Индонезиялик олимлар Академиядa

0
496
Фото: Халқаро Ислом академияси матбуот хизмати

Хабар берганимиздек, юртимизда “Декларациялар мулоқоти” халқаро форуми бўлиб ўтди. Айни шу кунларда ушбу нуфузли анжуманга келган хорижлик меҳмонлар — турли дин вакиллари, таниқли диншунослар, дин уламолари, ҳуқуқшунослар, халқаро илмий-тадқиқот марказлари раҳбарлари, олимлар заминимизнинг диққатга сазовор жойлари, ташкилотлар ҳамда таълим муассасалари билан яқиндан танишмоқда.

Шу мақсадда, Ўзбекистон халқаро ислом академиясига Индонезиянинг Леимена институти ижрочи директори Матиус Ҳо раҳбарлигидаги делегация ташриф буюрди.

Фото: Ўзбекистон халқаро ислом академияси матбуот хизмати

Меҳмонларни Академияси Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Зоҳиджон Исломов, Халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиги Баҳодир Хужаев, “Диншунослик ва жаҳон динларини қиёсий ўрганиш UNESCO” кафедраси мудири Маҳфуза Алимова, кафедра ўқитувчиси Одилжон Эрназаров кутиб олди.

Фото: Ўзбекистон халқаро ислом академияси матбуот хизмати

Дастлаб меҳмонларга “Манбалар хазинаси”да сақланаётган нодир тошбосма асарлар, илмий ходимлар томонидан уларнинг тадқиқи борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. “Манбалар хазинаси” бўлими мудири Маҳаммадсидиқ Усмонов бу борада батафсил тўхталиб ўтди.

Фото: Ўзбекистон халқаро ислом академияси матбуот хизмати

Индонезиянинг Леимена институти ижрочи директори Матиус Ҳо ҳамда Индонезия Ислом университети профессори Амин Абдуллаҳ “Манбалар хазинаси” бўлимидаги фахрий ва ҳурматли меҳмонлар учун ажратилган – Эсдалик китобига ўзининг самимий тилаклари, дил сўзларини ёзиб қолдирди.

Фото: Ўзбекистон халқаро ислом академияси матбуот хизмати

Шундан сўнг, Академия мажлислар залида тор доирадаги учрашув ташкил этилди. Унда Индонезия ҳамда юртимиз вакиллари иштирок этди.

Академия Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Зоҳиджон Исломов томонидан делегатларга юртимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, буюк аждодларимиз номи билан фаолият олиб бораётган халқаро илмий-тадқиқот марказлари, соҳадаги таълим муассасалари ҳақида атрофлича маълумот берилди. Жумладан, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва унинг ҳузуридаги ташкилотлар, Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот, Малака ошириш, “Зиё” медиа  марказлари, Академик лицей, “Зиё-зукко” мактаби фаолияти меҳмонларда қизиқиш уйғотди.

Фото: Ўзбекистон халқаро ислом академияси матбуот хизмати

Академияда илмий йўналишдаги ишлар, докторантура босқичида изланиш олиб бораётган ёш олимлар, Малака ошириш маркази делегатлар диққат марказида бўлди.

Матиус Ҳо Ўзбекистонга илк бор келганини билдириб, ўз таассуротлари ҳақида гапириб берди.

— Ўзбекистон заминида ўтказилган “Декларациялар мулоқоти” форумида мамлакатимиз вакили сифатида иштирок этдим, — дейди у. — Форум доирасида юртингиздаги кўплаб тарихий қадамжоларни, сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилган кенг кўламдаги ислоҳотларнинг гувоҳи бўлдим. Айниқса, Самарқанд, Бухоро шаҳарларидаги сафарлар менда чуқур таассурот қолдирди. Жумладан, бугунги учрашув ҳам Халқаро ислом академияси фаолиятига бўлган қизиқишларимни оширди. Мамлакатларимиз ўртасида ўхшаш жиҳатлар кўп экан. Ўйлайманки, учрашув мобайнида ҳар икки томонларнинг фикр ва таклифлари асосида келгусида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаймиз.

Фото: Ўзбекистон халқаро ислом академияси матбуот хизмати

Дўстона ўтган мулоқот давомида меҳмонлар ўзлари фаолият юритаётган марказ ва таълим муассасалари фаолияти, мақсад, вазифалари бўйича маълумот беришди. “Декларациялар мулоқоти” форумидан олган янгиликлари, янги ҳамкорлар билан тажриба алмашилгани борасидаги фикрлари билан ўртоқлашишди. Меҳмонларга Академия раҳбариятининг эсдалик совғалари топширилди.

Фото: Ўзбекистон халқаро ислом академияси матбуот хизмати

Учрашувдан сўнг делегатлар Академия ҳудудида жойлашган муқаддас қадамжолар – Шайховантаҳур, Тўлабек (Қалдирғочбек) ҳамда Юнусхон мақбараларини зиёрат қилди.

 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Матбуот хизмати

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг