ЖССТ: Россия билан CОVID-19 вакцинаси бўйича муҳокамалар давом этмоқда

0
1469
Фото: AP

Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг Европадаги офиси маълум қилишича, ташкилот Россияда яқинда рўйхатдан ўтказилган CОVID-19 вакцинаси ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлиш учун Москва билан муҳокамаларни бошлади.

Ўтган ҳафтада Россия коронавирусга қарши вакцинани рўйхатга олган дунёдаги биринчи мамлакатга айланганди. Бу ҳақда мамлакат президенти Владимир Путин эълон қилган. Лекин, русларнинг вакцинаси ҳали синовларнинг охирги учинчи босқичидан ўтмаган.

Одатда, синовларнинг айнан шу босқичида вакцина кўплаб инсонларда текширилар ва шундан кейингина унга лицензия бериларди. Руслар ўзларининг вакциналари инсон организмида CОVID-19 қарши узоқ муддатли иммунитет ҳосил қилишини даъво қилишган бўлса-да, ҳали бу гапларини исботлашгани йўқ.

ЖССТнинг Европадаги бўлими расмийларидан бири Катерина Смолвуднинг маълум қилишича, ЖССТ Россия билан тўғридан- тўғри муҳокамаларни бошлади ва ташкилот ходимлари вакцинани баҳолаш мезонлари бўйича маълумотларни русларга тақдим этмоқдалар.

Европадаги бўлимнинг директори Ҳанс Клуге вакцина яратишдаги барча ривожланишларни қўллаб-қувватлашини, лекин барча вакциналар бир хилдаги клиник синовлардан ўтказилиши кераклигини айтган. Россиянинг вакцинаси эса ҳозиргача жуда оз сонли одамларда синалган холос.

“Биз фақатгина Россия вакцинасининг хавфсизлиги ва самарадорлиги бўйича хавотирланмаяпмиз, балки ҳозирда яратилаётган барча вакциналарнинг хавфсизлиги борасида қайғурмоқдамиз. Биз шошма шошарлик билан иш қилмоқчи эмасмиз. Яратилаётган вакциналарнинг қай даражада фойдали эканлигини ва улар ҳақида иложи борича тўлиқроқ бўлган маълумотни олишимиз учун вақт сарфлашдан қочмаймиз” дейди Смолвуд.

Олимларнинг фикрларига кўра, янги яратилаётган вакциналарнинг самарадорлигини аниқлашнинг ягона йўли уларни ўн минглаб одамларда синаб кўришдир. Ҳозирда Россиядан ташқари яна иккита мамлакат ўз вакциналарининг сўнгги босқич синовларини бошлаб бўлишган.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг