Ўзбекистонда динлар ўртасидаги ўзаро алоқа

0
935
Фото коллаж

Ўзбекистон диёри қадимдан кўплаб миллат ва динларга бешик бўлган. Давлатчилик тарихининг ўзгариши давомида турли маданиятлар ҳам маҳаллий аҳолининг турмуш тарзига таъсир қилган. Ислом дини кириб келгач, ўтган 1 минг 400 йил давомида дин маданият билан ёки маданият дин билан аралашиб кетгани замондошларимизнинг кундалик ҳаётида кўзга ташланади.

Албатта, ташқи маданият ва мафкураларга маҳаллий аҳолининг кўникиши осон бўлмаган, бунинг учун маълум бир вақт талаб этилган.

Бағрикенглик туркумидаги аввалги мақолаларимизда одамларга дин орқали бирор янгиликни тушунтириш осон ва ишончли усул бўлгани сабабли юртимиз тарихидаги мафкуравий ўзгаришлар даврида диндан тарғибот воситаси сифатида кенг фойдаланилгани ҳақида фикр юритилган эди.

Ушбу мақола орқали эса, сўнгги асрлардаги диний ва мафкуравий қарама-қаршиликлар ҳамда маҳаллий аҳолининг бошқа дин ва мафкуралар билан ёнма-ён яшашга ўрганиши жараёнлари ҳақида сўз юритилади.

Хусусан, XX аср бошларидаги жадидлар даврида бошқа динлар моҳиятини яхши тушунмаслик ёки бошқа дин вакилларининг маҳаллий аҳолига нисбатан муносабати сабаб баъзи қарама-қаршиликлар бўлган.

Масалан, хорижда таҳсил олган журналист ва юрист Убайдулла Асадуллахўжаев бошчилигида Тошкент шаҳрида чоп этилган “Садои Туркистон” газетаси саҳифаларидаги хабарлардан бирида “черков” сўзи ўрнига “бутхона” сўзи ишлатилгани сабабли таҳририят муҳаррири ва ходимлари судга чақирилади. Мутахассисларнинг фикрича, муаллиф бу сўзларни атайин эмас, балки тушуновчилик натижасида ёзган. Аммо мустабид раҳбарият бу сўзни ҳақорат сифатида қабул қилиб, ҳатто газетани ёпишга ҳаракат қилади.

Жадидчилик даврининг энг етук намоёндаларидан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий “Ойина” журналида чоп этилган “Туркистон” сарлавҳали мақоласида ўлканинг географик ўзига хослиги, аҳолиси, ҳудудлари ҳақида маълумотларни баён этиб, аҳолининг 95 фоизини мусулмонлар, қолган 5 фоизини эса насроний ва яҳудийлар ташкил этишини ҳам эслатиб ўтади (“Ойина” журнали, 1913 йил, 1-сони).

Орадан бир асрдан ортиқроқ вақтдан кейин ушбу маълумотлар ўзгарганини кўраман. Маълумотларга кўра, ҳозирги вақтда Ўзбекистон аҳолисининг 96 фоизини мусулмонлар, қолганларини христиан, яҳудийлик ва бошқа дин вакиллари ташкил этади.

Яна “Ойина” журналида чоп этилган Мирзо Қосимнинг “Андижонда арақхўрлик” мақоласида ичкиликбозлик танқид қилиниб, шаҳардаги дўконда 14 минг челак ёки 280 минг шиша ароқ сотилгани, ушбу сотилган ароқнинг 90 фоизини мусулмонлар, 10 фоизини эса насронийлар ичганини эслатиб ўтади (“Ойина” журнали, 1914 йил, 18-сони).

Жадидлар матбуотининг бир оз кейинги даврида айрим диний масалалар муҳокама қилина бошланади ва бу борада тарафларга бўлиниш ҳолатини кузатиш мумкин.

Масалан, Тошкент шаҳрида чоп этилган “Ал-Ислоҳ” журналида европача либосларни кийиш, мусулмонлар учун ноодатий таомларни истеъмол қилиш, ҳайвонларни сўйиш, метал қошиқ ва санчқида овқатланиш, стол атрофида стулда ўтириш, аёллар таълими ва либослари, мусиқанинг ҳалол ёки ҳаромлиги каби масалалар кенг муҳокама қилинади.

Вақт ўтиши билан, юртимиз диний масалаларда энг бағрикенг мамлакатлардан бирига айланди. Ҳозирги кунда турли диний эътиқоддаги инсонлар бемалол ибодат қилаётганларини, ёнма-ён яшаётганларини кўриш мумкин.

Динлар ўртасидаги муносабатлар нафақат кундалик ҳаётимизда ривожланмоқда, шу билан бирга, бу масала илмий томондан ҳам чуқур ўрганилмоқда.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси проректори, филология фанлари доктори, профессор Зоҳиджон Исломовнинг таъкидлашича, бошқа дин вакиллари, хусусан Рус проваслав черкови ва бошқа диний конфессия вакиллари, ташкилотлари билан Академиянинг жуда яқин алоқаси мавжуд.

Зоҳиджон Исломовнинг маълум қилишича, биринчидан, Академияда диншунослик ва жаҳон динларини ўрганиш кафедраси бор. Мана шу кафедра диншуносларни тайёрлайди. Диншунослик фақат исломшунослик эмас. Балки, дунёдаги мавжуд бўлган бошқа ноисломий конфессиялар фаолияти, манбалари, диний эътиқодлари ва ибодатларини ҳам мукаммал ўрганади.

Албатта бу мутахассисларимиз диний конфессиялар черковлари ёки диний ибодат ўтказадиган масканларига бориб, мунтазам машғулот ўтказади. Диний конфессия вакиллари бизда кўпинча маънавий-маърифий тадбирларимизда иштирок этиб келишади. Бу ердаги диний таълим муассасалари, демак, ноисломий конфессияларнинг диний таълим муассасалари, хусусан Тошкентдаги диний семинария ўқувчилари бу ерга келиб бизни талабаларимиз билан учрашади. Бизни дарсларимизда иштирок этади. Динлар билан боғлиқ бўлган илмий конференцияларда ишитирок этиб туришади. Энг асосийси ҳам бизни талабаларимиз у конфессия фаолияти билан яқиндан танишиш имкониятига эга ва улар у ерда эркин машғулотларни ташкил этади. Бу ерда етук мутахассисларимиз тайёрланган (Tarjumon.uz, 2022 йил 12 март).

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита маълумотларига кўра, бугунги кунда Республикамизнинг турли ҳудудларида жами 2325 та диний ташкилот адлия идоралари томонидан давлат рўйхатидан ўтган ҳолда фаолият олиб бормоқда. Шундан, 2122 таси исломий, 174 таси христиан диний ташкилоти, 8 таси яҳудий, 6 таси баҳоий жамоалари, 1 таси кришнани англаш жамияти, 1 таси буддавийлар ибодатхонаси ва 1 таси Ўзбекистон Библия жамиятини ташкил этиши ҳам мамлакатимиздаги диний бағрикенгликнинг намунасидар.

Ортиқхўжа Норов

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг