Америкасидаги Мексика, Перу ва Чили мамлакатлари ҳам коронавирусга чалинганлар сони бўйича дастлабки ўнталикка киришади.
Reuters ҳисоб-китобларига кўра, дунёда коронавирусни юқтириб олганлар сони 16.1 миллиондан ошиб кетди. Лекин, тиббиёт мутахассислари касалланганлар ва ўлим ҳоллари ушбу берилган расмий статистикадан анча кўплигини айтишмоқда. Бунга асосан вирусни текшириш тизими яхши бўлмаган давлатлардаги беморлар сони қайд этилмай қолиши сабаб бўлмоқда.