Ленин броневикда

0
1364

Янглишмасам ВГИКни иккинчи курсида ўқирдим. Бизга… Ленин ҳақида сценарий ёзиш учун ўқув вазифаси берилди. Мендан ташқари, барча курсдошларим бу топшириқни тупургандай бефарқлик билан қабул қилишди. Ўзим Ильичнинг жуда кенг биографияси битилган бир неча жилдлардан иборат китобини ўқиб чиққанман.

Яширин диссидент сифатида мени доим бир нарса қизиқтириб келарди. Ленин қаерда пайдо бўлмасин, инқилобий тўгараклар тузар эди. Аммо қандайдир мўъжиза билан, ўша тўгаракнинг барча аъзолари ҳибсга олинишидан бир кун олдин, Ленин бошқа шаҳарга кетишга муваффақ бўларди. Манашу “тушунмовчилик”га аниқлик киритиш учун Марксизм-Ленинизм институтига мурожаат қилишга қарор қилдим.

Яхшиямки, у ВГИКнинг рўпарасида жойлашган эди. Ҳозир эса уни ўрнида Россия давлат гуманитар университети мавжуд. Айтганча, миш-мишларга кўра, институтда олдин Бериянинг қароргоҳи бўлган эмиш. Айтишларича, бу бино остида саккиз қавватли ертўла ва ҳукумат метросига чиқиш жойи бор эмиш. Бино ҳудди қалъага ўхшаб қурилган: ташқи хоналар, коридорлар, деганларидай…

Деворларининг қалинлиги нақд бир ярим метрга тенг. Мен гоҳида Лаврентий Павловичнинг коридордан дераза олдида туриб, ВГИКнинг гўзал талаба қизларига суқланиб қараётганлигини ва ўзига  ёққан қизлардан бирин олиб, балки, қора машинага ўтқазиб, Бериянинг дачасига жўнаб кетишганлигини ўзимча тасаввур қиламан. Бироқ, бу шунчаки ҳаёллар.

Кира Парамонова- менинг ўқишдаги устозим, Ленин ҳақида сценарий ёзиш фикримдан илҳомланиб (менинг қабиҳ ниятимни билмаган ҳолда), баъзи юқори мартабали амалдорлар орқали ўша марксизм-ленинизм институтига ташриф буюришим учун рухсатнома олиб берди.

Мени у ерда хаёт тарзи қўрқувдан иборат бўлган бир аспирант кутиб олди ва мени нима қизиқтриаётганлигини эшитиб, ўлгудай қўрқиб, қоча кетди. Унинг ўрнига (қуйидаги суратдагига ўхшаш) қадди ростли КГБчи амаки пайдо бўлди. Мен бу амакига эса бутунлай бошқа нарсалар ҳақида гапириб бердим. Хусусан, Лениннинг бир неча кунлик таржимаи холи ҳақида (жуда ҳам батафсил, ҳаттоки дақиқа-ю, соатигача мос тушадиган тарзда) ҳикоя қилиб бердим.

Амаки “мулойимлик” билан жилмайиб: “Майлида, Ильичнинг ҳам шахсий ҳаёти бўлган”, деб жавоб берди. Аспирант яна қайтиб келди. Чамамда, КГБчи уни тинчлантирган шекилли, бемалол қўрқмасдан гаплаша бошлади.

Аспирант улкан шкафдан карточкалар турадиган қутини чиқариб олди ва бу қутида КПССнинг энг шарафли аъзолари борлигини, улар Ленинни Финляндия станциясидан зирҳли машинада кузатиб олиб келишганлигини ва булар инкор этиб бўлмайдиган далилий ҳужжатлар эканлигини айтди. Уларнинг сони 54 киши бўлган экан. Аспирант мийиғидан жилмайиб, Ленин станциядан аслида уловда чиқиб кетганини пичирлаб айтди. Аммо бу 54 нафар инқилоб фахрийлар эса нуфузли пенсия олишар ва

«Мен Ленинни кўрдим» туркумидаги ҳикоялар билан шаҳар ва қишлоқлар бўйлаб саёҳат қилиб юришар экан. Ажабланарлиси шундаки, броневик- зирҳли машинага фақат бир киши сиғиши мумкин экан. Агарда Ленин ҳақиқатан ҳам уловда кетмасликни ўйлаган бўлса, унда ҳайдовчининг бошини устида ўтириб келган бўларди. Бир тарафдан қараганда бу ҳам, раҳбарга нисбатан ўзига хос қараш.

Ҳа, айтганча, мен барибир ўша сценарийни ёзмадим. Кира Парамонова бирданига- “керакмас” деди. Ёзма. Унут. Мен бўлсам унутганим йўқ. Шундан кейин мен дераза олдида туриб, ВГИКнинг гўзал талабаларини томоша қилардим… Ўша пайтда мени қора машинам йўқ эди.

 

Оригинал манбадан олиб таржима қилинди

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг