“Исонинг муқаддас юраги”

0
2128
Фото: М.Тошпулатова

Ўзбекистон -бағри кенг диёр мавзуси доирасида Тошкентдаги “Исонинг муқаддас юраги” Рим-католик черкови епископи Ежи Мацулевич билан ўтказилган интервью эътиборингизга ҳавола этилади.

Тошкентдаги кўзга кўринган меъморий обидалардан бири – “Исонинг муқаддас юраги” Рим-католик черковидир. Бу жойни кўргани борсангиз, яхшиси “Польский костёл” деб суриштиринг. Бу обида нафақат сайёҳлар, балки Ўзбекистон аҳолисининг ўзи учун ҳам ноёб, чиройли кўринади. Готика услубида қурилган ибодатхона Тошкентнинг ям-яшил фонида беихтиёр диққатни ўзига тортиб туради. Эски ТошМИ рўпарасидаги бу черков ҳақида интернетдан бир қанча маълумот топишингиз мумкин. Мен ҳам ўз мақоламда шаҳримнинг ушбу маскани ва унинг ичида кечаётган руҳоний ҳаёт, католик дини вакиллари ҳақида ҳикоя қилиб бераман.

Бироз тарих саҳифаларидан варақлаймиз.

III-IV  асрларда  Христиан дини Ўзбекистоннинг ҳозирги ҳудудида савдо-сотиқ ва Ипак Йўлининг ривожланши билан тарқалиб кетади.

XIII-XIV асрлар – Ватикан ва мўғул қабилалари ўртасида дипломатик алоқаларнинг йўлга қўйилиши билан Буюк Ипак Йўли бўйлаб митрополия ва епархиялар пайдо бўлади: Урганчда епископ Матфей (Франсискан); Самарқандда Манкасолалик епископ (Доминикан)каби.

Фото: М.Тошпулатова

XIX-XX асрлар – Католицизм ривожланишининг сўнгги тўлқини XIX асрнинг иккинчи ярмига тўғри келади. 1897 йил католиклар сони 11 мингдан ошади. (поляклар, литваликлар, чехлар, олмонлар, французлар, латишлар ва венгерлар). Бу бизнинг ерларимизда назарда тутиляпти.

1875 йил – Католикларнинг Туркистон ваколатхонасига костёлнинг қурилишига рухсат олиш учун биринчи мурожаати қилинади.

1884 йил – ҳарбий асирлар ва биринчи навбатда поляклар учун ибодатхонанинг қурилиши бошланади.  Шунинг учун ҳам черков ҳалигача поляк костёли деб номлаб келинади.

1902 йил – Юстин Бонавентур Пранайтиснинг (Санкт-Петербургдаги императорга қарашли Рим-католик Диний Академиясининг профессори) Туркистонга Куратор бўлиб тайинланиши. (Фарғона, Самарқанд ва Тошкентда костёллар қурилди) юз берди.

1905-1907 йил – Биби Марьям чақириғи остидаги вақтинчалик ибодатхонанинг қурилиши. 1966 йилда ибодатхонанинг харобалари кўчириб ташланди.

1912 йил – иморатнинг бетондан неоготик усулда қурилиши бошланди.

1917 йил – Пранайтиснинг вафоти билан ибодатхона қурилиши тўхтатилди. Иморат чала қолади. 1918 йил Архиепископ Э.Ропп Тошкентда расмий жамоа ташкил қилади.

Фото: М.Тошпулатова

1925 йил ҳукуматнинг коммунистик тузуми қарори билан Тошкентдаги католик ибодатхонаси давлат мулки қилиб олинди. Совет ҳукумати ибодатхонани хўжалик ишлари учун эксплуатация қилишади: омборхона, ётоқхона ва бошқа мақсадларда жойлашишади. Вақт мобайнида бино деярли хароб бўлади.

1934 йил Тошкентда католик ибодатхонаси бутунлай ёпилади.

1981 йил ибодатхона Ўзбекистоннинг тарихий архитектура ёдгорлиги деб эълон қилинади.

1990 йил – Рим -католик жамоасининг расмий рўйхатга олиниши.

Ўзбекистон Мустақилликка эришгач ибодатхона таъмирланишига киришилди. Польшадан Францискан ордени руҳонийлари келишди. 2000 йилда черков бошқа кўринишга келди.

Фото: М.Тошпулатоа

Костёл янги готика услубида бино бўлган. Ўрта асрлар Европа анъанавий готик услубидан фарқи – ибодатхона ичи ёруғлигидир. Анъанавий готика усулида ибодатхоналар дераза, дарчасиз бўлган, кичкина тешик-туйнукчалар бўлган холос. Солиштириш учун Париж Момо Хавоси ибодатхонасини эсланг. У ерда сунъий ёритилади, қуёш ёруғлиги тушмайди. Чунки у аслида жанговар истеҳком учун қурилган иншоот бўлган.

Тошкентдаги костёлда эса табиий ойнаванд витражлар ўрнатилган, улар махсус технология билан ясалган, гўзал, рангдор шишадир.

Черков қандиллари, панжара, эшик тутқичлари, шамдонлар, барчаси шу ерлик темирчи чилангар усталарнинг ишидир. Бугун мен шундай уста билан танишиб қолдим.

Шундай қилиб, 1991-2005 йиллар Тошкентдаги Католик ибодатхонасининг қайта тикланиши ва католикларга хизмат қилиш учун Ўзбекистонга биринчи Францискан Орденининг руҳонийлари келиши даври бўлди.

Фото: М.Тошпулатова

1997 йил – Папа Иоанн Павел II Ўзбекистонда “Миссиосуиурис” ни эълон қилади. “Миссиосиурис” Ординарийси Кшиштов Кукулка бўлади.

2000 йил Костёл “Исо пайғамбарнинг муқаддас юраги” чақириғи остидаги  Рим-Католик Маркази деб ном олади.

2005 йил 1 апрель муқаддас Папа Иоанн Павел II “Миссиосуиурис” нинг мақомини кўтариб, Апостол Администраторлиги унвонини берди ва унинг биринчи епископи Ежи Мацулевични (ОФМ Конв) тайинлайди.

Фото: М.тошпулатова

Бугун мен епископ пан Ежи Мацулевич билан учрашдим. Черковга келишим айнан католиклар ўтказадиган “Вербное воскресенье” кунига тўғри келди ва мессадан сўнг ўтказиладиган маросимнинг устидан чиқдим. Мен учун бу байрамни бошдан-охир кузатиш қизиқ эди. Одам ҳам кўп экан. Очиғи, Тошкентда бунча католик бор деб ўйламасдим. Ва бу готик архитектура ёдгорлиги доимо бўш туради, уни фақат туристларгина томоша қилиб кетади, деб ўйлар эканман.

Фото: М.тошпулатова

Бугунги кунда ибодатхонага 500 га яқин одам келади. 50 нафари хориж элчихоналари,  турли компанияларнинг Ўзбекистонда яшаб турган вакиллари, шунингдек, корейс ва поляк диаспораси, қолганлари маҳаллий руслардир. Якшанба кунлари у гуруҳларнинг ҳар бирига рус, инглиз, корейс ва поляк тилларида ибодат хизмати ўтилади. Епископнинг иши кўплигига ҳам амин бўлдим. Айниқса, Рождество ва Пасха байрамларида жуда гавжумликни кўрасиз.

Шу тадбирлар орасида Польша Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси пан Радослав Грукнинг шахсан кўмаги билан мен Ўзбекистон Католик черковлари Владыкаси Епископ Ежи Мацулевич билан суҳбат вақтини белгилаган эдик. Мен учун анчайин номаълум бўлган дин, маданият, эътиқод ҳақида интвервью олишга муваффақ бўлдим.

Фото: М.Тошпулатова

 

Ўзбекистон Католик черковлари Епископи Ежи Мацулевич:

Ибодатхонамизга келиб, ўзингиз гувоҳи бўлганингиздек, бизда “Вербное воскресенье” ҳафтаси бошланди. Бунда черковимиз диндорлари, ўсмирлар томонидан Исо Масиҳнинг хочга михланиши лавҳалари тайёрланади, Черковни айланиб, атроф ҳовлисида намойиш этилади. Исонинг азобланиши, хочга михланиши, ўша давр одамларнинг муносабати турли саҳналарда акс эттирилади.

Айтиш мумкинки, Ўзбекистон биз христианларга яхши муносабатда. Биринчи бор келганимда бундан ҳайратда ҳам қолганим эсимда. Мен Ўзбекистонга келгунимга қадар ҳам бунда кўп миллатлар яшашини тасаввур қилмагандим. Мана бу диёрда 17 йилдан бери яшаётган бўлсам, бирор марта ҳам ўзимга, динимга нисбатан тажовузкорона муносабатни сезганим йўқ. Аксинча, одамларда соғлом қизиқиш бор. Масалан, поездда кетаётганимда менинг руҳоний эканимни билиб қолган одамлар католик эътиқоди, Ватикан, кардиналлар ҳақида саволлар беришади. Нафрат ёки нохушликни ҳеч ҳам сезган эмасман.

Фото: М.Тошпулатова

Мен кўп йиллардан буён Ўзбекистон Диний Ишлар Қўмитаси кенгаши аъзоси бўлганим учун турли динлар ташкилотларининг етакчилари билан учрашувларга боришимга тўғри келади. Уларнинг ҳар бири билан яхши инсоний муносабатларимиз бор. Ҳар йили биз мусулмонларни Ҳайит, Рўза айёмлари билан қутлаймиз, улардан ҳам Христиан байрамлари муносабати билан табриклар оламиз. Жуда кўнгилни кўтарувчи ҳолат. Умид қиламанки, яхши муносабатлар шундай давом этади.

Фото: М.Тошпулатова

Аввалам бор Ўзбекистон– қадим Туркистонда бундай бағрикенгликнинг тарбияланиб бориши тарихи узоқ. Ўйлайманки, бу ўз муқаддимасини Буюк Ипак Йўли қатновларидан олган. Ўзбекистон айнан шу чорраҳада жойлашган ва нафақат мол-товар, балки маданиятлар, тиллар ва динлар учрашувларига замин бўлган. Буюк Ипак Йўлида турли миллат, турли дин, маданият вакилларини учратиш мумкин бўлган, айнан шу ҳолатлар бу диёрнинг инсонларида ажойиб тараққиётга, турли элатларни кўриб, уларга бағрикенг муносабатда бўлиш хусусиятларини шакллантириб борган.

Фото: М.Тошпулатова

Ўзбекистон ҳудудида барча катта динлар мавжуд бўлган дейиш мумкин. Зардуштийлик, яҳудийлик, христианлик, буддавийлик – буларнинг барчасини Ўрта Осиё ўзига сиғдира олган.

Мен яҳудийлар жамиятининг етакчиси билан гаплашиб тураман. У бу ерларда кўп асрлардан буён яҳудийлар яхши яшаб келганлигини, ҳеч бир қувғин қилишлар бўлмаганини таъкидлайди. Биламизки, яҳудийлар Испанияда қувғинлар қилинган, Германияда ҳам. Мен сизга айтсам, бир гал Туркияда бўлдим. Айтишларича, у ерда насронийларга муносабат Ўзбекистондагидек эмас. Менинг фикримча ҳам, бағрикенглик, меҳр-оқибат, яхши қўшничилик хислатлари ўзбекларнинг қон-қонига сингган. Турлича маданиятли, диндаги одамлар билан ёнма-ён яшаб кетаверишади. Кўчада оддий инсонлар билан гаплашиб қоламан.

Самарқандга борганимда мени бир таксичи йигит олиб юрди. Айтадики, бир ён қўшниси яҳудий, нариги қўшниси насроний экан. Барча диний байрамларини бирга-бирга нишонлайверамиз, бошимиз байрамдан чиқмайди, дейди. Оддий аҳолининг шу каби мурувватда яшаш тарзи, бу диёр нафақат ҳозирги кунда, балки доимо азалдан шундай бўлиб келганини билдиради.

Фото: М.Тошпулатова

 Мавлуда Тошпўлатова:

  • Пан Ежи, одамнинг дилида қайси динга эътиқод қилиши масаласида эркинлик бор. Бу аниқ. Аммо ҳар қандай диннинг ўз маросим, маъракалари бўлади. Аҳолисининг 97 % мусулмон бўлган Ўзбекистонда бошқа динлар, мазҳабларнинг маросимлари ўтказилишига бирон-бир монеъликлар йўқми?

Епископ Ежи Мацулевич:

Кўриб турганингиздек, эҳромимиз тарихий бино. 1912 йилда қурилиши бошланган. Самарқанд шаҳрида 100 йиллик черковимиз бор. Фарғонада 1905 йилда қурилган ибодатхона ҳали ҳам турибди.  Ўзбекистонда Католик черковининг 150 йиллик тарихи мавжуд. Исломгача христианлик, нисториан тарихи ҳам бўлган. 13-асргача монастырлар бўлган. Ислом кириб келгач, бу динлар йўқола борган. Лекин бу ислом бошқа динларни бўғиб йўқ қилди, дегани эмас.

  • Ўзбекистондаги черковлар, монастирлар, бутхоналар вайрон қилиб, бузиб ташланган ҳоллар бўлганми?

Епископ Ежи Мацулевич:

Фото: М.Тошпулатова

Ўзбекистонда бир даврлар қурилган черковлар ҳам сақланиб қолган. Ҳеч бири атай бузиб ташланган эмас. Йиллар давомида ачинарли аҳволда қолганлари бўлган, лекин вайрон қилинганидан эмас, вақт ўз таъсирини ўтказганидан бўлган. Самарқанддаги черков коммунистлар даврида спорт залига айлантирилган. Фарғонадагиси ёдгорликларни муҳофаза қилиш жамияти офиси бўлиб турибди. Бош Вазир бу бинони католик эътиқодчиларига берилишини айтди, ҳукумат бизнинг бинони тасарруф этишимизга қарши эмас, бу борада қўллаяпти. Черков биносига эса яхши қаралиб келинибди.

Агар телевизор кўрсангиз, менинг Пасха, Рождество арафасида Ўзбекистонлик католикларни табриклаган интервьюларимга кўзингиз тушган бўлса керак. Нафақат католикларни, балки барча аҳолини байрамлари билан табриклаш имконияти берилаётгани мен учун шарафдир.

  • Пан Ежи, епископ қандай тайинланади? Сиз – поляксиз. Католик черковининг Сиздан аввалги Епископи ҳам поляк бўлган экан? Ва нима учун Католик черкови Поляк костёли дея машҳур бўлган? Бунда айнан поляклик бирон роль ўйнайдими?

Епископ Ежи Мацулевич:

Тошкетдаги бу эҳромнинг Польский костёл деган номи кенгроқ тарқалган. Нима учун? Бу тарихий бинонинг ёнидан Салор анҳори оқиб ўтади. Бу атрофда поляклар кўплаб яшаган. Бу ерлар бир пайтлар марказ бўлмаган. Бу эҳромни қуришни бошлаган епископ Боневентура Принайтес ота Болтиқбўйидан бўлган. У I Жаҳон уруши даврида асир олинган ва Тошкентга жўнатилган полякларни черков қурилиши ишларида ёрдам беришларига рухсат сўраб, маҳаллий маъмуриятга илтимос билан мурожаат қилган. Бу ҳудудда Россия-Венгрия, 1-Жаҳон ва 2-жаҳон урушларидан сўнг кўплаб асирлар сақланган. Айнан Россия ва Австрия-Венгрия урушидан кейин поляклар кўп келтирилган.

Фото: М.Ташпулатова

Бу пайтда Польша йўқ эди. Унинг бир қисми Австро-Венгрия янги империяси остида, ярми Россия остида эди. Поляклар у томонда ҳам, нариги томон армиясида ҳам урушга қатнашган эди. Ана шунда асирга тушган поляклар бу эҳром қурилишига жалб қилинган.

Черковда ҳар якшанба кунлари турли тилларда хизмат ўтилади. Эҳром ҳамма учун очиқ. Келувчилар ҳам кўп. Кимлардир диндорлар бўлса, бошқалар турист бўлиб, ибодат ўташларимизни кўриш, томоша қилиш учун келишади.

Фото: М.Тошпулатова

Короновирус тарқалмасдан олдин сайёҳлар жуда кўп келишарди. Бир муддат уларнинг қадами узилди. Лекин, умид қиламизки, мана сайёҳларнинг янги оқимлари ҳам йўлга туша бошлади. Ҳозирча яқин атроф – Қозоғистон, Россия, Белорусдан келишяпти. Мен яқинда Португалиялик католик аёлни кўриб ҳурсанд бўлдим. Италиядан аввал кўп ташриф буюришарди. Улар учун буюк сайёҳ Марко Полонинг Ипак Йўли изларини босиб ўтиш қизикарлидир.

Фото: М.Тошпулатова
  • Пан Ежи, ибодат ўтказишдан бўш пайтларингизда руҳоний эмас, оддий инсон сифатида нималар билан шуғулланасиз?

Епископ Ежи Мацулевич:

Менинг бу ерда католик черковга алоқаси бўлмаган таниш-билишларим кўп.  Мусулмон биродарларим тез-тез қўнғироқ қилиб, дийдор кўришишга таклиф қилиб туришади. Мен Ватикан вакили эканим учун бу ерда дипломат ҳисобланаман. Сиз бугун куни билан иштирок этган черков хизматларидан ташқари дипломатик қабуллар, учрашувларга бораман.. Пандемия туфайли бир мунча қисқарган бўлса-да, у жойларга таклиф қилишади. Агар бирон бир мамлакат Президенти расмий ташриф билан Ўзбекистонга келадиган бўлса, дипкорпус мени Президент қароргоҳида ўтадиган дипломатик зиёфатга ва тантанали дастурхонларга чақиради. Мен шунингдек, конференция, семинарларда кўп иштирок этаман.

Фото: М.Тошпулатова

Рўпарамизда Эски ТошМи бор. Медицина Академияси билан дўстона муносабатлар ўрнатганмиз. Тиббиёт институтларига латин тили дарслари киритилгани боис, шифокор, медик, стомотологлар учун латин тили ўтилиши масаласида Ватикандан ҳамкорлик сўралди.

Фото: М.Тошпулатова/черковдаги деворданолинди

Энди Италиядаги католик университетлари ва бу ердаги Тил ўргатиш Маркази ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилди. Шу тариқа Тошкент тиббиёт институти билан дўстлашиб қолдик. Кўриб турганингиздек, менинг ишларим фақат руҳонийликдан иборат эмас. Дунёвий машғулотларим ҳам бисёр (кулади).

  • Ибодатхонага кирган одам ўзининг дунёнинг қайси нуқтасида турганини унутиб қўяркан…

Епископ Ежи Мацулевич:

Биласизми, яна бир нарса бор. Бу ерга одамлар ўз ҳаётий муаммолари, дуч келган мураккаб мушкулотлари ҳақида ҳасратлашиш учун ҳам келиб туришади. Улар маслаҳат, насиҳат, дуо олгилари келади. Мен бу черковнинг доимий ибодатчилари ҳақида эмас, бошқа одамларни айтяпман. У инсонлар ўз дардлари ҳақида бошқаларга айтишга истиҳола қиладиган кишилардир. Улар қайси динда эканидан қатъий назар, дарддош излаган одамлардир. Уларга шунчаки бирор яхши гап, кўнглиги кўтаргувчи калом айтсангиз бўлди. Шунчаки, одамни эшитиш керак холос баъзан.

  • Худо битта, унга элтувчи йўллар турлича холос...

Мени бир нарса мамнун қилди – мактаблардан гуруҳ бўлиб ўқувчи, талабалар турли динлар ибодатларини кўриш, ибодатхоналари билан танишишга келаётгани бўлди. Дарслари доирасида шундай машғулот киритилган. Улар Масжид, Православ черкови, Католик ибодатхонасини кўргани келиб туришади.  Руҳонийлар уларга эътиқодларнинг моҳиятини гапириб берадилар. Болалар динларнинг турлича эканлиги, дунёдаги турли динлар ҳақида тушунча оладилар.

  • Пан Ежи, Сизнинг Ўзбекистондаги миссиянгизни ким, қандай белгилайди?

Епископ Ежи Мацулевич:

Мен Ўзбекистон католик черковлари раҳбариман. Епископни Рим Папаси тайинлайди. Епископ 75 ёшда нафақага чиқарилади. Менинг пенсияга чиқишимга 8 йил қолди. Худо умр берса, насиб қилса яна 8 йил Ўзбекистонда бўламан. 75 ёшга киргач, епископ Рим Папасига мактуб жўнатиши керак. Агар унинг ўз ваколатини топширишини сўраб ёзган мурожаатини Папа тасдиқласа, вазифасидан озод этилади. Қолдириш ё қолдирмасликни Папа ҳал қилади. Агар яна бирор бир йил, икки йил ишини давом эттиришини сўраса , епископ ишида давом этади. Кам ҳолларда бир мамлакат епископини бошқа мамлакатга кўчирилади.

  • Епископ сифатида Рим Папаси билан тез-тез мулоқот қилиб турасизми? Ўзи Папа билан мулоқот қоидаси, тили қандай?

Епископ Ежи Мацулевич:

Рим Папаси билан итальян тилида гаплашамиз. Мен Италияда ўқиганман. Тошкентга келишимдан олдин Италияда хизмат қилганман.

Ҳар бир епископ дунёнинг қайси мамлакатида хизмат қилмасин, ҳар 5 йилда Ватиканга бориб келиши керак. Ҳозирги кунда епископлар сони кўпайган. Ва Папа билан кўришиш ҳар 8 йилда бўладиган бўлди. Мен Папа билан охирги марта 3 йил аввал кўришдим. Ўрта Осиёдаги барча епископлар Папа ҳузурига йўл олади. Ҳар бир руҳоний ўз черкови ҳақида гапириб беради. Папа дўстона муҳитда савол-жавоблар қилади. Мен марҳум Папа Павел II билан кўп кўришган эдим. Тошкентга келишим арафасида эса ҳозир истеъфодаги Папа Бенедикт 16 билан кўришган эдим. У билан мен епископ ўлароқ 2 марта учрашганман. Ҳозирги Папа билан эса 17 йил ичида 3 марта кўришдим. Католик черковимизнинг 5 приходи бор. Булар Урганч, Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Фарғона шаҳарларида. Ангренда ҳам бир приходимиз очилиш арафасида.

Фото: М.Тошпулатова

Католик черковини томоша қилар эканман, унинг қандиллари, шамдонлари ва умуман, темирдан қуйилган нимаики безак, тутқич, панжара бўлмасин, санъат асари эканига эътибор бердим. Худди атай қилгандек, очиқ чеҳрали киши самимий табассум билан мурожаат қилиб қолди.  “Мен шу черковнинг темир ишларини бажарган устаман”.

Фото: М.Тошпулатова

Владимир Пилипюк, Ўзбекистон Халқ усталари «Хунарманд» Ассоциацияси аъзоси:

Туғилган юртим Украина. Тюменда яшаганман. 1986 йилда Тошкентга кўчиб келдим. Чунки, бу ерда 1 хонали квартирам бор эди. Шаҳарнинг шу қисмидан, трамвай йўли бўйлаб ўтар эканман, ҳар сафар черков қурилиши кетаётганини кўрардим. Ўшанда черковга биринчи руҳоний ота Кшиштов Бхулко келган эди. Мен унга учрашиб, “Темирчиман, нима иш бўлса, ёрдам керак бўлса айтинг, қиламан”, деб айтганман. Шундай қилиб, ишим бошланиб кетган. Биласизми, черков қўнғироғининг тилини мен қуйганман. Франция элчиси бу черковга қўнғироқ ҳадя қилган эди. У провослав черковининг қўнғироғи бўлиб, католик черковига мослаб ясаш керак эди.

(Православ қўнғироқлари 5-12 та бўлиб, овози оҳангларга бой бўлади. Қўнғироқчининг усталиги катта роль ўйнайди. Ажойиб оҳанглар янграши учун қўнғироқлар танланиб чалинади. Католик черков қўнғироқлари эса 2-6 та бўлиб, обертонлари чекланган, босиқ, бой бўлмаган оҳангда бўлади. Бунда қўнғироқ чалувчидан маҳорат талаб қилинмайди).

Шунинг учун қўнғироқларнинг тилини бошқатдан эритиб, қуйганман. Оҳанг танланиб олиниши учун 8 хил вариантда қўнғироқ тили қуйганман.  Черковдаги эшикларнинг дастаклари, қандиллар, шамчироқлар, панжаралар барчаси менинг ишим. Мен аввал православ эдим. Кейин католик динини қабул қилганман. Мен булар орасида унча катта фарқ кўрмайман. Худо битта. Биз Яратганга ва Исога имон келтирамиз. Мен меҳнатим, ҳунарим билан эҳромга ҳисса қўшганимдан бахтлиман.

Фото: М.Тошпулатова

Анатолий, темирчи уста:

Мен Тошкентда туғилиб ўсганман. Ота-онам ҳам Тошкентда туғилганлар. Православ христианман. Ўзбекистонда менинг динимни ҳеч ким камситмайди. Худога шукур, черков ҳам кенгайяпти холос. Владимир менинг дўстим. У Украинага жўнаб кетиш ҳаракатида. Мен ўз юртимда қолар эканман, Владимирнинг черковдаги темирчилик ишларини керак бўлганда давом эттираман. Албатта бизнинг ишларимиз ҳақи тўланади. Инжилда “Ҳар бир меҳнат эвазига ҳақ тўланиши керак” дейилган. Меҳнатим маҳсулидан ҳар бир ҳунарманд каби мен ҳам бир ҳурсанд бўлсам, ишларим черковни безатиб турганидан икки бор мамнун бўламан. Агар диндор одам бўлмаганимда балки буни кўп ҳам ҳис қилмаган бўлардим. Черков учун нимадир фойда келтириб, дуо олиш мен учун бешак муҳимдир.

Фото: М.Тошпулатова

Мен костёлда учратган одамлар орасида роҳибалар ҳам диққатимни тортди. Доимо хизматга шай бу мурувват роҳибалари фаолияти қизиқарли туюлди.

Фото: М.Тошпулатова

Роҳиба Маргарита:

Мен черковда хизмат қиламан. Бизга фақат черков ҳудудида диний хизматларни қилишга рухсат берилган. Ташқарида диний фаолият юритмаймиз. Мен “Сёстры Матери Терезы” (Тереза момо роҳибалари) хизматиданман. 2 йил олдин владыка – епископ Ежи Мацулевичнинг чақириғига кўра Польшадан Тошкентга келдим. Биз бунда фақат католиклар ёки православларга эмас,турли инсонларга кўмак бериш учун юборилганмиз.

Дини, миллатидан қатъий назар, ёрдам сўраган, муҳтож инсонларга мурувват кўрсатишга шаймиз. Менинг вазифам камбағал оналарга, касалларга, ногиронларга, кекса, муҳтож кишиларга ёрдамлашишдир. Биз беморларнинг уйида, касалхонада, яраларини боғлашда ҳам ёрдам берамиз. Мен Ўзбекистон ҳукуматидан ҳам, ўзбек жамиятидадан ҳам миннатдорман. Бирор марта бўлса ҳам, бизга нисбатан ножоиз фикр, муносабат кўрмадик. Албатта қаерда бўлмасин, бизга қизиқиб саволлар беришади. Киммиз, нима иш қиламиз, одамларнинг буларга қизиқишлари бу жуда нормал ҳолат.

Тошкентдаги “Исонинг муқаддас юраги” Рим-Католик черковида 5 дақиқадан сўнг корейс диаспора учун месса бошланади. Епископ Ежи Мацулевич архиерей мантиясини кияди ва диндорлар учун хизматни бошлайди. Соат 17 дан эса Ўзбекистонда фаолият юритиб турган элчихоналар вакиллари ибодатга келишади. 

 

Мавлуда Тошпўлатова

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг